Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Спорт ва ҳордиқ канали

Тошкент байдаркачилари — машғулотлар ва сузиш жойлари етишмовчилиги ҳақида
Спорт ва ҳордиқ канали. Тошкент байдаркачилари — машғулотлар ва сузиш жойлари етишмовчилиги ҳақида
Тошкент марказида, Анҳор каналининг бўйида Rowing&Canoe федерациясининг эшкак эшиш базаси жойлашган. 1976 йилдан буён бутун шаҳардан болалар ва қизлар эшкакли қайиқ бошқаришни ўрганиш учун шу ерга келади. Ушбу мажмуада чемпионларнинг бир неча авлоди етишиб чиққан. Ҳозирда бу ерда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва шаҳар спорт мактабларининг ўқувчилари шуғулланади.
«Мактабга қабул баҳор ва кузда, об-ҳаво сувда синов ўтказиш имконини берадиган вақтда очилади, — дейди байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мураббий Диляла Ибрагимова. — Биз болаларни 11-12 ёшдан қабул қиламиз. Агар бола бақувват ва антропометрик кўрсаткичлари бўйича тўғри келса, 10 ёшдан ҳам олишимиз мумкин. Барча учун мажбурий талаб — сузишни билиши керак».

Сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ишлайдиган бу аёл 32 йилдан бери спортчиларни миллий ва халқаро мусобақаларга тайёрлайди.

Диляра Ибрагимова эшкак эшишга келишидан аввал саккиз йил Туркистон ҳарбий округи (ТуркВО)нинг бассейнида сузиш билан шуғулланган. 16 ёшида бассейннинг у томонидан бу томонига сузишда чўққига чиқиб бўлганини тушуниб етгач, Ғалаба боғи (1998 йили унинг ўрнида ҳозирги «Тошкентленд» аттракционлар парки очилган) ҳудудидаги эшкак эшиш базасига қатнай бошлаган. Бу орада Тошкент давлат жисмоний тарбия институтини ҳам битириб чиққан.
«Мактабимиздаги ўқув дастури универсал билимлар беради ва эшкак эшишнинг турли техникаларини ўзлаштиришга қаратилган машқлар мажмуасини ўз ичига олади. Дастлабки даврда умумий жисмоний ўсишга катта эътибор қаратилади. Ўқувчилар бошланғич билимларни олиб, сувда эшкак эшиш техникаси устида ишлайди. Қўли кели бошлагач, уларни маълум бир масофаларга ихтисослаштиришни бошлаймиз», — дея ҳикоя қилади Диляра Ибрагимова.
Бугун мактабда учта спорт бўлими — байдаркада эшкак эшиш, каноэда эшкак эшиш ва академик эшкак эшиш. Ушбу спорт турлари бир-биридан масофасининг узунлиги, анжомлари ва эшкак эшиш техникаси билан фарқ қилади.

Академик эшкак эшишда спортчи тескари ўтирган ҳолда олдинга ҳаракат қилади, бунда трассанинг стандарт узунлиги тахминан 2000 метр бўлади. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш масофалари одатда 200, 500 ва 1000 метр бўлади. Байдаркачи ёпиқ қайиқда ўтириб, икки парракли эшкакни навбатма-навбат — бир бу томонга, бир у томонга ташлаб — эшиб сузади. Каноэчи эса очиқ қайиқда бир тиззасига таяниб, бир парракли эшкакни фақат бир томонга уриб ҳаракатланади.

Спортчиларга қайиқ ва эшкаклар мактаб томонидан берилади. Барча анжомлар эшкак эшиш базаси ҳудудида жойлашган омборда сақланади.
реклама
реклама

«Бу ерда ҳар ким ўз қайиғини билади. Биз қайиқни ўзимиз танлаб олиб, кейин шу қайиқда мунтазам шуғулланамиз. Аксарият эшкак эшувчилар байдаркани маъқул кўради. Бу қайиқ бизнинг сувларда сузиш учун жуда мос келади. Вазни 12 килодан ошмайди, анча мувозанатли ва бошқарувда ҳам осон. Байдаркада мустақил шуғулланиш ҳам мумкин, лекин каноэни мураббийсиз ўрганиш қийин», — дейди спортчи Богдан Колосов.

Богдан эшкак эшиш спорти билан уч йилдан бери шуғулланади ва бу йўналишда «спорт усталигига номзод» разрядини олишга ҳам улгурган. Бунгача эса тўққиз йил 110-мактаб ёнидаги спорт мажмуасига сузишга қатнаган. Бино таъмирлаш ишлари сабаб ёпилгач, Богдан сузиш спорти билан хайрлашишга мажбур бўлган. У сувга яқин бўлиш имкони борлиги учун ҳам эшкак эшиш спортини танлаган.

