Якунига етаётган ҳафта давомида, аниқроғи, 12 апрель куни таниқли ўзбек ёзувчиси Мурод Муҳаммад Дўст 74 ёшга тўлди. Ўз вақтида президент Ислом Каримовнинг матбуот котиби, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбари сифатида ишлаган ижодкорнинг асарлари орасида «Лолазор» алоҳида ўрин тутади. Ёзувчининг таваллуд куни муносабати билан «Газета.uz» 1970−1980 йиллардаги турғунлик даврининг маънавий, иқтисодий ва сиёсий таназзулидан ҳикоя қилувчи романдан парчалар беради.


Қирқ олтинчи йилнинг баҳори тугаб, ёз фасли кирганида Ҳотам Шўро унга битта от бериб, даштга бригадир қилиб чиқарди. Устида сарғайган аскар гимнастёркаси, ўттизта аёл, беш-олти ўсмир, учта чолу битта қўли йўқ ҳисобчига бош бўлиб юрди. Бўш қолди дегунча, сиёҳқалам олиб бир балоларни ёзарди. Колхозчилар ҳайрон бўлардики, наҳотки, қирқта кишининг меҳнат кунини ҳисоблаш шунча қийин бўлса? Ёшгина тул жувон бўларди, оти — Кунсулув эди, қирқ тўртинчи йилда эрга теккану чилласини ҳам чиқармаган. Айниқса, шу синчков эди, неча меҳнат куни олганини билмоқ истаб, нуқул писиб келарди-да, елка оша қарарди. Яхшибоев уни сезиб қолса, бас, Карим ҳисобчидан ялиниб олган қалин дафтарини шартта ёпарди. Вой, бўйнингизда чумоли юрибди, деб хитоб қиларди Кунсулув, келинг, ўзим олиб ташлай… Олиб ташларди ҳам. Ҳар гал чумолини олиб ташлаганида Яхшибоевнинг бўз тани жимирлаб кетарди. Кунсулувнинг кўзлари ўткир эди, чумолию майда-чуйда қўнғизчаларни топишга уста эди. Чумолидан қўрқарди шекилли, ҳар гал йигитнинг бўйнида олиб ташлаётганида бармоқлари титраб-титраб кетарди, нафаси иссиқ эди унинг, гўё тепангда битта эмас, иккита қуёш куйдириб тургандай… айниқса икки ўрим сочи бўйнингни илондай ўрагани ёмон эди.

Яхшибоев чидарди. Ким билсин, бошқачароқ тақдирдан умид бўлганми ўшанда… Уяларди, Кунсулувдан қочиброқ юрарди, атай ўзини аёллар кўпроқ жойларга урарди, атай довдирроқ қизларга хушомад қиларди. Довдир қизларнинг юзлари нақш олмадек қизаришини кўринг эди. Энг хунуклари ҳам малика бўп кетарди ўшанда!.. Раҳми келарди уларга, иложи бўлса-да, бир юмалаб қирқта йигитга айланса, қирқта қирқин қизга уйланса, қирқини ҳам бахтли қилса! Лекин бирига ҳам дахл қилмади-ку? Сабаби не? Виждон зўрлигими?

Энди ишонгинг келмайди. Энди у гапларга сал енгилроқ қараш мумкин. Лекин унда қийинроқ эди… Бир куни пешинда, хирмонда дон совуриб, ҳориб-чарчаб, шабада тинган пайтида сомон ғарамига ёнбошлаганча ухлаб қолди. Нафаси қайтиб уйғонди. Кўрса, устида Кунсулув ётибди, икки қўлини юзларига маҳкам босган, елкалари қалт-қалт титраган… Илкис силкиндию тагидан сирғалиб чиқди. Аёл ғарамдан пастга думалади. Думалаган пайтида ҳам қўлларини юзидан олмади. Пастга тушиб, тупроққа беланди.

