2 апрель куни яна узоқ давом этган жала Тошкентнинг бир қатор кўчаларини кенг кўламли сув остида қолдирди. Ҳатто «Амир Темур ҳиёбони» метро бекатини сув босди, бу — жуда кам учрайдиган ҳолат. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлилари ва ертўлалари ҳам сув остида қолган. Ушбу ҳолат ҳар сафар кучли ёғингарчилик бўлганда такрорланади. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов муаммонинг илдизи ҳамда уни бартараф этиш йўлларини ўрганиш мақсадида масъул идораларга мурожаат қилди.

Муаммо констатацияси

Шаҳар ва мамлакат раҳбарияти сув тошқинларининг асосий сабаби 1960-йилларда барпо этилган ирригация ва дренаж тизимининг эскиргани билан боғлиқ эканини бир неча бор таъкидлаган. Бу, хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2015 йил февраль ойида қабул қилинган ер ости ва ер усти сув оқимларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича Концепцияда ҳам маълум қилинган. Ҳужжат 2014 йил 30 майдаги ёмғирдан кейин қабул қилинган.

Чорсу бозори ёнидаги ер ости ўтиш жойи 2014 йил 30 май.Чорсу бозори ёнидаги ер ости ўтиш жойи 2014 йил 30 май.

Концепцияда ирригация-дренаж тизимининг узлуксиз ишлаши учун объектларни модернизация, реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, насослар ва сув оқимлари тармоқларини алмаштириш зарурлиги қайд этилди. «ТошкентбошпланЛИТИ» лойиҳа институти ушбу ишларнинг лойиҳадан олдинги ҳужжатларини ишлаб чиқиши керак эди.

Ҳужжатда 2015−2017 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган «комплекс чора-тадбирлар рўйхати» мавжуд бўлиб, у охир-оқибат «тошқин сувларининг авариясиз ўтишини» таъминлаши керак эди.

Нафақат тизим эскирган, назорат ҳам етишмайди

2019 йил апрель ойида навбатдаги кўча тошқинидан кейин Тошкент ҳокимлиги дренаж тизимини капитал таъмирлаш учун салкам 60 млн доллар зарурлигини эълон қилди.

Ўшанда шаҳар ҳокимияти сув тошишларининг бешта асосий сабаби: эскирган суғориш ва дренаж тизимидан ташқари, аҳоли томонидан ташлаб кетилган маиший чиқиндилар; ноқонуний бинолар; «айрим масъул шахсларнинг сусткашлиги»; шунингдек, бинолар, йўллар ва йўл ўтказгичларни қуриш учун рухсатномалар беришда лойиҳа ҳужжатларида суғориш тармоқларининг мавжудлигига оид талабларнинг йўқлигини санаб ўтди.

2023 йил апрель ойи бошидаги ёмғирдан кейин президент Шавкат Мирзиёев дренаж тизими муаммосини яна бир бор кўтариб, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига муаммони ҳал этиш бўйича дастур қабул қилиб, икки ҳафта муддатда уни амалга оширишга киришишни топширди.

2023 йил 2 апрелдаги ёмғир оқибатлари. Санъат музейи олдидаги чорраҳа.2023 йил 2 апрелдаги ёмғир оқибатлари. Санъат музейи олдидаги чорраҳа.

8 апрель куни Тошкент ҳокимлигининг янги раҳбари Шавкат Умурзоқов Kun.uz нашрига берган интервьюсида шаҳардаги дренаж тизимини ўрганганини маълум қилди. «Ўзимиздан ҳам айб қидирайлик, 20−30 фоиз дренажларни фуқароларнинг ўзи уй қуриш жараёнида ёпиб юборган. Биз бу нарсаларни ўрганиб, аниқлаб бўлдик. Ҳозир мазкур тизимни энди қандай тиклаймиз, қонунбузилишига йўл қўйган инсонларга қандай чора кўрилади? Бу — давлат мулки», — деди у.