Колосов миллий терма жамоа сафида ўрин олиб, Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишни орзу қилади.
Спорт мактабига қатновчилар орасида қизлар ҳам бор. 19 ёшли Сабина Ашрафхонова 2017 йилдан бери эшкак эшиш билан шуғулланади.

Унда эшкак эшишга қизиқиш ушбу спорт тури билан уч ой шуғулланган синфдош дугонасининг офтобда чиройли қорайгани ва ажойиб жисмоний ҳолатини кўргач уйғонган. Шундан сўнг у ҳам машғулотларга қатнашга қарор қилган.

«Биринчи марта байдаркага ўтирганимда жуда қўрқинчли бўлган. Ағдарилиб кетаман деб қўрққанман. Қайиғимнинг орқа қисмига, ағдарилиш хавфи камайиши учун, гупсар (поплавок) қотириб қўйишган, лекин у барибир сувга ағдарилишдан сақлаб қололайди», — дея эслайди қиз.

Унинг айтишича, байдарка аксарият ҳолларда нотўғри бошқарув сабаб ағдарилиб кетади. Кучли шамол ва катта тўлқинлар сабаб ағдарилиш ҳолатлари эса камдан-кам кузатилади.

Бурилиш вақтида қайиқ ичига сув кирмаслиги учун байдаркачилар махсус фартук тақиб олади. У оёқ ва ўриндиқни томчилар, шамол, ёмғир ва қордан сақлайди, шунингдек, совуқ ҳавода илиқликни ушлаб қолади.

Эшкак эшувчиларнинг қишки гардероби гидрокостюм ёки термо ички кийим билан кўп қаватли иссиқ кийимдан иборат. Ëзда спортчилар одатда сузиш либосининг ўзи билан кифояланади. Соябон (козирёк) ёки кепка, яхши кўришни таъминлайдиган ва кўзни сувдаги шуълалардан ҳимоялайдиган қора кўзойнак — доимий керак бўладиган анжомлардан. Эшкак эшиш учун зарур барча анжомларни спорт буюмлари дўконларидан харид қилиш мумкин.
«Қайиқни қанчалик тез ўзлаштириш хоҳишингиз ва иштиёқингизга боғлиқ. Мен дастлабки олти ой биз «немка» («олмон қиз») деб атайдиган кенг қайиқда эшкак эшганман. Уни асосан янгиларга беришади. Тезда яхши натижалар кўрсатганим учун мен ингичка қайиқ — «узбекча» («ўзбек қиз»)га ўтказишган. Менинг бош мақсадим — рақобатчи дугоналаримни қувиб ўтиш эди, бу мақсад менга республика мусобақасида қатнашиш имконини берди», — дейди Сабина.

Бу қиз мусобақаларда куч ва тезлик муҳим роль ўйнайдиган 200 метрлик спринтерлик масофасида ўзини айниқса яхши кўрсатади. 2018 йили Самарқандда бўлиб ўтган эшкак эшиш бўйича Осиё Кубоги учун энг унутилмас воқеа бўлганди. Ашрафхонова шериги билан бирга иккита ўриндиқлик қайиқда қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллаган. Халқаро мусобақадаги иштироки учун «спорт устаси» унвонини олган.
реклама
реклама

18 ёшли Сергей Слепов — ёш спринтерлардан яна бири. У ҳам эшкак эшишга бошқа бир сув спорти — сув полосидан келган. Саломатлиги билан боғлиқ сабаблар туфайли полони тўхтатишга тўғри келган. Эшкак эса унга яхши ўринбосар бўлган. Йигитни эшкак эшишнинг томошабоплиги ва қайиқ шиддат билан тезлик олганидаги парвоз ҳисси ўзига ром қилган.

У қисқа масофага эшкак эшишда айниқса кучли. 2022 йилги Осиё чемпионатида 500 метр масофага сузишда иккинчи ўринни эгаллаган.

«Эшкак эшишда менга ҳаммасидан ҳам уйғун бирлик ёқади. Одам бу ерга нимжон ва спортга хос бўлмаган бир кўринишда келиши мумкин, лекин бир-икки йил шуғуллангач, жисмоний жиҳатдан ҳам, руҳий-маънавий жиҳатдан ҳам анча кучаяди. Эшкак эшиш мени анча-мунча интизомли ва чидамли қилди», — дея тан олади Сергей.

«Эшкак эшиш ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Агар бошловчи спортчи профессионал бўлмоқчи ва мусобақаларда ғолиб чиқишни истаса, у ҳолда бир хил, лекин оғир машғулотларга тайёр туриши керак. «Олтин»ни руҳан кучли спортчигина қўлга киритади. Барқарорлик, сабр-матонат ва меҳнат — муваффақият калити», — дея тушунтиради Сергей Слепов.
Спортчилар икки навбат (смена)да шуғулланади: тонгда соат 7:30 дан ва пешиндан кейин 14:30 дан бошлаб. Душанба — дам олиш куни. Машғулотлар жадвалининг қулайлиги спортчиларга мактабдаги дарслардан кейин келиб ҳам шуғулланиш имконини беради.

