14 апрел куни эрта тонгда Хоразм вилоятида кузатилган кучли шамол, чанг массалари бошқа вилоятларда, хусусан, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам юз берди. Тармоқларда кундуз куни кузатилаётган ноқулай об-ҳаво акс этган видеолар тарқалмоқда.

Бухоро вилоятлари ҳудудларида кузатилган чанг-тўзонли об-ҳаво Навоий вилоятининг Қизилтепа туманига кириб келмоқда. Кучли чанг-тўзонли об-ҳаво натижасида ушбу ҳудудда кўрунувчанлик 100−150 метрдан кейин чекланди. Ушбу чанг-ғуборли об-ҳаво тез орада вилоятнинг марказий ҳудудларига ҳам кириб келса керак, дея хабар берди Navoiygidromet.uz Telegram-канали.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет матбуот хизмати Ўзбекистонда дам олиш кунлари салқин бўлишини маълум қилди.

Каспий денгизидан Туркманистон орқали салқин ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши муносабати билан дам олиш кунлари кундузи ҳаво ҳарорати +25 даражагача, кечаси эса +15 даражагача пасаяди. Шамолнинг тезлиги 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.