Ер туйғуси
Тошкентлик Анастасия Степанова — Марсга парвоз симуляцияси ва космик узлат ҳақида

Анастасия Степанова 37 ёшда. Тошкентда туғилган ва 19-мактабда ўқиган. Москва давлат университети журналистика факультетини, шунингдек, Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг муҳандислик факультетини тамомлаган. Журналист сифатида ишлаган, сўнг Россия Фанлар академияси Тиббий-биологик муамммолар институти (РФА ТБМИ)га илмий ходим сифатида ишга кирган ва у ерда коинотнинг инсон организмига таъсирига доир тадқиқотларга синовчи сифатида қатнашган.


2014 йили кўплаб даъвогарлар орасидан Қизил сайёрани ўзлаштириш бўйича экспедиция симуляцияси — «Марс 160» лойиҳаси учун саралаб олинган.


Етти кишидан иборат гуруҳ 2016 йили Американинг Юта штатидаги саҳрода жойлашган тадқиқот станциясида 80 кун, сўнг 2017 йили Арктикада — Канаданинг кимсасиз Девон оролидаги Flashline тадқиқот станциясида 30 кун бўлди. Анастасия ушбу лойиҳада ҳам экипаж журналисти, ҳам экипаж саломатлиги ва хавфсизлиги учун масъул, шунингдек, микробиологнинг ассистенти эди.

«Sirius-19 лойиҳаси — Ойга ҳақиқий космик парвознинг асосий хусусиятларини такрорловчи 120 кунлик тажриба дастурининг экипажи.
Анастасия 2019 йилнинг 19 мартидан 17 июлигача Ойга олти кишилик экипаж таркибида учиб бориш ва унинг атрофида айланишни имитация қилиш бўйича «Sirius-19» халқаро тадқиқот лойиҳаси доирасида 120 кунни РФА ТБМИнинг ёпиқ Ерусти тажриба мажмуасида ўтказган.

Ҳозирда у АҚШнинг Колорадо штатидаги Colorado School of Mines университетида докторлик ишини ёзмоқда.
— Суҳбатни бошлашдан аввал сиз нонушта қилиб олиш учун 20 дақиқа вақт сўрадингиз. Тайёрлаб қўйилган саволлардан аввал бир савол бермоқчиман — нима еб нонушта қилдингиз? Бўлажак фазогир сифатида сизда овқатланиш бўйича қандайдир чекловлар ва диета борми?
— Чеклов йўқ, аммо овқатланиш барибир ҳам соғлом бўлиши керак. Ҳар доим тайёр туриш керак: ким билсин, кутилмаганда барибир коинотга учадиган бўлиб қолсам-чи. Нонушта эл қатори: тухумлар, сабзавотлар ва пишлоқ.
— Колорадода нима қиляпсиз?
— Космик ресурслар бўйича докторлик даражасини оляпман. Бу жуда қизиқарли курс. Авваллари Colorado School of Mines’дан бошқа бирор жойда ўтилмасди. Курсда бир неча фанлар аралашиб кетган: бунда муҳандислик ҳам бор, сайёралар геологияси ҳам бор, космик иқтисодиёт, юриспруденция ҳам бор.
реклама
реклама
Биз Ойда, Марсда, астероидларда ва умуман коинотда бор космик ресурсларни қандай қилиб инсоният фаровонлиги йўлида ишлатиш мумкинлигини тадқиқ этамиз. Масалан, бир дунё харажат қилиб, Ой ёки Марсдаги станцияга ҳамма нарсани Ердан олиб кетмай, ўша ердаги маҳаллий (локал) ресурслардан фойдаланиш учун нима қилиш керак — шуни ўрганамиз. Бу йўналиш бўйича аспирантура ҳозирча фақат шу ерда, Колорадода бор, магистратурага эса бу ердан ташқари Флоридадаги Kepler Space Institute’да ҳам ўқиса бўлади.
— Сиз аввал барча космонавтларнинг атиги 11 фоизи аёллар эканини таъкидлаган эдингиз. Ўша вақтдан бери вазият ўзгардими?
— Агар гап Россия космонавтикаси ҳақида бўлса, у ерда бу соҳа ҳамон консерватив, Америкада эса вазият бирмунча яхши. Умуман олганда, космонавтикада, гарчи ҳозир бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилмаса-да, «кемадаги аёл бало келтиради» деган фикр устунлик қилади.

