Ўтган ҳафта «Маданият ва маърифат» телеканали «Карвон» номи билан қайта ташкил этилиши кутилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси ЎзМТРК ҳамда Маданият ва туризм вазирлиги томонидан эълон қилинди. Ҳужжат лойиҳасида телеканал вазирлик тизимига ўтказилиши белгиланган. Бу эса жамоатчилик норозилигига, айниқса, зиёли қатламнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Шундан сўнг вазир Озодбек Назарбеков «Маданият ва маърифат» телеканалининг тугатилиши юзасидан видеомурожаат қилиб, фаолларни ҳамкорликка чақирди. Жамоатчиликдан таклифлар эшитишга тайёр эканлигини маълум қилди. Вазир мурожаатидан кейин ҳам танқидлар тўхтагани йўқ. Зиёлилар тармоқларда ўз эътирозларини билдиришда давом этди. 13 апрель куни Озодбек Назарбеков телеканал номида ўзгариш бўлмаслиги, мавжуд кўрсатувлар сақлаб қолинишини маълум қилди.

«Газета.uz» ўзбек зиёлилари ва «Маданият ва маърифат» телеканали ходимининг канал ривожига оид таклифларини эшитди.

«Вазир эртага ўзини ҳукмини ўтказмаслиги керак»

Гулмира Мусажонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Маданият ва маърифат» телеканали катта муҳаррири:

— Ҳозир йўлда келаётиб, вазир баёнотини ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Лекин барибир ҳам хурсанд бўлишга ҳали эрта. Чунки канал номи сақланиб қолингани билан эртага унинг моҳияти, яъни «Маданият ва маърифт» телеканалининг консепциясида айтилган ҳамма нарса борича, тўлиқлигича сақланиб қолиниши зарур. Биз ўзимизнинг вазифаларимизни: адабиёт, санъат, илм-фан каби асл, тоза ва тўғри нарсаларни тарғиб қилишда давом этишимиз лозим.

маданият ва маърифат телеканали, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбек зиёлилари

Гулмира Мусажонова. Фото: Маъмуржон Обрахматов / «Газета.uz»

Ҳозир [вазир] ҳўп-ҳўп, деб аста-секин ўзига оғдириб олиб, эртага ўзини ҳукмини ўтказмаслиги, «Келинглар, [телеканал лойиҳаларини] сал енгиллаштириб, соддалаштирайлик, бизга рейтинг керак», деган гаплар айтилмаслиги лозим. Бир йилдан кейин телеканал даражаси баландга кўтарилиши, бу вақт ичида ўзини позицияларидан чекинмаслиги керак. Аммо менда шундай хавф бор: вазирлик тизимига ўтамиз, иш бошлаймиз ва телекнал консепциясига ўз ҳукмини ўтказишни бошлайди. Ҳаётда бундай ўйинлар кўп бўлади. Бошида розилик берилади, кейин келган раҳбар ўз ҳукмини ўтказишга ҳаракат қилади.

«Жамоатчилик билан ҳисоблашиш керак»

Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири:

— Бугун жамият, мамлакат янгиланиш, яхшиланиш йўлига кириб боряпти. Бу борада катта-катта инсоний ислоҳотлар бўлиши табиий. Бу ислоҳотларда манфаатдор бўлган томон бор. Буни номини халқ дейди, жамотчилик дейди, жамият дейди. Солиқ тўловчи деб қўполроқ қилиб айтмадим. [солиқ] тўлаганидан кейин жавоб сўрашга ҳақи бор. Шунинг учун бирор ўзгариш қилганда албатта, жамоатчилик билан ҳисоблашиш, уларнинг фикрини билиш керак.

