11 апрель куни президент раислигида ўтказилган йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича янги тизим жорий этилиши маълум қилинди, деб хабар берди президент матбуот котиби.

Қай этилишича, мамлакатда хусусий тил марказлари сони 6 мингдан ортди. Бугунги кунда 1,5 миллион ёшлар бўш вақтини чет тилини ўрганишга сарфламоқда.

Лекин, шу билан бирга, яқинда 100 минг нафар ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада ёшлар футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон каби спорт турлари билан шуғулланишга қизиқиши, бўш вақтини киберспорт билан ўтказишини, китобхонлик, мусиқа, рақс, караоке, театр ва кино бўйича инфратузилмага эҳтиёж борлигини айтган, оилавий айланиш учун хиёбон ва сайилгоҳлар ташкил этилишини сўраган.

Шу муносабат билан вилоят марказларида, кейинчалик туманларда бутун ҳафта кечаю кундуз ишлайдиган «Ёшлар сайилгоҳлари»ни ташкил этиш топширилди.

Бу жойларда киберспорт, спорт ва интеллектуал ўйингоҳлар, караоке клублари, театр, мода подиумлари, бук-кафе, коворкинглар ва бошқа кўнгилочар жойлар ташкил этилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Истироҳат боғлари, хиёбонларда ижодий ва кино кечалари, рақслар, дискотекалар, викториналар, «Қувноқлар ва зукколар» ва бошқа билимга чорлайдиган ва кўнгилочар, томошабинлар талабига мос тадбирларни йўлга қўйиш топширилди.

Йиғилишда, шунингдек, Тошкент шаҳрида Анҳор ва Бўзсув, Нукусдаги Дўстлик, Урганчдаги Шовот, Фарғонадаги Марғилонсой каналлари бўйида ёшлар ижод кўчалари ташкил этилиши айтиб ўтилди. Бу ерда рассомлар, ҳайкалтарошлар, адиблар, созандалар ва уларнинг мухлислари учун шароит яратилади.

Ҳар бир олийгоҳда коворкинг, театр студиялари ва рақс майдончалари бўлиши кераклиги таъкидланди. Олийгоҳ ректорлари футбол, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича ўз клубларини ташкил этади. Бу клублар Талабалар спорт лигаларига бирлашиб, доимий турнирлар ўтказиб боради.

Қўшимча 300 минг ёшларнинг хусусий марказларда тил ўрганиш харажатларига 100 миллиард сўм субсидия ажратилади. 206 та оромгоҳ йил давомида ишлайдиган тизимга ўтказилиб, ҳар йили 100 минг нафар ёшлар қамраб олади.

Туман марказидан узоқдаги маҳаллаларда спорт, маданият ва санъат йўналишларида тўгарак очган мураббийларга зарур жиҳоз учун 15 миллион сўмгача субсидия берилади.

Бундан ташқари, Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қўқон каби туристик мажмуаларда, шаҳар ва туманлардаги марказий парк ва хиёбонларда «Очиқ осмон остида кутубхона»лар ташкил қилинади.

Ўз ҳисобидан кутубхона барпо этаётган ташаббускорга 1 мингтадан ўзбек ва жаҳон адабиётига оид асарлар олиб берилади. Улар давлат ҳисобидан компьютер билан жиҳозланиб, Миллий кутубхона базасига уланади.

1 майдан ёшлар, талабалар, мактаб ўқувчилари ўртасида сўровлар ўтказиб, улар кўп овоз берган китобларни ўзбек тилига таржима қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий қилинади. Хусусий нашриётларга бу борада кредитлар фоизини қоплаб бериш, гаров таъминоти бўйича енгилликлар берилади.

Мутасаддиларга ҳар бир туманда «дафтар»га кирган 100 нафардан ёшларнинг ички туристик саёҳатларини ташкил қилиш топширилди.

2023 йилдан бошлаб ёшлар ўртасида «Касб-ҳунар олимпиадалари» ўтказилиши таъкидланди. Мисол учун, ошпаз, кондитер, стилист, дизайнер, ҳунармандлар ўртасида олимпиада ўтказилади ва ғолибларга устахоналар қуриб берилади, зарур дастгоҳлар олиб берилади.