«Нимага сув тошди? Биринчидан, асфальт бўлиб ётибди, сув шимилмади. Одамлар уй қуряпти, қурмаса ҳам тўсқинлик бўлаётганини ёзади. Шароит қилиб берилишини талаб қилишади. Лекин аҳолимиз қурилиш маданиятига риоя қилган ҳолда қуриши керак-ку, ернинг остидан ўтган нарсаларни ёпиб ташлаши керакмас-ку. Бу борада тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам сонини аниқлаб, маълум қиламиз», — деди Шавкат Умрзоқов.

Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш топширилган «ТошкентбошпланЛИТИ» институтининг «Газета.uz»га маълум қилишича, дренаж тизимини такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар муассаса томонидан ишлаб чиқилган «Тошкент шаҳри ҳудудини муҳандислик тайёрлаш схемаси»да белгиланган. Бироқ ҳужжат «хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи остида қабул қилингани боис у билан танишишнинг имкони бўлмади. Ҳужжатларнинг бажарилишини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилиши керак эди.

Ўтган йилларда эълон қилган режалар бўйича тизимда капитал реконструция ишлари амалга оширилган-оширилмаганини билишнинг иложи бўлмади. Биз фақатгина шаҳар ҳокимлигининг Ободонлаштириш бош бошқармаси (ОББ) жорий таъмирлаш ишлари билан шуғулланаётганини аниқладик.

ОББ ободонлаштириш ва ирригация бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Исоқов «Газета.uz» билан суҳбатда ҳокимлик томонидан юқорида санаб ўтилган бешта муаммога шаҳарнинг ўсиш омилини ҳам қўшиш кераклигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ҳокимлик томонидан янги дастур ишлаб чиқилмоқда, бироқ уни самарали амалга ошириш учун шаҳарда пайдо бўлган объектларда қурилиш меъёрларига риоя этилишини назорат қилиш зарур.

Age Tashkent лойиҳасига кўра, 2019 йилнинг ўзида пойтахтда қурилган кўп қаватли уйлар сони 463 тани ташкил этган. Охирги марта бир йил ичида бунчалик кўп бино Тошкентда 1966 йилдаги зилзиладан кейин пайдо бўлган эди. Ўша даврдан фарқли равишда, XXI асрда уйлар кенгроқ ва баландроқ бўлди. Шу билан бир қаторда, сўнгги йилларда турар-жой, маъмурий ва савдо биноларидан ташқари, янги кўча ва йўллар барпо этилди.

Ушбу объектларнинг барчаси қурилиши билан аввал ёмғир ва эриган сувларни ўзига сингдирган очиқ майдонлар майдони қисқармоқда. Дренаж ва сувни тўплашни тўғри лойиҳалаш орқали асфальтланган ва бетонланган майдонларда сув тўпланишининг олдини олиш мумкин эди. Бироқ, ёмғирдан кейинги кўчаларнинг ҳолатига қараганда, бу соҳада нормаларга амал қилиниши кўпинча кузатилмайди.

Тошкент кўчаларидан бирида реконструкциядан сўнг асфальт ва яшил майдон нисбатига мисол. Фото: Хушнуд Асамов.Тошкент кўчаларидан бирида реконструкциядан сўнг асфальт ва яшил майдон нисбатига мисол. Фото: Хушнуд Асамов.

Пойтахтнинг дренаж тизими қандай барпо этилган

Шаҳарга тушадиган ёғингарчилик қаердадир тўпланиши ва чиқиб кетиши керак. Уларнинг бир қисми тупроққа сингиб кетади, қолганлари ирригация-дренаж тизими орқали чиқарилади. Бу тизим ер усти ва ер усти каналлари, ер усти ва ер ости коллекторлари (каналлардан фарқли равишда, коллекторлар оқова сувларни тўплайди), ер усти ариқлари ёки лотоклардан ташкил топади. Уларнинг барчаси ўзаро боғлиқ бўлиши керак.

Шаҳарсозлик стандартларига (ШНК 2.07.01−03) мувофиқ, аҳоли пунктлари, саноат корхоналари ҳудудлари ва турар-жой биноларида лоток (очиқ ёки ёпиқ) ёхуд қувурлардан иборат ёпиқ оқова тармоғи ўрнатилиши мумкин.

