Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиалида 2022−2023 ўқув йилида ўтказилган касбий имтиҳонлар натижалари ўрганилди, деб хабар берди «Ўзбекистон 24» телеканали.

Сохта имтиҳон натижалари сабабли юқори балл тўплаган абитуриентларнинг аксарияти талабаликка тавсия этилмагани маълум бўлди.

Тузилган идоралараро комиссия имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқди ва 145 нафар абитуриент университет талабаси бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан олийгоҳ қабул комиссияси мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЎзДЖТСУ Фарғона филиалида ўтказилган касбий имтиҳонларда 356 нафар абитуриент тўплаган балларга сохта ёзувлар киритилиб, уларнинг 322 нафарига балл қўшиб берилгани, 34 нафарининг баллари эса камайтирилгани аниқланганди. Натижада юқори балл тўплаган 145 нафар абитуриент ўқишга кира олмаган эди.