Амалдаги Россия космонавтлар гуруҳидаги 23 киши орасида фақат бир аёл — Анна Кикина бор, холос. Бу ҳолат ўзгаради, деб ишонгим келади.
— Ўзгаришлардан умидвор бўлишга бирор асос ёки мужда борми?
— Ғарбда ҳозир экипажларга кўпроқ аёлларни жалб этишга ҳаракат қилишяпти. Уч марта космосга учган астронавт Памела Мелрой НАСА раҳбарининг янги ўринбосари этиб тайинланди.
Мен «аёлман ва шунинг учун мени танланглар» деб жар солишдан йироқман. Профессионал соҳаларда гендер нейтралитет тарафдориман. Агар сиз юқори малакали мутахассис бўлсангиз, у ҳолда қайси жинсга мансублигингизга қараб ўтирмаслик керак.
Mars 160 лойиҳаси экипажи
Инсоннинг жинсига эмас, балки тестларининг натижаси ва хулқига эътибор бериш керак. Космосда эркак ва аёлларнинг ўзига яраша устун жиҳатлари ва, ўз навбатида, камчиликлари ҳам бор, шу боис жинслар аралаш жамоа — идеал жамоа.
– Сиз Тошкентда туғилгансиз ва Ўзбекистонда гендер тенглик масаласидаги аҳвол қандайлигидан хабардор бўлсангиз керак, эҳтимол.
— Ўйлашимча, бу маданият ва аксарият аёллар ишламай, уйда болаларга қараб ўтиришида акс этадиган турмуш тарзи билан боғлиқ бўлса керак. Ишламаслик хотин-қизларнинг имкониятларини сезиларли қисқартиради. Боз устига, баъзида аёлларнинг ўзи бу аҳволдан мамнун, бу ҳолат уларни қониқтиради.

Аммо Ўзбекистон турмуш ва ишни бирга олиб боришга интилиб, ўзгаришни, тараққий этишни бошлаяпти ва буни уддалай ҳам оляпти — синфдош дугонам бунга бир мисол - ва буни кўриб, қувонасан киши.
– 2015 йили РФА ТБМИдаги ҳамкасбингиз Елена Лучицкая билан суҳбатлашгандим. У шу каби Ойга космик парвоз симуляторида қатнашиб, изоляцияда бўлган вақти «кема»да видеолар олиб, ўғлига юборгани ҳақида айтиб берганди. Сиз ҳам ўз оила аъзоларингиз учун шу каби ишлар қилганмисиз?
— Мен ота-онамга ёзувлар юборгандим, чунки космосда «Ер туйғуси» ва оддий хурсандчиликлар билан боғлиқ ҳамма нарса сезиларли кучаяди.
– Сиз ёпиқ маконлардаги парвозлар симуляцияси билан боғлиқ тажрибаларда умумий ҳисобда қанча вақт ўтказдингиз?
— Саккиз ой. Лекин бу ҳаётимдаги энг ажойиб дамлар бўлди! Бу миссияларда замонавий дунёнинг тартибсизликлари йўқ. Аниқ белгиланган кун тартиби, бир хил иш, бажариш лозим бўлган вазифалар.

