Янги ҳафта бошида ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда

Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келиши сабабли 16−17 апрель кунлари республика шимолида ҳаво ҳарорати кечаси 0 даражагача тушади. Кундузи бутун республика бўйлаб ёмғир ва дўл ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин, ҳаво ҳарорати +15 даражадан ошмайди.

Картадан картага пул ўтказмалари солиққа тортилмайди — Солиқ қўмитаси

Картадан картага (p2p) пул ўтказмалари учун солиқ жорий этилгани ҳақида хабарлар Солиқ қўмитаси томонидан рад этилди.

АҚШ санкциялари остида қолган Ўзбекистон фуқаролари ва компаниялар

АҚШ Алишер Усмоновнинг USM холдинги ва унга алоқадор компанияларга қарши санкциялар киритди. Улар орасида «Оҳангаронцемент», Ucell улушига эга бўлган Digital Invest ва Ўзбекистондаги маркалаш тизимининг оператори ва бошқалар бор. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари ҳам санкциялар остида қолган.

Аграр университетнинг 21 ёшли талабаси вафот этди

Янгийўл шаҳридаги спорт клубида Аграр университетнинг 21 ёшли талабаси соғлиғи ёмонлашиб қолгани оқибатида вафот этди. Унинг ўлимига ўткир юрак етишмовчилиги сабаб бўлган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эркак 2019 йилнинг ёзида 13 ёшли қизни зўрлаганликда гумон қилинмоқда

Воқеадан сўнг қиз бу ҳақда ота-онасига айтишга журъат эта олмаган. Кейинроқ улар бундан хабардор бўлгач, ҳуқуқ-тартибот идораларига қайта-қайта ариза билан мурожаат қилган. Жиноят иши 2023 йилнинг 4 апрелига келибгина очилган.

Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлашни эрта қўллаб-қувватлаш лойиҳаси бошланди

Ўзбекистон ўзининг биологик хилма-хиллик бўйича миллий сиёсатини БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида Куньминг-Монреал глобал биохилма-хиллик лойиҳасига кўра мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон ва Тожикистон чигирткаларга қарши трансчегаравий кураш тадбирини ўтказди

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Тожикистоннинг «Чигирткаларга қарши кураш экспедицияси» муассасаси FAO кўмагида 70 минг гектар майдонда трансчегаравий тадқиқот ишларини амалга оширди.

«Бу — ваҳшийлик». Азиз Абдуҳакимов — Қашқадарёда ноёб айиқнинг отиб ўлдирилгани ҳақида

Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Қашқадарёда ноёб айиқ отиб ўлдирилганига муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, айиқ аслида аҳолига хавф туғдирмаган, ҳокимиятга эса уни ўлдирмаслик ҳақида тавсия берилган. Вазирнинг фикрича, табиатга бундай муносабат «ваҳшийлик» ва жуда катта жиноят.

«Маданият ва маърифат» телеканали номи ўзгармайдиган бўлди

«Маданият ва маърифат» телеканали номини «Карвон»га ўзгартириш бўйича президент қарори лойиҳаси жамоатчилик танқидига учраганди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков телеканал номида ўзгариш бўлмаслиги, мавжуд лойиҳалар сақлаб қолиниши, моддий-техник база масаласига ечим топилишини маълум қилди.

Малайзия компаниялари Ўзбекистонда дронлар ишлаб чиқармоқчи

Малайзиянинг 3 та компанияси Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаси ҳамда етказиб беришда фойдаланиш учун дронлар ишлаб чиқариш масалаларини кўриб чиқмоқда.

Малайзия компанияси Ўзбекистонда электробуслар ишлаб чиқариши мумкин

Малайзиянинг Gemilang Coachwork Sdn. Bhd компанияси «Самавто» МЧЖ билан корхона эҳтиёжлари учун алюминий кузовлар етказиб бериш ва Ўзбекистонда биргаликда электробуслар ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирди.

Тошкентда иккинчи инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади

27 апрель куни Тошкентда гибрид форматдаги иккинчи инклюзив бизнес-форум ўтказилади. Унда бизнес ва тадбиркорликда инклюзив меҳнат амалиётини муваффақиятли жорий этиш, тўсиқларсиз меҳнат муҳитининг одамлар, компания ва жамият муваффақиятига таъсири ҳамда бошқа мавзулар муҳокама қилинади.

Талабаларга 2-курсдан бошлаб бўш вақтида ишлашига рухсат берилиши мумкин

Regulation.gov.uz порталида талабаларнинг 2-курсдан бошлаб ишлашига рухсат бериш тўғрисида қарор лойиҳаси жойлаштирилди. Унга кўра, талабалар ОТМ раҳбари берган сертификат асосида мутахассислиги бўйича ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин бўлади. Қарор лойиҳасига 27 апрелгача таклиф киритиш мумкин.

Республика болалар кутубхонасининг очилиши кузга қолдирилди

Тошкентда ёз фаслига режалаштирилган Республика болалар кутубхонасининг очилиши кузга қолдирилди. Бу мураккаб реставрация ишлари билан боғлиқ. Бундан ташқари, «жамоат майдонининг муносиб намунаси» бўлиши ваъда қилинган кутубхона олдида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон меҳнат ва инсон ҳуқуқлари борасида реал аҳволни яхшиламас экан, орзулар қоғозда қолаверади — Cotton Campaign

Cotton Campaign халқаро коалицияси асосчиларидан бири Беннетт Фриман Ўзбекистон ҳукуматини «ислоҳотларга қайтиб, ўзи учун яратган тарихий имкониятни бой бермасликка» чақирди. «Меҳнат ва инсон ҳуқуқлари борасида реал аҳволни яхшиламас экан, орзулар қоғозда қолаверади», — деди у.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Тошкент аэропортининг реконструкция қилинган иккинчи учиш-қўниш йўлаги очилди. Фото

Тошкент халқаро аэропортининг иккинчи учиш-қўниш йўлагида реконструкция ишлари якунланди. Журналистлар янгиланган йўлакка қўнган биринчи самолёт — Uzbekistan Airways`нинг Дубайдан келган Boeing 787 Dreamliner самолётини кутиб олди.

Спорт ва ҳордиқ канали. Тошкент байдаркачилари — машғулотлар ҳамда сузиш жойлари етишмовчилиги ҳақида

Байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар ҳар куни Анҳорни бир неча бор сузиб ўтади. Бу спортчилар Минор қабристони яқинидаги базада шуғулланади. «Газета.uz» улар билан машғулотлар, эшкак эшишга муҳаббат, бу спорт турининг Тошкентдаги истиқболи ва сувдаги ҳордиқ учун жой етишмаслиги ҳақида суҳбатлашди.