Машғулотлар қуруқликдаги чигалёзди машқлардан бошланади. Шундан сўнг эшкак эшувчилар бир ярим соатга сувга тушиб, турли техникалар бўйича шуғулланади. Бу вақт ичида улар 15 километрдан ортиқ масофага сузиб қўяди. Ҳар бир гуруҳ учун машғулотлар дастурини мураббий тайёрлайди. Машғулотларнинг сўнгги қисми («заминка») залда бўлиб ўтади: спортчилар эшкак эшиш тренажёрида мушакларини ва кардиотизимини мустаҳкамлайди.
Машғулотлар ҳаво ва сув ҳолати қандай бўлишидан қатъи назар йил бўйи тўхтамайди. Қишки машғулотлар айниқса оғир, лекин куч ва бардош ҳам айнан шу даврда тўпланади.

Аксарият чемпионатлар баҳор ва ёзда ўтади. Қишда вақти-вақти билан катта масофага марафонлар уюштириб турилади. Ëзда эса эшкак эшиш спортчиларга эстетик завқ ҳам беради. Байдаркачиларнинг фикрича, сузиш вақти энг чиройли манзаралар Минор масжиди ёнида ва «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси соҳиллари бўйлаб кўзга ташланади.
Тошкент денгизи (Тўябўғиз сув омбори)да ҳам эшкак эшиш базаси бор, у ерда халқаро ва республика мусобақалари олдидан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилади. Самарқандда халқаро стандартларга жавоб берадиган эшкак эшиш базаси мавжуд. У ерда халқаро мусобақалар, масалан, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ўтказилади.

«Тошкент денгизида шуғулланиш менга ёқади. Оқар сув бўлмагани учун у ерда эшкак эшишнинг турган-битгани завқ. Анҳорда кучли шамол вақти тўлқинлар ҳосил бўлиб, қайиқнинг ҳаракатига халал беради. Бунда тишингни тишингга қўйиб, эшкак эшишга мажбурсан», — дея кулади Сергей Слепов.
реклама
реклама
Байдаркачиларнинг сўзларига кўра, Анҳор канали етарли даражада тоза, лекин баъзида чиқиндилар — пакет ва баклажкалар сузишга халал беради. Кузда спортчилар сузишдан тўхтаб, қайиқнинг олд қисмини қуриган барглардан тозалашига тўғри келади. Дарёда сузиш ишқибозлари ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин. Сузувчи ва эшкак эшувчиларнинг эҳтимолий тўқнашувлари ҳар икки томон учун ҳам хавфли.
«Анҳор — шаҳардаги эшкак эшувчилар шуғулланиши мумкин бўлган ягона сув маршрути. Авваллари Тошкентда болалар сузишга борадиган сув ҳавзалари кўп эди. Ўзим Ғалаба боғида эшкак эшиш билан шуғулланганман. Дўстларим Комсомол (ҳозирги Миллий боғ) ва Волгоград (ҳозирги Ғафур Ғулом номидаги боғ) кўлларида машғулот ўташган. Ҳозир бу жойлар фақат хотираларда қолган, холос. Ўқувчиларимиз эса «Ўзэкспомарказ» билан Ўрда кўприги оралиғидаги уч километрда тиқилиб юришга мажбур», — дейди Диляра Ибрагимова.
Мураббийнинг қайд этишича, эшкак эшиш спорти жуда истиқболли ва уни шаҳар шароитида ҳам ривожлантириш мумкин, фақат бунинг учун давлат томонидан эътибор ва молиялаштириш зарур.

«Мамлакатимизда эшкак эшиш яккакурашлар ёки футболчалик оммабоп спорт тури эмас. Спортчиларимиз ҳар йили жаҳон чемпионатларида совриндор бўлиб, кўплаб медаллар олиб келишади. Кўпчилик эса Тошкентда эшкак эшиш бўйича федерация ва мактаблар борлигидан ҳам бехабар», — таъкидлайди Диляра Ибрагимова.
Шу кунларда спортчилар байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Мусобақа 25 апрель куни очилади, пойгалар эса 26–30 апрель кунлари Самарқанд эшкак эшиш каналида бўлиб ўтади. Мусобақада 11 мамлакатнинг 300 дан ортиқ спортчилари қатнашиши кутилмоқда. Хоҳловчилар ушбу мусобақаларда Ўзбекистоннинг 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ва 23 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоаларини қўллаб-қувватлаши мумкин.

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи - Мадина Аъзам.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг