Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида мажбурий ижро бюроси ходимига пичоқ билан ташланган фуқарога жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда МИБ матбуот хизмати.

10 апрель куни соат 15:40 атрофида давлат ижрочиси С.Б. қарздор фуқаро О.Т.нинг яшаш хонадонига 26 миллион 982 минг сўмлик банк кредити ва бошқа қарздорликларни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борган.

Шу орада ходим хонадонга келганда фуқаро йўқлиги маълум бўлган ва телефон орқали келишини сўраган. Эркак эса турли баҳоналар билан келмаслигини маълум қилган. МИБ ходими қарздорлик бартараф этилмагани боис мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланганини билдириб келишини билдирган.

«Бундан ғазабланган қарздор эса давлат ижрочисини қасддан ўлдириш мақсадида хўжалик пичоғи билан келиб, қонуний фаолиятга қаршилик қилган. Давлат ижрочисини кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан урмоқчи бўлганида, ўзини ҳимоя қилган ва ўнг қўл кафт соҳасидан жиддий жароҳат олган», — дейилади хабарда.

«Фуқаро яна ходимни ўлдириш мақсадида уни ортидан қувган вақтда ижро ҳаракатларида иштирок этаётган бошқа давлат хизматчилари томонидан қўлидаги хўжалик пичоғи олиб қўйилган», — дея қўшимча қилди МИБ матбуот хизмати.

Ҳолат бўйича ўша куни Тўрақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.