Ижтимоий тармоқларда Хонобод шаҳар ҳокимлиги ходими пичоқлангани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Газета.uz»га муълум қилишича, пичоқланган шахс ҳокимият ходими эмас. У Республикадаги қўмиталарнинг бирида фаолият юритади. «Тергов жараёни ва шахсга ташқи таъсир бўлмаслиги учун унинг аниқ иш жойини очиқлай олмайман. Фуқаро тирик қолган», — дея маълум қилди Ҳаёт Шамсутдинов.

Андижон вилояти прокуратураси ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 15 апрель куни Андижон вилояти Хонобод шаҳрида содир бўлган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жиноят иши юзасидан 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган», — дейилади ахборотда.

Таъкидланишича, ҳозирда жиноят иши юзасидан Хонобод шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.