Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги қозоғистонлик таниқли тадбиркор, инвестор ва жамоат арбоби Маргулан Сейсембаевни Тошкентга таклиф қилди. Якшанба куни Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университетида бўлиб ўтган маърузада у қишлоқ хўжалигининг Ўзбекистон учун афзалликлари, нейрон тармоқларни тартибга солиш ва мамлакатнинг тўсиқлар бўйича ривожланиш даражаси ҳақида гапирди.

«Ўзбекистон кўплаб мамлакатларни боқа олади»

Маргулан Сейсембаев Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўзининг қиёсий устунлигидан фойдаланиши керак, деб ҳисоблайди.

«Гарчи Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам илғор мамлакатлардан орқада қолган бўлса-да, бизнинг кучимиз шундаки, бизда яхши аграр бор, биз яхши озиқ-овқат етказиб берувчиси бўла оламиз. Нейрон, компютерлар ва планшетларни яратишимиз мумкинлигига амин эмасман, лекин биз чиройли тарвуз, чиройли резаворлар, олма етказиб бера оламиз».

Тадбиркор Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга устувор аҳамият бериши кераклигини таъкидлади.

«Агар Ўзбекистон саноатлаштириш йўлидан борса, хато бўлади, чунки Хитой аллақачон саноатлаштиришдан фойдаланиб улгурди. Хитой дунёнинг фабрикасига айланди ва уларни такрорлашга уриниш — уларнинг изидан бориш демакдир. Бу нимага керак? Улар ҳар доим биздан зўрроқ бўлади. Ҳозир уларнинг сифати кескин ўсиб бормоқда, биз ишлаб чиқариш ҳажми ва нархлар арзонлиги бўйича ҳам ғалаба қозонолмаймиз. Албатта, миллий хавфсизлик масалалари мавжуд. Биз баъзи нарсаларни ўзимиз ишлаб чиқаришимиз керак, ҳатто буни эплай олмасак ҳам».

Тадбиркорнинг таъкидлашича, мамлакат биринчи навбатда ўз йўналишида кучли бўлган нарсаларни ишлаб чиқариши керак.

маргулан сейсембаев, тадбиркор, ўзбекистон, қозоғистон

«Менда самарадорликнинг шундай қоидаси бор: кучли томонингни кучайтир. Ўзбекистон нимада кучли? Сабзавотлар, полиз экинлари — янада кўпроқ кучайтириш керак. Ўзбекистон кўплаб мамлакатларни боқа олади. Сиз, ҳаттоки ривожланган мамлакатларни ҳам боқа оласиз, бу эса маркетинг, қадоқлаш, ўз мамлакатингиз имижини қандай тақдим этишингизга боғлиқ. Сиз нафақат Россияга, балки Европа, Дубай, Жанубий Кореяга етказиб бериш учун юқори сегментга ўтишингиз, барча экостандартлар ва экосертификатларни олишингиз керак. Агар сизда экостандартлар бўлса, нарх-наво ҳам қимматроқ бўлади».

Шу билан бирга, нейрон тармоқларнинг ривожланиши, роботлаштириш ва автоматлаштириш жараёни қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди тадбиркор.

Нейрон тармоқларни тартибга солиш ҳақида

Маргулан Сейсембаевнинг таъкидлашича, нейрон тармоқларнинг ривожланиши кўплаб соҳаларда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. «Олий таълим — биринчи рақамли хавф остида, чунки нейронлар деярли ҳар қандай касб эгасини алмаштириши мумкин. Ва нейронлар ўрнини эгалламайдиган касбларни эса автоматлаштириш ёки роботлаштириш алмаштириши мумкин».

Унинг сўзларига кўра, нейрон тармоқлар офис ходимлари, мижозлар билан ишлаш бўйича менежерлар ёки маркетинг ва савдо-сотиқ соҳаси мутахассислари каби касб эгаларининг ўринларини эгаллаши мумкин. Бундан ташқари, автоматлаштириш ва роботлаштириш «кўк ёқали» ишчиларни алмаштиради. Бунинг оқибатида эса ишсизлик жуда катта тезлик билан оша бошлайди. Бу муаммони фақат оммавий жамоат ишларини ташкил этиш ва шартсиз асосий даромадни жорий этиш орқали ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайди у.

Тадбиркорнинг тахминича, нейрон тармоқлар иқтисодиётни ҳукуматнинг ушбу жараён таъсирини ўзлаштириш қобилиятидан анча юқори тезликда ўзгартира олади. Натижада, ҳукуматлар нейрон тармоқларини тартибга солишни бошлайдилар, чунки бу «атом бомбасига ўхшайди», деди у.

Маргулан Сейсембаев Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига нейрон тармоқларни назорат қилишни таклиф қилди: «Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, сиз крипто бозорини тартибга солиш билан шуғулланасиз, бироқ сиз нейрон тармоқларни тартибга солишни ҳам бошлашингиз керак».

маргулан сейсембаев, тадбиркор, ўзбекистон, қозоғистон

«Агар деворлар бўлса, унда жамиятда ишонч йўқ»

Тадбиркор иқтисодий ривожланиш даражаси жамиятдаги адолат даражаси билан белгиланишини эслатиб ўтди. Унинг фикрича, мамлакатнинг ривожланиш даражасини биноларнинг деворлар билан ўралганлиги ёрдамида ҳам аниқлаш мумкин.

«Мен бирон бир мамлакатга ташриф буюрганимда, дарҳол ушбу мамлакатнинг тахминий ривожланиш даражасини аниқлай оламан. Қайси параметр бўйича дейсизми? Девор тўсиқлар ёрдамида. Мен қарайман — хусусий уйлар атрофи деворлар билан ўралган. Агар деворлар бўлса, унда жамиятда ишонч йўқ».

«Деворлар нима дегани? Бу ишонч йўқлиги демакдир. Жамиятда ишонч йўқлиги нима дегани? Бу иқтисодиётда юқори транзакциявий харажатлар борлигини англатади. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини сақлаш учун катта харажат, хавфсизлик хизматларини сақлаш учун катта харажат, нотариусларни сақлаш учун катта харажат, адвокатларни сақлаш учун катта харажат дегани. Бу кемаларнинг оғирлашуви дегани. Мана оддий тўсиқлар нимани англатади».