— Миянг жойидами, чилласи чиқмаган тул! — деб бақирди Яхшибоев.
— Чиллам чиқмагани рост, — деди аёл тупроққа беланиб ётган жойида. — Чимилдиғим ҳам йиғилгани йўқ.
— Чимилдиқ — эскилик сарқити! — деб бақирди Яхшибоев.
— Мен ўзим сарқит эмасман-ку, акажон!.. — деди Кунсулув. — Яхши кўрсам, нима қилай, акажон?! Опкетинг мени, майли, қаёққа десангиз ҳам кетавераман, опкетсангиз бас…
— Эсингни йиғ, бор, машоғингни тер! Эл нима дейди, ўйламадингми, энағар?
— Қиз кўп-да, а? Туллигимдан ҳазар қиляпсизми?
— Уруш, Кунсулув, уруш… туллигингга мен айбдор эмасман.
— Қиз бўлсам қарардингиз!.. Қизман мен, акажон, ишонмасангиз… ана, похолга ётқизиб кўринг!
— Энди шу гапни элга ёйишинг қолди. Уятинг йўқ экан, Кунсулув!
— Элга ёймайман, сиз билсангиз бас-ку, акажон!.. Ўн гулимдан бир гулим очилмаган, акажон! Тозаман, акажон, Нуъмон аравакаш опкеладиган сувнинг ярмини ким ўғирлашини билмайсиз-да!.. Гўримга ғишт қалайди, лекин мен на қилай, акажон, кўнглим сизни тусаса, мен бечорада не айб?.. Ё сизга бир бало бўлганми, акажон, нега ҳеч қарамайсиз?!

Яхшибоевнинг юзига қон тепди. Бир хаёли тупроққа беланиб ётган аёлни шарт кўтариб, ғарамга босиш бўлди, лекин… Лекин бу истак ғазабдан эканини сезиб турди. Бундай жўн истак ҳам бордай эди, аммо одамлар кўришидан чўчиди. Чўчимаганида ҳам ҳамма нарса аён эди. Кунсулув энди ўзиники, аламзадалик қилмаса, бас, қасдлашмаса, бас — ўзиники!..

Секин бориб, аёлни ердан турғазди. Сочига илашган хас-чўпларни олиб ташлади. Чанг босган кичкина дағал қўлини олиб, секин лабига босди — китобларда ўқиган эди, олти йил урушиб ҳам эсидан чиқмаган экан! Аёл бечора унга анграйиб тикилди, сўнг шоша-пиша кўйлагини қоқа бошлади.

— Шошмайлик, Кунсулув, — деди Яхшибоев. — Биламан, сен яхши… қизсан, лекин сал шошмайлик. Мениям кўнглим тусайди сени…

Шундай дедию шарт қайрилиб, ангорга оралаб кетди. Сал ўтмай шудгор бошланди. Бир гектарча жой эди. Хотин-халаж билан бирлашиб, шунига жойни шудгор қилиб, қовун-тарвуз уруғини қадаган эди. Палаги узайиб қолган экан, билиб-билмай, яшил пайкални эзғилаб, бандларини узиб кетаверди. Шудгордан нарига ўтганида, ортидан от дупури эшитилди. Қараса, Ҳотам Шўро…

— Нима қиляпсан, энағар чўпоннинг боласи! — деб бақирди раис. — Кўкка кўзинг ўрганмаган-да а? Битта аёл боқмаса, шунинг қасдига палакни узасанми палакат?!

Яхшибоев ҳайратланиб тикилди унга. Тикилдию дарров тушунди — раиснинг бўйнига кичикроқ дурбин осилган экан.

— Ҳолингга қараб юр, бола, йўқса нақ кўзингни ўйиб оламан!
— Э, менда нима айб! — деб қичқирди Яхшибоев. — Ўзи кеп тирғалди-ку?..
— Шундайми?.. — деди Ҳотам Шўро сал ўйланиб. — Кунсулув эдими?
— Ўша, бошқа ким бўларди!..
— Номардлик қилма, — деди Ҳотам Шўро. — Кўнглинг бўлса, уйлан шунга. Яхши нарса лекин, тул қолган-у, бўй қизларга бўй бермайди. Уйлан, итдай хизматингни қилади… Уйлан, энағар, қизлигини қовуриб ейсанми?
— Гап-сўз кўпаяди.
— Гапдан қўрқасанми ҳали? Э укам, билмабсан-да, бу, одамзод дегани Одам Ато замонидан бери гапиради-ку? Жағи тинганини ҳеч бир эшитганмисан? Уйлан-да, номард, Кунсулув бўлмаса — Ойсулув, тул бўлмаса — бўйдоғи, қачонгача белга бойлаб юрасан, баччағар? Шунча хотин-халажнинг орасида юриб, ҳамманинг кўнглини бузасан-ку? Эгали бўл-қўй! Нима қиласан, уларни ҳам, ўзингни ҳам қийнаб?..

