15 апрель куни Тошкент вилоятининг Паркент тумани Красногорск (Қизилтоғ) шаҳарчаси аҳолисига қулай ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун қатор йўналишларда автобус қатновлари йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Красногорск-Сўқоқ-Чанги-Паркент, Красногорск-Янгибозор-Тошкент ҳамда Красногорск-Янгибозор-Нурафшон йўналишида узоқ йиллар давомида тўхтаб қолган автобус ҳаракатлари фаолияти қайта тикланди.

Вилоят Транспорт бошқармаси томонидан Қизилтоғ қишлоғи-Паркент АШБ шаҳар атрофи автобус йўналиши 3 та ҳаракат жадвали билан, Невич маҳалласи-Роҳат-Қўйлиқ 5-метро бекати (Қизилтоғ қишлоғи орқали) шаҳар атрофи автобус йўналиши 7 та ҳаракат жадвали билан ҳамда Қизилтоғ қишлоғи-Нурафшон АШБ шаҳар атрофи автобус йўналиши 1 та ҳаракат жадвали билан ташкил этилди.

Таъкидланишича, ушбу йўналишларда фаолият олиб бориш вазифаси «Красногорск авто хизмат» МЧЖга юклатилди. Ҳозирда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор томонидан ҳар бир йўналишга 4 тадан транспорт ажратилди. Кейинчалик йўловчи оқимини ҳисобга олган ҳолда автобуслар сони кўпайтирилиши режалаштирилган.

«Ушбу йўналишларда қатновларнинг йўлга қўйилиши натижасида юртдошларимиз учун туризм қишлоғи бўлган Красногорск (Қизилтоғ)га Тошкент шаҳри Қўйлиқ мавзесидан, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳридан ҳамда Паркент туман марказидан тўғридан-тўғри автобусларда етиб олиш имконияти яратилди», — дейилади хабарда.