Сув лотокларга оқиб тушиши учун асфальт одатда нишаброқ қилиб ётқизилади (бу ҳар доим ҳам кузатилавермайди). Шунингдек, лотоклардаги сув тўсиқларсиз оқиб кетиши учун лотокларнинг ўзи ҳам маълум бир диаметрга ва ётқизиш бурчагига эга бўлиши керак. Аҳмаджон Исоқовнинг сўзларига кўра, пойтахт бўйлаб 3023 км лоток ётқизилган бўлиб, шундан 1549 км ОББ балансида.

Лотоклардан сув очиқ ва ёпиқ (ер ости) коллекторларга киради. Баъзи бир участкаларда сувни чиқариб берадиган насос станциялари ўрнатилиши керак. ОББ балансида 38 км ёпиқ ва 40 км очиқ коллекторлар мавжуд. Ер ости коллекторларини тозалаш учун люклар билан қопланган қудуқлар қурилмоқда (шаҳарда 956 та шундай қудуқлар мавжуд).

Ҳокимлик ҳузуридаги Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташган ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси шаҳарда умумий узунлиги 391 км бўлган 120 та канал борлигини маълум қилди. Каналлар магистраль (узунлиги 137 км бўлган 16 та), туманлараро (узунлиги 90 км бўлган 24 та) ва минтақавий (узунлиги 164 км бўлган 80 та) бўлинади. Барча каналлар Бўзсув дарёсидан бошланади. Салар, Анҳор ва Чиғатой — энг йирик магистраль каналлар ҳисобланади.

2014 йил 30 май куни кузатилган жалали ёғингарчиликнинг интенсивлиги сониясига 952,5 куб метрни (жалали сув ўтказувчанлиги қобилияти 521,9 куб метр эди) ташкил этди. Шундан ёмғир ва оқова сувларнинг 54,8 фоизи мавжуд коллекторлар орқали оқизилди, 45,2 фоизи эса заиф участкаларда тўпланди, дейилади юқорида тилга олинган ҳукумат қарорида.

Коллекторрларнинг чиқиндилардан тозаланиди. Фото: ОББ.Коллекторрларнинг чиқиндилардан тозаланиди. Фото: ОББ.

Лотоклар, коллекторлар ва каналларни тозалаш ва жорий таъмирлаш ободонлаштириш бўлимлари ходимлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, ОББ юқори органларга муаммоларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни таклиф қилади, шунингдек, йиллик дастурларни ишлаб чиқади. Дренаж тизимининг шикастланган участкалари тўғрисидаги маълумотлар туман бўлимларидан ОББга юборилади, у ерда участкалар ва нуқсонлар рўйхати тузилади ҳамда таъмирлаш учун смета ҳам ишлаб чиқилади. Ҳужжат халқ депутатлари Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Қурилиш-монтаж ишлари мониторинги Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда унинг таркибий бўлинмалари, хусусан, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан амалга оширилиши лозим.

Аҳмаджон Исоқов қурувчиларнинг лойиҳалари ОББ мутахассисларининг эксперт баҳосини олиши кераклигини тушунтирди. Хусусан, экспертлар қурилиш майдончасига бориши, лойиҳа ҳужжатларини ўрганиши лозим: сув тармоқлари, қувурларнинг ўлчами ва сонини уйлар сонига нисбатини ўрганишади. ОББ мутахассислари, шунингдек, қурувчилар оқова сув тармоқларини улашлари учун энг яқин канализация тармоғини аниқлашади. Агар коллектор тармоғи узоқда жойлашган бўлса, қурувчилар алоҳида коллектор қуришлари керак бўлади.

Ёмғир ва эриган сувларни оқова канализацияга қуйилиши керак, аммо баъзи қурувчилар сув чиқиб кетадиган қурилмаларни кўчалардаги лотокларга улашмоқда, дея қайд этди ОББ вакили.

2018 йилда ОББ ходимлари томонидан 44 та, 2019 йилда 48 та, 2020 йилда 59 та, 2021 йилда 38 та ва 2022 йилда 88 та кўча сув тошқини ҳолатлари бартараф этилган. Бундан ташқари, сув тошқини тез-тез янги ҳудудларда содир бўлади, деди бошқарма ходими.