Яхшибоевнинг унагиси бор эди. Унагиси борки, бир куни онасига маслаҳат солди: мен шу Кунсулувга уйлансам, эна. Она бечоранинг жаҳли чиқди. Оринг борми, деб қичқирди, шунча бўй қиз турганда Кунсулувга уйланасанми? Яхшибой чўпон аксинча, жўяли қилиб гапирди: қўй, кампир, буни уришма, азбаройи одамлигидан бу, бир тул бечорага қайишганидан, нега ўғлингни койийсан, ахир, урушни очган у эмас, гирмон қисталоқ-ку? Гирмонни ер ютсин, деб қарғанди она, ўғлим омон келганига яраша тенгроғидан топсин-да, отаси, сатта (юзта) қиздан сайлаб олмайсанми?

Яхшибой чўпон ўлгудай содда одам эди. Кечқурун ўғлини ёлғиз қилиб, секин маслаҳат бердики, элу юртнинг удуми шу, болам, агар шу Кунсулувга кўнглинг кетган экан, аввал мундайроқ бир қизга уйланиб, кейин бўйида бўлмасидан ҳайдаб юбориб, расми-русмини келтириб, ундан кейин Кунсулувнинг ўзига оғиз солсанг бўлмасмикин, Назарбой?.. Яхшибоевнинг жаҳли чиқди: бўлмағур урфни деб яна бир бечорани қурбон қилиш нимаси, ота? Яхшибой чўпон пинагини бузмади: мундайроқ бир хунугига уйлансанг ҳеч нарса бўлмас, болам?.. Ўғил баттар ғазабланди: бориб турган хурофот бу, ота! Яхшибой чўпон ҳам бўш келмади: менинг бўлганим шу, болам, сут билан кирган эди, энди жон билан чиқади!

«Мен-чи? — деб сўради ўшанда Яхшибоев алам билан. — Сизнинг болангизман-ку, нега мен ўзгара олдим-у, лекин сиз…»

«Сен сутнинг устидан ароқ ичиб қўйгансан, болам».

Отанинг хурофоти ҳам, элу юртнинг урфу удумлари ҳам — бариси ўз йўлига. Кейинчалик Яхшибоев худди шу мавзуда — бўй йигит эр қилган хотинга уйланиши мумкинми ёинки бева эркак қиз болага уйланиши мумкинми — ёзилган семиз-семиз китобларни ўқиб кулади, ўша китобларни таҳлил этиб неча-неча газетаю журнал саҳифаларини банд этган танқидчилардан ҳам кулади. Мажлисларда сўзга чиқиб, э нодонлар, адабиётнинг вазифаси — муайян одамнинг иффатига қоровуллик эмас, деб айтади, адабиёт виждонни муҳофаза этади, холос, иффат ҳам, ғурур ҳам, нафосат ҳам шунда!..

Айтади-ю, лекин гапларига ҳам ўзи ҳам ишонмайди. Энди бу гаплар унчалик тўғри келмайди. Унинг ўзига тўғри келмайди…

«Лолазор» романининг 1988 йилда чоп этилган биринчи нашри. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

***

Қўлидаги трубка зириллаётганини пайқади, демакки, ғўзашунос чол ҳам жавраяпти. Қулоқ солиб ўтирмади. Микрофонга бир-икки қаттиқ чертди-да, чолнинг унини ўчирди.

