18 апрель куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов видеоконференция шаклида «Марказий Осиё — Хитой» ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолиятига масъул вазирларнинг биринчи йиғилишида иштирок этди, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, жумладан, савдо тартиб-таомилларини эркинлаштириш ва соддалаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, кўп томонлама савдо тизимини кенгайтириш, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида фикр алмашилди.

Лазиз Кудратов ўз нутқида «Марказий Осиё — Хитой» минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини, шунингдек, юк ташишнинг узлуксизлигини таъминлаш ва трансчегаравий логистика тармоқларини ривожлантириш бўйича тизимли ечимларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳудудлараро ривожланишни чуқурлаштириш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги ўсиш нуқталарини кашф этиш мақсадида 2023 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ҳудудлари раҳбарлари форумини ўтказиш таклиф этилди.

Рақамли савдони кенгайтириш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. «Рақамлаштириш даврида иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш дастури»ни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Унда минтақа мамлакатлари IT-парклари негизида «Интеллектуал Ипак йўли» қўшма платформасини яратиш кўзда тутилган.

Учрашув иштирокчилари имзоланиши режалаштирилган савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, «Хитой — Марказий Осиё» доирасида рақамли савдо соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандумлар муваффақиятли келишилганини қайд этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Марказий Осиё давлатлари ва Хитойнинг иқтисодий фаолияти иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасида саноат, инвестициялар, иқтисодиёт ва савдо соҳаларида ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ниятларини билдирди.