Гулмира Мусажонова:

— Инсон оддий бўлим ёки телеканал раҳбари бўлсин, унга кўп нарса боғлиқ бўлади. Унинг журъати, жасорати, билими, қилаётган иши ва ўзини ходимлари учун, кўзлаган мақсади учун охиригача туриб бериши керак. Хоҳлайсизми ёки йўқ, бутун канал ва ходимлар шу раҳбарга бўйсунади, унинг ортидан эргашади. Раҳбарларимиз ҳақиқий шахс: эътиқодли, иймонли, виждонли, инсофли, олийжаноб бўлсин. Китоб ўқиган, адабиётдан хабардор бўлсин. Нима иш қилаётганини, нима учун шу ерда ўтирганини билсин, зарарига эмас, фойдасига ишласин.

Зиёли, билимли одам ҳозир «Маданият ва маърифат» телеканалининг нуфузини тўкиб, оддий «Карвон» деган каналга тушириб қўймайди. Аксинча, канал даражасини янада кўтаради, бу борада кучли одамларни жалб қилади ва ўша канални ички салоҳиятидан унумли фойдаланади. Бунинг учун ижод ва сўз эркинлини бериши, бу йўлда қўллаши керак. Агар «Маданият ва маърифат» телеканали бир йилдан кейин яхшироқ бўлса, шунда бу бизнинг чин маънода ғалабамиз бўлади. Лекин бир йилдан сўнг биз ўз қиёфамизни йўқотиб қўйсак ҳамда ҳозир телеканалда асл илм-фан, маданият ва санъатга хизмат қилаётган ижодкорларни бу каналда кўрмасангиз, ана шу фожиа бўлади.

«Томошабини кўп эмас, аммо инсонга маънавий озуқа беради»

Дилором Каримова, Ўзбекистон халқ артисти:

— Ҳозир рейтинг деган бир душман нарса чиққан. Масалан, «Маданият ва маърифат» телеканалида Абуладзени бир фильми муҳокама қилинган кўрсатув эфирда кетаётган вақтда, бошқа телеканалда қўйилаётган икки одамнинг жалжали акс этган кўрсатув ёки шоуларни рейтинги баланд бўлади. Мана — фожиа. Тўғри, рейтинги паст фильм ёки кўрсатувни томошабини албатта, кўп бўлмайди. Лекин уни маданиятимиз, маърифатимизни белгилайдиган инсонлар доим кузатиб боради. Шундан улар маънавий озуқа олади, бундай лойиҳалар халқимизнинг онгини юклаштиришга хизмат қилади.

маданият ва маърифат телеканали, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбек зиёлилари

Дилором Каримова. Фото: Маъмуржон Обрахматов / «Газета.uz»

«Маданият ва маърифат» телеканалидаги режиссёрлар, операторлар ва ўша ерда ишлаётган бошқа ходимларга яхшироқ гонорар тўлаш, лойиҳаларда қатнашадиган экспертларга гонорар беришни йўлга қўйиш, техник базани кучайтириш, ажойиб фильмлар лицензияси учун маблағ ажратиш керак. Мана шу каби масалаларга ечим топиш устида бош қотириш зарур.

Эркин Аъзам:

— Бу канални эгаси бор: бу — жамоатчилик, китоб ўқийдиган одамлар, зиёли қатлам. Канал ташкил топганига 10 йил бўлди. Бу фақат яхшиликни кўзлаб фаолият юритяпти, яъни китобхонликни, маърифатни, санъатни, яхшиликни тарғиб қиляпти. Буни нимаси ёмон? Шундай шаклланган канални, ижодий жамоани бошқа бир вазирликка берилиши одамда кўп саволлар туғдиради. Нимага?

маданият ва маърифат телеканали, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбек зиёлилари

Эркин Аъзам. Фото: Маъмуржон Обрахматов / «Газета.uz»

Лойиҳа эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда жуда кўп чиқишлар бўлди. Зиёлилар, олимлар, фаоллар ўз фикрларини билдирди. Лекин бирор одамни бу қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлаганини кўрмадим. Аллақандай бир амалдорни кўнгидан ўтган ғоя, фикрлар ёки кимнингдир манфаати учун иш қилмаслигимиз керак. Ҳар ҳолда кўпчиликнинг фикрини инобатга олиб, иш қилингани маъқул.

