Наманган шаҳрида 3 ой давомида 152 марта қоидабузарлик қайд этилган автомобиль аниқланди, дея хабар қилмоқда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати.

2023 йил 31 март куни соат 23:30 ларда Наманган шаҳар Давлатобод тумани Ислом Каримов кўчасида 01 T 234 ZA белгили Hyundai Sonata автомашинаси ЙПХ инспекторлари томонидан тўхтатилиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашина ҳужжатлари кўрсатилиши талаб қилинган.

Ҳайдовчи эса машина унга тегишли эмаслигини айтиб, ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим эта олмаган. Шундан сўнг, транспорт воситаси белгиланган тартибда вақтинча сақлаб туриш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилганда, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси йўқлиги, 01 T 234 ZA давлат рақам белгиси эса ЙҲХХ рўйхатидан ўтказилмагани аниқланган.

Чуст туманида яшовчи 1990 йилда туғилган фуқарога тегишли бўлган ушбу транспорт воситасида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ўрганилганда, ҳайдовчи 2023 йилнинг шу вақтига қадар жами 152 та қоидабузарлик содир этгани, бу ортидан юзага келган жарима суммаси 410 миллион сўм экани аниқланган.

Бироқ давлат рақам белгиси ҳақидаги маълумотлар тизимда мавжуд эмаслиги боис содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқаришнинг имконияти бўлмаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув давом этмоқда.