TalentLab рекрутинг агентлиги ва мансаб пиллапояларидан ўсиш бўйича Ustoz бепул лойиҳаси «Ўзбекистонда экспат „мўъжизаси“: янги Сингапур ёки БАА бўлиш имконияти борми?» кенг қамровли тадқиқотини тақдим этди. Экспертлар Ўзбекистоннинг 2022 йил — 2023 йилнинг биринчи чорагидаги экспатлар бозорини ўрганди. Меҳнат муносабатлари иш берувчи томонидан ҳам, ёлланган чет эллик ходимлар томонидан ҳам кўриб чиқилди.

Тадқиқот нима ҳақдалиги ва унинг методологияси ҳақида

Тадқиқотчилар ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўйдилар:

  • экспатларни нима учун ёллашшаётгани, улар нима учун ёлланаётганини аниқлаш;
  • ҳамкорлик натижаларидан қониқиш индексини кўрсатиш;
  • Ўзбекистонда экспатларни ишга ёллаш тенденциялари ва прогнозларини кўрсатиш;
  • реал ва ваъда қилинган иш ҳақи контекстида иш ҳақи ва қўшимча рағбатлантириш чораларини таҳлил қилиш.

Экспат деганда, TalentLab юқори бошқарув даражасидаги, иш ҳақининг қайд этилган қисми ойига 5000 АҚШ долларидан кам бўлмаган чет эллик мутахассисни тушунади.

Тадқиқотчилар экспатларни ишга қабул қилувчи бизнес вакиллари (47 киши), қайд этилган даврда мамлакатда ишлаган ёки ишлашда давом этаётган экспатлар (114 киши) ҳамда Ўзбекистонда ишлаш истагини билдирган топ-менежерлар (229 киши) билан чуқур индивидуал суҳбатлар ўтказдилар.

экспатлар, рекрутинг, ўзбекистон

Сўровда қатнашганларнинг географияси Россия (64%), Қозоғистон (23%), Украина (9%), Туркия (2%) ва бошқа давлатлардан (2%) иборат. Бу пропорциялар чет элликларни ёллаган компанияларнинг жавобларидан олинган, дея аниқлик киритди Алёна Владимирская.

Нима учун экспатларни ишга ёллашади ва улар нима учун ишга киришади?

Аксарият бизнес вакилларининг таъкидлашича, улар маҳаллий тажрибанинг етишмаслиги туфайли чет элликларни ёллашади. Уларнинг фикрича, маҳаллий топ-менежерларни тарбиялаш учун кўп йиллар керак бўлади ва муаммоларни ҳозирданоқ ҳал қилиш керак. Респондентлар, шунингдек, аниқ хорижий компаниялар муваффақиятини такрорлаш истагини билдиришди.

Ўзбекистонда экспатлар асосан катта маош олиш имконияти (79 фоиз), мартаба ўсиши (38 фоиз), қулай иқлим (29 фоиз) туфайли ишга киришади.

Чет элликлар ўртача қанча маош олади?

2023 йил март ойи ҳолатига кўра, 100 дан кам ходими бўлган компанияларнинг CEO (бош директор) ва операцион директорлари йилига 30 минг дан 48 минг долларгача маош олишган. Худди шу лавозимда, лекин 1000 дан ортиқ ходими бўлган ташкилотларда — йилига 84−144 минг доллар.

экспатлар, рекрутинг, ўзбекистон

Маркетинг бўйича директорлар, компанияда 100 нафардан кам ишчилар бўлса — 24−48 минг, агар компанияда мингдан ортиқ бўлса — 60−96 минг доллар олишган.

Бош бухгалтерлар 12 дан 36 минг долларгача (100 дан кам ишчиси бўлган компанияларда) ва мингдан ортиқ одам меҳнат қиладиган компанияларда 42−84 минг доллар олган.

Экспатлар ва маҳаллий компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик қанчалик самарали?

Тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 48 фоизи ёлланган экспатлар билан ҳамкорликдан қониқиш ҳосил қилади. Сўровномада иштирок этган экспатлар орасида бу кўрсаткич бироз юқорироқ — 52 фоиз.

Тадқиқот муаллифи, хантинг бўйича етакчи рус эксперти Алена Владимирскаянинг фикрича, ҳамкорликдан қониқишнинг бу кўрсаткичлари ниҳоятда паст. Россияда шунга ўхшаш таҳлил мос равишда 65 ва 69 фоизни, БААда — 82 ва 81 фоизни кўрсатди.