«Гуллаётган дарахтга болта урмаслик керак»

Ашурали Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

— Шу ўринда бир ўхшатишни айтмоқчи эдим. Кўпинча боғларга кирсак, гуллар очилиб, боғ файзли бўлиб туради ва ҳаммамиз боғбонга раҳмат айтиб кетамиз. Чунки боғбон гулларни олиб келиб, парвариш ва меҳнат қилади . Лекин афсуски, яна шундай боғбонлар ҳам борки, боғдаги чиройли гулни узиб олгиси келади.

маданият ва маърифат телеканали, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбек зиёлилари

Ашурали Жўраев. Фото: Маъмуржон Обрахматов / «Газета.uz»

«Маданият ва маърифат» телеканали барча каналлар орасида кўзга ташланиб қолди, чиройли гулга, мевали дарахтга айланиб улгурди. Гуллаётган дарахтга болта урмаслик керак назаримда. Бу каналга тегмайлик, ният қилайликки, унинг йўли порлоқ ва узун бўлсин, сермазмун кўрсатувлари кўпайсин. Дунёга маданиятимиз, маърифатимиз билан чиқиб борсак, шундагина бизни милллий тафаккуримиз ва миллий онгимиз, миллат сифатидаги бўй-бастимиз яна ҳам баланд бўлади, деб ўйлайман.

«Куч-қувват берилса, аудиторияси яна ҳам кўпаяди»

Муслимбек Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Бу каналга тегмаган маъқул. Ҳозирги ҳолатида ҳам Ўзбекистонда ушбу канални ўхшаши йўқ. Лекин унга куч-қувват берилса, техникаси яхшиланса, моддий таъминотига аҳамият қаратилса, унинг аудиторияси яна ҳам кўпаяди. Фақат «Маданият ва маърифат» жамоаси рейтингни ортидан қувмайди, холос. Бу канални вилоятларда ёши улуғлар, олимлар, зиёлилар доим кўради.

маданият ва маърифат телеканали, маданият ва туризм вазирлиги, ўзбек зиёлилари

Муслимбек Йўлдошев. Фото: Азизбек Хамракулов / «Газета.uz»

Гарчи мазкур телеканалда ишламасам ҳам, туркум кўрсатувларим бўлмаса ҳам «Маданият ва маърифат»ни ўз жойида қолгани маъқул, деган фикрдаман.

Гулмира Мусажонова:

— Телеканал билан бўлган воқеаларда мен бир аср аввалги тарихимизни эсладим. Ўша пайтда ҳам жадид боболаримизни бўғишга, йўқ қилишга ҳаракат қилишди. Чунки оломонни бошқариш ҳамиша осонроқ бўлади. Наҳотки, ҳозир ҳам фикрга, маданиятга қарши кураш бошланган бўлса?

Ҳозир телеканалда муаммолар бор. Ойликлар, камералар, микрофонлар, лицензия каби талай масалалар мавжуд. Умуман, биз бошидан вазир билан яқинроқ мулоқотни, ҳамкорлик ва ёрдамни кутгандик. Яхшиямки, вазир телеканал номи ва консепцияси сақланиб қолишини ўз вақтида маълум қилди. Энди бундан буёғига адабиёт ва фикрга яна-да кенгроқ йўл очиб бериш керак. Маданият, маърифат йўли ҳам керак, у ҳам яшашга ҳақли. Бир ҳовуч зиёлиларни ўзини канали ва майдони бўлиши керак. Уларни бу минбардан мосуво қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Фаоллар фикрларини тўлиқ шаклини «Газета.uz»нинг YouTube’даги саҳифасида кўришингиз мумкин.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтажчи Маъмуржон Обраҳматов.