17 апрель куни ҳукуматнинг аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан тасдиқланган низомга мувофиқ, аэровокзал мажмуалари биноларига кириш жойларига яқин келиб тўхташ учун фақат йўналишсиз ва йўналишли таксиларга рухсат этилади. Шахсий автомобиллар ва жамоат транспорти йўловчиларни, ташриф буюрувчиларни олиб кетиш ҳамда олиб келиш учун мўлжалланган автомобиль тураргоҳи ва тўхташ жойларига йўналтирилади.

Шунингдек, эстакададан фойдаланиш учун йўловчи ташиш автотранспортларига рухсат берилади. Бунда енгил автотранспортларга эстакадада 5 дақиқагача ҳамда автобус ва микроавтобус автотранспорт воситаларига 10 дақиқагача тўхтаб туриши мумкин бўлади.

Барча турдаги автотранспорт воситалари аэровокзаллар мажмуалари чегарасидан 30 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилади.

Темир йўл вокзалларида кўздан кечиришдан ўтиш вақти йўловчиларнинг поездга чиқишга кечикиши учун шарт-шароитлар яратмаслиги зарур. Бироқ бунда кўздан кечириш вақтини қисқартириш мақсадида кўздан кечириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга йўл қўйилмайди.

Қарорга кўра, автомобиль ва темир йўл вокзалларида ташриф буюрувчиларнинг перронгача бўлган ҳудудда бўлишига ҳамда вокзал ва унинг ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади.

Ҳужжат билан қуйидаги низомлар тасдиқланди:

  • аэропортларнинг аэровокзал мажмуаларида ва вокзал олдидаги майдонларда хавфсизликни таъминлаш тартиби тўғрисида;
  • темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг темир йўл вокзалларида (станцияларида) бўлиши тартиби тўғрисида;
  • автовокзалларда (автостанцияларда) йўловчилар ва ташриф буюрувчиларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш, уларнинг автовокзалларда (автостанцияларда) бўлиши тартиби тўғрисида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропорти эстакадаси орқали автотранспорт воситалари ҳаракати 2021 йил 10 июлдан бошланганди.