Ишга қабул қилувчи томон сўралаётган маошнинг юқорилиги («маҳаллий мутахассислар ҳам кам маош эвазига бир хил даражадаги ишни кўрсатишлари мумкин») ҳамда натижа («муаммолар ҳал этилмасдан қолган») борасидаги умидлар ўзини оқламаганини норозиликнинг асосий сабаби сифатида келтирган.

экспатлар, рекрутинг, ўзбекистон

Экспатлар, биринчи навбатда, иш берувчининг иш бошида айтганлари ва бизнесдаги реалликлар ўртасидаги номувофиқликдан қониқмаслигини билдиришган. Хорижий мутахассислар дуч келадиган яна бир муаммо — бу «миллий ўзига хосликлар». Мазкур жумла иш фаолиятининг одатланилган Европа меъёрларига мувофиқ эмаслиги, бизнес жараёнларининг тартибга солинмагани, акциядорлар билан мулоқотдаги мураккабликлар ва қўл остидаги маҳаллий ходимлардаги ижро интизоми, шунингдек, ваъда қилинган иш ҳақини тўламаслик каби маъноларни ўз ичига олади.

Иш берувчилар ва экспатлар ўртасидаги мавжуд ўзаро мажбуриятларнинг бажарилишидан норозиликни тадқиқотчилар ўзаро ишончнинг етишмаслиги билан боғлашмоқда. Ёлловчилар иш бошида киритилган маълумотнинг нотўғрилиги янги ходимга мавжуд муаммоларнинг жиддийлиги ва миқёсини англашга тўсқинлик қилганини келтириб ўтишган. Натижада у биринчи ярим йилликда мавжуд вазифаларни бажариш ўрнига иш сифатида қабул қилинмайдиган аввалги муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Экспатлар ўз имкониятларини баҳолашда муболаға қилишади. Ўз тажрибасига ишонч ва ходим олдида турган вазифаларни етарлича баҳоламаслик ишга қабул қилиш жараёнидаги вазиятни юзаки ўрганишга олиб келади.

Келажакда ҳамкорлик қилиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ

Ҳамкорликдан умумий норози бўлишига қарамай, кўпчилик бизнес вакиллари ва экспатлар бир-бирлари билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Иш берувчилар тез ўсиб бораётган иқтисодиёт ёки уларнинг компаниясида қийинчиликлар мураккаблашаётганини ва маҳаллий мутахассислар ҳар доим ҳам уларни енгишга қодир эмаслигини билишади. Бизнес экспатлар ишидан қониқмаслик муаммосига ечим сифатида мавжудларини янгилари билан алмаштиришда кўришмоқда. Ўзбекистон учун донор давлатлар Россия ва Қозоғистон (камроқ даражада) бўлиб қолаверади.

Экспатлар томонидан Ўзбекистонга қизиқиш, тадқиқот муаллифларининг фикрича, 2022 йилга нисбатан пасаяди, бироқ уларнинг нархи ошади. Бунинг сабаби шундаки, экспатни максимал самарали «эксплуатация қилиш»ни ўрганган компаниянинг ютуғи ёллашга кетадиган харажатлардан анча юқорироқ. Буни бизнес ҳам тушунади.

экспатлар, рекрутинг, ўзбекистон

Сўровномада иштирок этган экспатларларнинг 66 фоизи шартлар яхшиланса, шартномани узайтиришга тайёр. Аввало, бу иш ҳақининг ўзгарувчан қисмининг батафсил миқдори кўрсатилган аниқроқ ёзма шартномага тегишли. Респондентларнинг 18 фоизи амалдаги шартнома узайтирилмаса, Ўзбекистонда янги иш берувчи билан қолишга тайёр. Таққослаш учун, 31 фоизи бундай шароитда кетишга қарор қилган.

Ҳамкорлик самарадорлигини ошириш учун TalentLab маҳаллий корхоналарга «экспат сеҳргар эмас, балки муайян муаммоларни ҳал қила оладиган, лекин ҳамма нарсани бир зумда яхшилай олмайдиган профессионал» эканлигини тан олишни тавсия қилади. Бундан ташқари, аниқ мақсадлар қўйиш ва «буни яхши бажаринг» каби формулалардан воз кечиш муҳимдир. Тадқиқотчилар меҳнат шартномасини тузишдан олдин чет элликлар учун синов ҳафтасини жорий этиш зарур, деб ҳисоблайдилар. Бу уларга топшириқларни бажаришнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш имконини беради.

Экспатлар бозорини ҳар томонлама ўрганиш натижалари ва тавсияларнинг тўлиқ рўйхатини Алена Владимирская сайтидан танишиш мумкин.