— Александр ака, — деди кулиб. — Мен умримни яшаб бўлдим, ташвишим қолмади. Сиз ҳали ташвиш қилсангиз ярашади, сиз эндигина юзга киряпсиз, ҳали неча-неча гулларингиз очилмасдан турибди. Тезроқ ҳаракат қилинг, ўртоқ Шоймардонов? Нега жимсиз?..
— Гапираверинг,. — сустроқ жавоб келди трубкадан.
— Бировга завол тилаш — гуноҳ. Завол тиламайлиг-у, шунчаки завол фурсатини тасаввур этайлик. Назаримда, сиз аллақачон тасаввур этиб улгурибсиз, Александр ака, гапимни тез ва осон тушунасиз.
— Хўш-хўш? — ғўзашуноснинг овози бирдан жонланди.
— Дўстим қазо қилса ёки амалдан кетса, бас, уни сўкадиганлар шу қадар кўпаядики, четроқда индамай турганлар анча жўяли бўлиб туюлаверади. Ҳақиқий жабрдийдалар қолиб одоб юзасидан четга чиқиб турадилар, Александр ака, сизу менга ўхшаган дўстлари, кимки унинг ялоғидан тўйиб ювинди ялаган бўлса, ўшалар кимошди савдога қўйиб сўкади!..
— Фолингиз даҳшатли-ку, Назар Яхшибоевич? — дея пихиллади Шоймардонов. Балки ўнгидан келмас?..
— Кулма, жипириқ! — деди Яхшибоев. — Сенга қолганда ўнгидан келади! Э, сенинг ота-бобонгнинг суякларига!..

Сўкишини Шоймардонов эшитдими, йўқми, дуруст англамади — узуқ гудок чалиниб қолди. Майли, деди, ғўзашунос ҳисобмас, ўзим билан ўзим гаплашдим асли. Умрдан қисмаса бўлди, ҳаммасини кўрамиз. Сўкадиганлар кўп. Ҳали от ўғрилари ҳам Ошнодан жабр чеккан бўлиб чиқажак. Замон зайлини энди кўраётганим йўқ. Шундай пайт келадики, мурғак қизчаларни бузган моховлар ҳам маразларини Ошнога чаплайди! Лекин мен индамай тураман. Ажабмаски, сукутим боис одамларга фаришта бўлиб туюлсам. Менга тегишмадйи. Тегишолмайди. Сабаби — ёшим улуғ, боз кейин мен унчалик ҳам ёлғиз эмасман. Ошнонинг пойига патак бўлганлар оз эмас. Ошнони ётиб еганлар-чи? Жуда кўп улар! Бири дала ҳовли олган, бири машина олган, бири — унвон, бири — нишон!.. Худо урибдими! Ошно тугул, Ошнога маъқул кимсаларни, хусусан, Тўпорини, Ёшуллини, марҳума Қурбоной қизимизни мақтаганлар сон мингта. Уларни қўяйлик, менинг ўзимни мақтаганлар-чи? Йўқ, менга дахл қилишолмайди. Дахл қилишгандаям, бир чўқишда қочираман уларни!..

***

Яхшибоев бирдан тетик тортди. Нариги хонага ўтиб, телевизорнинг мурватини буради. Ахборот берилаётган экан. Байроқлар билан безалган бинони кўрсатишди. Сўнгра байроқлардаги қизғиш ёғду одамларнинг уст-бошига, кенг майдонда тизилган самолётларнинг қанотларига кўчди. Ўнг бурчакдан ерга қўнаётган яна бир самолёт кўринди. Сўнг — Ошно, бошқа расмий кишилар, ёрдамчилар, қўриқчилар, гул кўтарган кашшофлару комсомоллар… катталар олдинда, кичиклар орқароқда… биргалашиб пешвоз юрдилар.

