Ўзбекистонда помидор нархи бир ҳафтада 33 фоизга тушиб кетди ва бу пасайиш тенденциясининг бошланиши ҳисобланади, деб хабар бермоқда Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудудларида мева, сабзавот, ёнғоқ ва резавор бозори ҳақида маълумотлар берувчи EastFruit портали.

Қайд этилишича, сархил помидорнинг улгуржи нархи сўнгги бир ҳафтада кескин пасайди, пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи 32 фоизга, қизил думалоқ помидор эса 33 фоизга арзонлашди.

EastFruit экспертларига кўра, қизил думалоқ помидорнинг улгуржи нархлари кетма-кет иккинчи ҳафта пасайгани ҳисобга олинса, сўнгги икки ҳафта ичида ушбу маҳсулот деярли 40 фоизга арзонлашган.

Бозор иштирокчиларининг фикрича, бу ички бозорда сархил помидор бўйича таклиф кескин ўсиши билан боғлиқ. Иссиқхоналардан мазкур турдаги маҳсулотни етказиб бериш ҳажми кўпайган ва, шу билан бирга, мамлакатнинг жанубий вилоятларидан плёнка остида туннель усулида етиштирилган помидор ҳосилининг биринчи улгуржи партиялари ҳам бозорга чиқди.

EastFruit`нинг нархлар мониторингига кўра, 7 апрелдан 14 апрелга қадар қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 33 000 дан 22 000 сўмгача пасайган. Ушбу маҳсулот нархи кетма-кет иккинчи ҳафта пасайиб бораётгани инобатга олинса, 31 мартдан 14 апрелгача қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 36 000 дан 22 000 сўмга, яъни охирги икки ҳафта ичида 39% га пасайган.

Шу билан бирга, жорий улгуржи нархлар ўтган йил даражасига яқинлашди, 14 апрель ҳолатига кўра, ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидагидан 16 фоизга юқори.

Пушти помидор нархининг пасайиши фақат шу ҳафтадан кескин тарзда бошланди. 7 апрелдан 14 апрелга қадар ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 38 000 дан 26 000 сўмга, яъни бир ҳафта ичида 31,5% га пасайган. Бироқ қизил думалоқ помидордан фарқли ўлароқ, жорий улгуржи нархлар ҳали ҳам ўтган йилги даражадан анча юқори. 14 апрель ҳолатига кўра, пушти помидорнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу санасидан 1,5 баробар юқоридир.

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг йирик экспортёри — GDF Export компанияси тижорат директори Ҳусан Ҳайдаровнинг фикрига кўра, сўнгги бир ҳафтада сархил помидор нархи бундай кескин тушиб кетишига ички бозорда етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошгани сабаб бўлди.

«Аномал совуқ об-ҳаво чекиниши билан тахминан январь ойининг учинчи ўн кунлиги ўрталаридан бошлаб, иссиқхоналарда газ босими аста-секин тиклана бошлади. Январь ойидаги аномал совуқ туфайли ҳосилни бой берган иссиқхоналарда январь ойи охири — февралнинг бошида яна помидор кўчатлари экилди. Вегетация даврини инобатга олсак, мазкур иссиқхоналарда ҳозир помидор ҳосили йиғим-терими бошланган ва бу маҳсулотнинг илк улгуржи партиялари бозорга чиқа бошлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда март ойининг иккинчи ўнкунлигида қизил думалоқ помидорнинг ўртача улгуржи нархи 29 фоизга ва ўтган йилга нисбатан деярли 2 бараварга ошганди. Маҳсулот нархининг ошишига январь ойидаги аномал совуқ сабаб сифатида кўрсатилган.