Бу бирхиллик инсонга фақат ижобий таъсир қилади. Яъни, кутилмаган ҳеч нарса содир бўлмайди ва сен нима қилишинг кераклигини аниқ биласан, дунёда бўлаётган ишларга, одамларга, ижтимоий тармоқлар ва янгиликларга тўла телефонга чалғимайсан. Инсон бор эътиборини ўзига, олдига қўйилган вазифа (миссия)ни бажаришга қаратади.
Ўзига яраша камчиликлари ҳам бор, албатта. Масалан, биз 10 кунлаб бошимизни ювмасдик. Бу жиҳатдан эркакларга осонроқ: улар бошига бир масҳ тортса кифоя. Аммо космосга чиқиш учун мен сочимни калталатиб, бошимни эркаклар масҳ тортиб ювиб юришга ҳам тайёр эдим. Мен учун яхши кўриниш эмас, балки миссияни яхши бажариш муҳимроқ.
Юта штатидаги саҳрода жойлашган тадқиқот станциясидаги уч ой давомида ўзимни худди бир неча йилга улғайгандек, фан учун наф келтириб яшаётгандек ҳис қилдим.
реклама
реклама
Умумий манзарада менинг тадқиқотчилик хизматим, эҳтимол, бир нуқтачадекдир, лекин мен учун шуниси муҳим. Бутун умрни юксак бир мақсадсиз, оддий истеъмолчидек ўтказиб юборишни хоҳламайман.
– Ўзига хос космик узлатга чекиниш (ретрит) экан-да?
– Худди шундай. Топшириқ бажариш ва тадқиқотлардан бўш вақтда сиз кўпроқ ўзингиз билан қоласиз, таҳлил қиласиз, ўзингиз билан гаплашасиз, зотан одатий ҳаётда биз кўпинча ички овозимизни ўчириб қўямиз, уни жамиятнинг диктатларидан фарқлай олмай қоламиз ва шу сабаб ҳаётимизга таъсир қиладиган нотўғри қарорлар чиқариб қўямиз. Ўзингни ҳис қилиш ва аслида нима қилгинг келаётганини англаш муҳим.
– Ҳаётингизнинг космонавтика билан боғлиқ қисмида сиз учун энг қийини нима бўлди?
– Космонавтлар гуруҳига ўта олмаганим. Бу 2020 йили бўлганди. Мен бунгача узоқ йўл босгандим, кўп нарсалардан воз кечгандим. У ерда, хусусан, стереотип ёндашувга тўқнаш келдим, менга сиздириб билдиришларича, мен эркак эмас, аёл бўлганим учун ва бунгача учувчи эмас, журналист бўлганим учун ўта олмабман.
– Ҳамкасбингиз Анна Кикина Канаверал бурнидан космосга йўл олганида, сиз ўша ерда эдингиз. Шахсан ўзингиз ўша лаҳзада нималарни ҳис қилдингиз?
– Биринчидан, қувончдан ва юз берган ҳодисанинг улуғворилигидан йиғлаб юбордим, чунки авваллари ҳеч қачон ракета парвозига жонли гувоҳ бўлмагандим. Ракетанинг ларзасини оёқ остидаги ер орқали томошабин ҳам ҳис қилади.
Анастасия Степанова Хьюстонда космик парвоздан қайтган Анна Кикина билан бирга.
Иккинчидан, Аня учун хурсанд бўлдим, чунки у бу парвозни 10 йил кутганди. Бир жиҳатдан, у менинг ҳам орзумни рўёбга чиқарди. Албатта, ўзим қачон шундай парвоз қила оларкинман, деб ҳам ўйладим. Учувчи Уолли Фанк 82 ёшида космосга учганини ҳисобга олсак, умидим ҳали сўнганича йўқ.
реклама
реклама
– Рафиқаси ва қизи космонавт бўлса, эр ва ота-она нималарни ҳис қилади?
– Ғурур. Кучим ота-онам ва турмуш ўртоғим мени қўллаб-қувватлаши ва менга ишонишида, деб ўйлайман.
– Владимир Жонибеков – супер-қаҳрамонми? У билан танишувдан сизда қандай таассурот қолган?
– Ҳа! У ва унинг рафиқаси билан бирга бир неча кун Ереванда бўлгандик. Жуда камтар, хушмуомала, жиддий, қаттиққўл, айни вақтда ҳазил-мутойиба қилишни ҳам билади. Чуқур ҳурматга лойиқ инсон.
– Ўзбекистонда «Ўзбеккосмос» агентлиги очилганига муносабатингиз қандай бўлди?
— Хурсанд бўлдим, ахир бу ишнинг боши-ку. Улар митти сунъий йўлдошларни учириш, ёшларни жалб қилиш каби дастлабки қадамларни ташлашяпти. Космос — жуда қиммат кўнгилхушлик. Уни бошлаб олиш жуда оғир, улкан бюджетлар талаб қилади. Аммо орбита ўз йўлдошларингдан фойдаланиш — ажойиб ибтидо!
– 2022 йили «Артемида» дастури старт олганди: Ойга манекенлар учирилди, навбатда одамлар турибди, лекин улар Ойга қўнмайди, балки фақат унинг атрофида учиб, айланиб чиқади. Нима учун 50 йил аввал Ойга қадам қўйган инсоният бугун у ерга етиб бора олмаяпти? Нима муаммо?
— Бир неча омиллар бор. У вақтда космик пойга бўлган: СССР ва АҚШ биринчиликни қўлга олиш учун соҳага жуда катта пул тиккан.

