Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан танишиш учун пайшанба куни Қорақалпоғистонга келди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Янги ташаббуслар

Ташриф Кегейли туманидаги йилига 3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга «Ақтуба текстил» корхонасидан бошланди. Ҳар йили 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Корхонада 500 та иш ўрни яратилди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

У ерда касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган. Унда яқин маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганади. Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечирди, ишчи аёллар билан суҳбатлашди.

Шу туманда Қорақалпоғистонни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Дастлаб олтита корхона — Беруний туманидаги «Беруний буғдой кластер» ҳамда «Райҳон аппарел», Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» заводининг 3-босқичи, Қўнғирот туманидаги «ККРаси кемикал», Нукус шаҳридаги «Азимут ҳотел», Тўрткўл туманидаги «Хозагро» корхоналари видеоалоқа орқали ишга туширилди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Мазкур корхоналарда жами 1 минг 100 та доимий иш ўрни яратилади, улар орқали ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади. Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, ушбу янги корхоналарни ишга туширди.

«Бу ишлар тўхтамайди»

Президент матбуот хизмати Қорақалпоғистонда олти йил ичида (Ўзбекистонда раҳбарият алмашгандан сўнг) 15 триллион сўмлик инвестициялар бўйича 5300 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилгани, тадбиркорлар сони икки баравар кўпайганини, 46 минг доимий иш ўрни яратилганини таъкидлади. Бутун республика саноати 1,3 баробар ўсган.

2022 йил 31 августда президентнинг Қорақалпоғистонда тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича қарори қабул қилинган эди. Тадбиркорларга жозибадор бизнес муҳитини яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

«Биз битта эл ва битта юртмиз! Ҳамма вилоятлар Қорақалпоғистонни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоят ҳокимлари, идора ва банклар раҳбарлари бириктирилган. Бунинг натижалари барча туманларда кўриняпти ва бу ишлар тўхтамайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Учта янги ташаббус

Йиғилишда президент Қорақалпоғистонда аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббусни эълон қилди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Биринчидан, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан қўшимча маблағлар ажратилади. Бунинг учун Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга 2023 йилда 250 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Иккинчи ташаббус — кадастрга эга бўлмаган 38 мингта уй-жой ва кўчмас мулк объектларига кадастр тўлиқ қилиб берилади.

Учинчидан, 2023 йилда 4 мингта турар жой биноси қурилади. Шунингдек, республика аҳолисига замонавий лойиҳа бўйича 4 мингта якка тартибдаги уй жой қуриш учун 4 сотих ер майдони ажратилади.

Йиғилишда иш ўринлари сонини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Республикадаги 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп экани таъкидланди. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти қониқарсиз. 120 км автомобиль йўллари ва 600 км энг гавжум ички йўллар таъмирлашга муҳтож. Электр тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Маданий тадбир

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Шавкат Мирзиёев кекса авлод вакиллари, ижодкорлар билан биргаликда бадиий дастурни томоша қилди. Халқ шеърларидан парчалар, қорақалпоқ қўшиқлари — «Шағала», «Дембермес», «Нигарим»лар ижро этилди, Алишер Навоий, Бердақ, Махтумқули, Абай асарларидан намуналар ўқилди. Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг «Туғишганлик» шеъри ва «Ўзбекистон» қўшиғи ижро этилди.

Ёшлар технопарки

Сўнг президент Нукус ёшлар технопаркида бўлди. У ерда президентга қуритилган органик помидор, оқова сувларни тозалаш ва балиқларга озуқабоп ўсимлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Давлат раҳбари тақдим этилган лойиҳаларни молиялавий қўллаб-қувватлаш, амалиётга кенгроқ жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Маҳаллага ташриф

Кечқурун Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган «Алтин жағис» маҳалласида бўлди. Маълум қилинишича, президент у ерда бир неча соат вақт ўтказган.

2022 йилда маҳалла «Обод маҳалла» дастурига киритилиб, бу ерда йўллар, электр тармоқлари, ичимлик суви ва газ тармоқлари янгиланди, дейилади хабарда.

Президент аҳоли билан мулоқотда Қорақалпоғистоннинг барча маҳаллаларига қўшимча 500 миллион сўм ажратилишини таъкидлади.

«Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади», — дейди у.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Шавкат Мирзиёев шу ерда истиқомат қилувчи Қуўаншбай Сейтназаров хонадонидаги ифторликда иштирок этди.

шавкат мирзиёев, қорақалпоғистон

Кейин президент сумалак сайлида ҳам қатнашди.