13 апрель куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Шофиркон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, сессия ишида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, бошқарма, корхона, ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қатнашган сессияда ташкилий масала кўрилди. Шофиркон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Жамшид Фазлиддинович Шаропов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилди.

Сессияда Шофиркон тумани ҳокими лавозимига Давлат солиқ қўмитаси молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Файзиллоев Алишер Абдиллоевич номзоди депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Маълумот учун, Алишер Файзиллоев 1979 йилда Бухоро туманида туғилган. 2003 йилда Тошкент молия институти тамомлаган. Мутахассислиги — молиячи.

2013−2017 йилларда Тошкентнинг Чилонзор ва Сергели туманлари молия бўлими мудири, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази ДУК директори ўринбосари (2018−2019), Транспорт вазирлиги Иқтисодиёт ва тариф-нарх сиёсати бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2019−2020), Транспорт вазирлиги Молия-иқтисод бошқармаси бошлиғи (2020−2022) лавозимларида ишлаган.