10 апрель куни соат 17:30 атрофида Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 110-мактабда 8-синф ўқувчиси (ўғил бола) вафот этди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ҳодиса содир бўлган жойга туман ҳокими, туман прокуратураси, туман ИИО ФМБ раҳбарияти, тезкор навбатчилик гуруҳи борган. Мактаб кузатув камераси видеоëзувлари ўрганилганда, ҳодиса жойида жанжал ёки келишмовчилик бўлмагани аниқланган.

Суд тиббиёт экспертизасининг 11 апрелдаги 160-сонли дастлабки хулосасига кўра, Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 2009 йилда туғилган 8-синф ўқувчиси М.С.нинг ўлимига «ошқозон ости безига кенг кўламли қон қуйилиши, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги, ўнг кўз ёнида шилинма, ички аъзолари тўлақонлиги, бош мия ва ўпкалар шиши» сабаб бўлган.

Ҳозирда терговга кадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.