Ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли дея тахмин қилинаётган интим видео тарқалганди. Андижон вилояти ҳокимлиги «инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи маълумотлар» тарқатганлик ҳолати бўйича прокуратура органларига шикоят аризаси юборилганини маълум қилди.

«Интернет тармоғида Ш.Абдураҳмонов акс этганлиги иддао қилинган видео тарқалиши ортидан ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда вилоят ҳокимининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда обрўсизлантирувчи ҳақоратомуз постлар эълон қилинган. Шу сабабли инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи маълумотлар тарқатганлик ҳолати бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилди», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Қайд этилишича, ҳозирда қонунга хилоф бундай маълумотлар тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ҳокимлик ахборот хизмати ўз баёнотида амалдаги Конституциянинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, қатор ОАВлар Андижон вилояти ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов ишдан кетгани ҳақидаги хабарларни тарқатди. Кейинчалик хабарлар тасдиқланмади. Ушбу жараёнлар фонида Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Абдураҳмонов ишда эканини кўрсатувчи суратларни эълон қилди.