Аҳмаджон Исоқов сув тошқини муаммосини сўнгги йилларда фаол қурилиш ишлари олиб борилаётган Махтумқули кўчасининг Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси билан чорраҳасидан Паркент кўчасигача бўлган янги қисми мисолида кўрсатди. 2018 йилгача, кўчалар қўшилмагунга қадар, бу майдон ўсимликлар ўсиб турган очиқ майдон эди.

Қуйидаги Google сунъий йўлдош тасвирида ушбу ҳудуд 2014 йилда, кўчалар қўшилишидан олдин ва 2022 йилда қандай қиёфада бўлганини кўриш мумкин.

дренаж тизими, тошкент, тошқинлар

дренаж тизими, тошкент, тошқинлар

Ҳозирда, ОББ маълумотларига кўра, Махтумқули кўчасидаги дренаж лотокларига янги объектлардан ёғингарчилик сувлари чиқиб кетишига мўлжалланган 105 дан зиёд қувурлар уланган.

Махтумқули кўчаси.Махтумқули кўчаси.

«Аммо лотоклар ёмғир сувини турли объектлардан эмас, балки кўчалардан тўплаши ва олиб чиқиб кетиши керак бўлган тизимнинг элементидир», — деди бошқарма бошлиғи. Ва бу кўча — мисоллардан бири, холос.

Махтумқули кўчаси.Махтумқули кўчаси.

Бошқа муаммолар

Ариқлар ва ҳатто каналларни бетонлаштириш ҳам муаммо бўлиб қолмоқда. 2022 йилда Паркент ва Муҳаммад Юсуф кўчалари чорраҳаси сув остида қолган эди. Маълум бўлишича, қурувчи ариқни бетонлаб ташлаган. Яна бир ҳолатда, Касаба кўчасидаги таксопарк олдидаги ирригация тизими ҳам қурилиш вақтида ёпиб ташланган. Муаммони ҳал қилиш учун сув оқими қайта йўналтирилди.

ОББ ва Каналларни ишлатиш бошқармасининг таъкидлашича, баъзи қурувчилар ўз объектларини каналлар оқадиган ҳудудда қурмоқдалар. Улар каналларни қисман ёпади ва шу билан сув йўлини тўсиб қўяди.

Пойтахт кўчаларидан биридаг чиқиндилар билан тўлган лоток.Пойтахт кўчаларидан биридаг чиқиндилар билан тўлган лоток.

Аҳмаджон Исоқов лотоклардаги маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммо ҳам борлигини тасдиқлади. Лотокларга тушган чиқиндилар уларни ёпиб қўяди, баъзи ҳолларда ҳақиқатан ҳам сув тошқинига олиб келади. 2022 йилнинг 8 ноябрь куни Шота Руставели кўчасида «Вега» савдо маркази яқинида қувур селофан, шиша ва бошқа чиқиндилар билан тўлдирилганлиги сабабли сув тошқини содир бўлган. У ерда катта диаметрли қувур ўрнатилди.

Лотокларни туташтирувчи қувурларга чиқинди тиқилиб қолмаслиги учун ўтган йили ободонлаштириш ходимлари Тошкент атрофидаги лотокларга 152 дона темир панжара ўрнатиб чиқди.

Пойтахтда кўп йиллардан буён шаҳарликлар тилга олинаётган урналар етишмайди. Бу йил ОББ томонидан 714 та чиқинди қутиси ўрнатилди, бироқ бу етарли эмас. Шуни таъкидлаш керакки, барча ахлат қутилари фойдаланиш учун қулай эмас ва у ёки бу нуқтада ҳосил бўлган ахлат миқдори учун мўлжалланган. Бундан ташқари, улар ҳар доим ҳам қулай бўлган жойда ўрнатилмайди.

Вақт ўтиши билан лотокларни боғлайдиган қувурларнинг диаметрини кенгайтириш керак. Пойтахтнинг кўплаб жойларида қувурларнинг диаметри 300 мм ни ташкил этади. «Қувурларни 426 ёки 530 мм гача кенгайтириш керак. Биз буни босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз. Агар Тошкентда бундан ҳам кўп бинолар бўлса, шартли равишда 10 йилдан кейин диаметри 530 мм бўлган қувур ҳам бардош бера олмайди. Лотокларнинг ўзини ҳам кенгайтириш керак», — деди Аҳмаджон Исоқов.