Диктор хотин эълон қилдики, узоқ мамлакатга кетатуриб Тошкентда қисқа муддат тўхтаб ўтувчи зотни кутиб олиш маросими бўлди. Яхшибоев Ошнонинг Бухородан нега ошиғич қайтгани сабабини энди англади. Курси қўйиб, тузукроқ жойлашиб ўтирди. Ниҳоят, самолёт яқинроқ келиб тўхтади. Ўзиюрар зинапоя ғириллаб бориб самолёт қорнига тақалди. Эшик очилиб, аввалига кўк кийимли соҳибжамол қиз, сўнг Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот кўринди. Пастга илдам тушиб келди. Ошно, юзида табассум, олға юрди, қучоқ очди. Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот негадир ачомлашмади, фақат қўл узатди. Шу лаҳзада камера Ошнонинг юзини катта қилиб кўрсатдики, Яхшибоев унинг саросимада эканини аниқ-тиниқ кўрди. Кейин Ошно ёйилиб табассум қилди. Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот ҳам илжайди. Лекин Яхшибоев ҳали-ҳануз Ошнонинг юзидаги таҳликаю саросимани кўриб турарди.

Тамом, деб ўйлади, анави ёрдамчиси рост айтган экан, энди барибир улгуролмаймиз. Иккови нуқул ачомлашиб юрарди, икковининг дўстлигию иккови мансуб халқларнинг дўстлигини манзума ҳам қилиб эдик, бас, бутун ачомлашмаган экан, Ошнонинг куни битгани аниқ.

Диктор хотин Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот билан Ошнонинг қисқа муддатли суҳбати тафсилотини хабар қилдики, Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот республика меҳнаткашларига меҳнатда омад тилади, қолган бир миллион тонналик мажбуриятни ҳам ўз вақтида ва нест-нобуд этмасдан йиғиб-териб олишларига юксак ишонч билдирди.

Сўнг айтдики, Тошкентда Қисқа Муддат Тўхтаб Ўтувчи Зот «…шу куннинг ўзидаёқ қўшни мамлакатга жўнаб кетди».

Яна айтдики, Ошно ҳам «…пахтакорлар ҳузурига жўнади».

Яхшибоевнинг мазаси қочди. Курсидан туриб, иҳрана-иҳрана ичкари хонага ўтди. Ўринга чўзилди. Худ-бехуд бўлиб, тўшакда тўлғаниб ётаверди. Сал ўзига келиб, концерт садоларини эшитиб, телевизорни ўчиришни унутганини сезди:

Ўзбекистонда бугун ҳамма — пахтакор!..

Энағар шоирлар ҳам оғзига келганини ёзавераркан-да, деб хаёл қилди, эски йўқми буларнинг, уялмайдими?

— Ошно пахтакорлар ҳузурига жўнаб кетди, — деди овоз чиқариб. — Пахтакорлар ҳузурига бориб нима қилади, лойдан чиқариб берадими? Ҳосил барибир йўқ-ку? Ёки воҳа раҳбарларининг тепасида туриб олиб, қўшиб ёзасан, деб талаб этадими? Ў, энағар Ошно! Қаноат қилсанг нетарди? Айтсанг бўлмасмиди ўша Катта Пахтакорингга, қўлимдан келмайди, деб? Қарғишга қоламан, деб?! Силаб-сийпала эди, жуда кўнавермаса, унгаям бирорта тилла ҳайкалча совға қил эди!.. Йўқ, қўрқасан! Пахта нархи ошсин, дейишганида, пахта жуда кўп-да, давлатимиз зиён кўради, деб айтган давлатпарвар ҳам сен ўзинг!

Қаҳри келди. Тасаввур этдики, Ошно айни лаҳзада пахта даласида. Дала — қоп-қора, поялар — шип-шийдам, чаноқлар — бўм-бўш, Ошно ўзи совуқда дийдираган… Э, қорайган ер қолдими ўзи, деб ўйлади, ҳаммаёқ туздан пес бўп қолди-ку! Шўр босган далага қўяман Ошнони. Оппоқ шўр босган далада, оппоқ шўрни ҳидлаб, оппоқ шўр кўзларига оппоқ пахтазор бўлиб кўриниб турса… ўлса… бундан ҳам ортиқроқ шараф борми ўзи?!

Чўчиди — гўё кўнглидагини биров ўқиб тургандай. Қулоғига ашуланинг авжи кирди:

Тўйдириб қуй қадаҳларни, янграсин алёр,
Халқлар — озод, Ватан обод, ҳамма — бахтиёр!..

Эшитмаслик учун бошини ёстиққа буркади. Ёстиқ ости тошдай қаттиқ эди…