12 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Туркия саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанк бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда президент икки томонлама ҳамкорликда жадал суръатни, барча даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашганини қайд этди. Мисол тариқасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бораётгани, устувор тармоқларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари биргаликда амалга оширилаётгани, мамлакатлар ўртасида мунтазам авиақатновлар кўпайгани таъкидланди.

Туркиянинг етакчи компанияларини қўшма, шу жумладан, автомобиль саноатидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш орқали саноат кооперациясини ривожлантириш учун имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш, жумладан, истиқболли лойиҳалар портфелини шакллантириш ва узоқ муддатли саноат дастурини қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг топшириғига биноан мамлакатга келган делегация ташрифининг мақсади — Togg бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи миллий электромобилни намойиш этиш ва топшириш», — дейилади хабарда.

Учрашув якунида электромобилнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Вазир Мустафо Варанк автотранспорт воситасининг техник кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериб, унинг калитини топширди.

Мамлакат етакчиси миннатдорлик билдириб, Туркия президенти ва халқини машинасозлик тармоғида эришилган улкан муваффақият — электромобилларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани билан қутлади. Давлат раҳбари Туркияда биринчилардан бўлиб ишлаб чиқарилган ушбу электромобиль рулига ўтириб, уни ҳайдаб кўрди.