Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йил 1 апрель ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари март ойида 1,47 млрд долларга (+4,3 фоиз) кўпайиб, 35,44 млрд долларни ташкил қилди.

Хорижий валюта захиралари деярли ўзгармаган ҳолда — 10,11 млрд доллар (+42,8 млн доллар) даражасида қолди.

Захираларнинг ошиши, асосан, олтин захираси қийматининг 1,41 млрд долларга ошиб, 24,25 млрд долларга етиши ҳисобига содир бўлди. Шу билан бирга, олтиннинг физик ҳажми 0,3 млн троя унцияга (9,3 тонна) камайиб, 12,3 млн троя унциясини (тахминан 382,5 тонна) ташкил этди.

Март ойида олтин котировкалари 2022 йил 18 апрелдан бери биринчи марта бир троя унцияси учун 2000 доллардан ошди. Қимматбаҳо метал АҚШ ва Европада банк секторидаги инқироз ва молия компаниялари акцияларининг қулаши фонида қимматлашмоқда. Frank Media`нинг MarketWatch маълумотларига таяниб хабар беришича, олтин нархи бўйича мутлақ рекорд 2020 йил 6 августда бир унция учун 2069,4 долларни ташкил этган.

Мавжуд захиралар мамлакатнинг 2022 йилги импортидаги кўрсаткич — 30,67 млрд доллардан ошади. Халқаро ташкилотларнинг ривожланаётган мамлакатлар учун берган тавсияларига кўра, захиралар камида уч ойлик импортни қоплаши керак.