Шу билан бирга, баъзи насос станциялари нотўғри ишлаяпти ёки сув оқимини бошқара олмайди. «Агар насосларнинг қуввати кичик бўлса, уларни ҳам алмаштириш керак», — дея қўшимча қилди у.

ОББ вакили ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳам қайд этди. Бугунги кунда ободонлаштириш тизимида 10 минг киши ишлайди. Бу рақамга махсус техникалар ҳайдовчилари, лойиҳаловчилар ва чиқинди йиғувчилар киради. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ОББ яна 5000 ходимни ёллаши керак.

Ишга олиш муаммоси маошнинг камлиги билан боғлиқ, дея тушунтирди Аҳмаджон Исоқов. Кўча тозаловчилар ойига 1,3−1,4 млн сўм олади. Тушлик ўз ҳисобидан. «Мен уларга тозалаш ишлари учун танбеҳ беришдан уяламан», — деди у.

Аҳмаджон Исоқов Тошкентдаги дренаж тизими муаммосини ҳал этишнинг энг муҳим чораси шаҳарда қўшимча коллекторлар қурилиши, деб ҳисоблайди.

«Обод маҳалла» қайта кўриб чиқишга муҳтож

Тошкентдаги ободонлаштирилган маҳаллалардан бири. Баланд бордюрлар ва яланғоч боғчалар.Тошкентдаги ободонлаштирилган маҳаллалардан бири. Баланд бордюрлар ва яланғоч боғчалар.

Сўнгги йилларда аҳоли турар-жойлари ҳовлиларини сув босганлиги сабабли, одамларнинг подъездлардан чиқа олмаслиги ҳам катта муаммога айланди. Аҳоли 2021 йилда «Обод маҳалла» дастури доирасида кенг майдонларга баланд бордюрлар ўрнатилиб, асфальт ётқизилганини асосий сабаблардан бири сифатида кўрсатмоқда.

Ўша йили пойтахтнинг 524 та маҳалласини ободонлаштириш учун 1 трлн сўмдан ортиқ (2021 йил 26 апрелдаги курс бўйича 94 млн доллардан ортиқ, ҳар бир маҳаллага 2 млрд сўмдан) маблағ йўналтирилди. Якунда ободонлаштириш ниҳоятда «шафқатсиз» бўлиб чиқди — ободонлаштириш ходимлари ҳокимликлар топшириғига кўра олд боғлардаги ўсимликларни илдизи билан юлиб ташлашди. Очиқ ер ўрнида автотураргоҳлар ташкил этилиб, кўплаб сув тармоқлари тошлар билан қопланган (дренажни яхшилаш учун айтилган) ёки қувурлар билан алмаштирилган. Ушбу яхшиланишнинг камчиликларини кўриш учун сиз мутахассис бўлишингиз шарт эмас.

Жорий йилда эса Тошкентдаги маҳаллаларни ободонлаштиришга 1,4 трлн сўм, аномал совуқдан жабр кўрган маҳаллаларда инфратузилмани ривожлантириш, автомобиль йўллари, пиёдалар йўлаклари ҳамда муҳандислик-коммуникация объектларини таъмирлаш ва ободонлаштириш учун эса ҳар бир маҳаллага (ҳозир 584 та) қўшимча равишда 1 млрд сўмдан маблағ ажратилди.

Мавжуд вазиятда тартибсиз равишда чиқинди ташлайдиган аҳоли ёки қурилиш қоидаларини бузган қурувчиларни айблашда давом этиш мумкин. Ёғингарчилик миқдори дренаж тизими олиб чиқиб кетиши мумкин бўлган ҳажмдан юқори бўлди, деб ҳам айтиш мумкин. Бироқ, кўриниб турибдики, муаммо сурункали равишда кейин ҳам юзага чиқаверади. Ҳукумат нафақат ўсиб бораётган шаҳар ва иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда ваколатли лойиҳани ишлаб чиқишлари, балки сўнгги йилларда қабул қилинган қарорларни ҳам ревизия қилиб чиқиши керак.