Иккинчи омил — хавфсизлик бўйича талаблар ҳам пастроқ бўлган. Ўша вақтда Ойга училган ускуналарни кўрганлар ҳозир даҳшатга тушади, қандай қилиб бунга одамларни чиқариш мумкин эди, деб. У вақтларда стандартлар бошқача бўлган ва нормал қабул қилинган ҳам - пойга шароитида таваккал қилиш керак.

Пойга йўқ, бюджетлар ҳам бошқача, сиёсатчилар учун космос устувор масала эмас ва ўша дастурлар устида ишлаган мутахассислар соҳадан кетган ёки дунёдан ўтган экан, у ҳолда, ишланмалар мавжудлигига қарамай, кашфиётларни қайтадан қилишга тўғри келади.

Ҳозир экипажнинг хавфсизлигига жуда юқори талаблар қўйилган, шу боис барча жиҳатларни келишиш муддати ҳам узайиб кетади. Аммо ҳозир компьютер имкониятлари ва технологиялари кўпроқ.

1969 йили «Аполлон» миссиясининг Ойга учишини таъминлаган барча ускуналар қуввати бўйича айфондан ҳам кучсизроқ эди.

– Кўпчилик космонавтикани йилда бир марта — 12 апрель куни эслайди, Юрий Гагаринни хотирлашни ҳам унутмайди. У космонавт сифатида тасодифан танланмаган, деган гаплар бўлган. Содда ва тушунарли — Юрий Гагарин деган исм-шарифга эга бўлган оддий совет йигити. Исмнинг соддалиги бўйича Анастасия Степанова ҳам Гагариндан қолишмайди. Сизни қачон коинотда кўрамиз?
— Айтганча, Юрий Алексеевич билан туғилган кунимиз ҳам бир санада. Яқин 10 йил ичида космосга учаман, деб жуда ҳам умид қиламан. Мен жараёндан: ўрганишдан, тажрибалардан, мақсад сари ҳаракат қилишдан жуда завқланаман, аммо ушбу фаолиятимдаги сўнгги нуқтага етиб боришни ҳам жуда истардим. Орзулар рўёбга чиқишини хоҳларкан киши.
реклама
реклама
– Космосда сиёсат борми? Унда ҳозир ким етакчи?
— Ҳа, космосда сиёсат йўқ, деган гапларга қарамай, сиёсат у ерга ҳам оз-моз кириб борган. Шундай бўлса-да, космонавтикадаги одамлар имкони борича ахборот алмашишга, қўшма лойиҳалар қилишга тинмай ҳаракат қилишади. Бунга зўр мисол қилиб россиялик Анна Кикина Халқар космик станцияга Американинг SpaceX компанияси кемасида учганини кўрсатиш мумкин. Унинг миссияси 2022 йил октябридан 2023 йил мартига қадар давом этди.

Анна Кикина (чапдан биринчи) SpaceX Crew-5 миссияси экипажи таркибида
– Шундай ибора бор: «Юра, кечир, биз ҳаммасини… [йўқ қилдик]». Сизнингча, биз ҳаммасини йўқотдикми ё йўқ?
— Давлат бюджети фан ва космонавтика тараққиётига йўналтирилиши, муҳандисларга муносиб маошлар тўланиши, ёшлар космонавтикага қуруқ иштиёқ билан эмас, балки севимли иши билан шуғулланиш асносида оиласини боқа олишини англаб кириб келиши учун кўпроқ пул тикиш керак. Мафкура шунга мувофиқ бўлиши керак.

Мақсад қўйиб, маблағ ажратиш керак, шунда барчасини қувиб етишимиз мумкин, чунки биз ҳозир, афсуски, ортда қолиб кетяпмиз, назаримда.
Матнни Иван Головченко тайёрлади.
Фотосуратлар Анастасия Степанованинг шахсий архивидан.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг