Дональд Трамп АҚШнинг судда расман жиноий иш очилган биринчи собиқ президентига айланди. Пайшанба куни Манхэттендаги Катта ҳакамлар ҳайъати бунга овоз берди, дея хабар бермоқда BBC.

Бу янгиликни биринчи бўлиб Америка газеталари хабар қилди ва уч соатдан кейингина уни Манхэттен округи прокурори Алвин Брэгг идораси тасдиқлади. У январь ойида Трампни судга келтириш ёки келтирмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун Катта ҳакамлар ҳайъатини чақирганди.

Мазкур иш Трампга қарши қилинган бир нечта терговларнинг биридир. Бу порноюлдуз Сторми Дэниэлсга (Стефани Клиффордс) сукут сақлаши учун пул тўлаш билан боғлиқ.

Иш материалларига кўра, 2016 йилги сайловлар олдидан Трамп адвокат орқали унга ўн йил аввалги муносабатлари ҳақида жим туриши учун 130 минг доллар тўлаган.

Тўлов ноқонуний эмасди, бироқ Трамп ва унинг адвокати қилган иш Нью-Йорк штатида сохта ҳисобот сифатида қабул қилинадиган ва қонунга мувофиқ жазоланадиган юридик хизматлар учун биринчи тўлов сифатида белгилаган.

Адвокат Майкл Коэн 2018 йилда уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ ўша пайтда президент бўлган Трампга расман айблов қўйилмаган.

Трампга қарши очиладиган айбловнинг тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмади.

Флоридада яшовчи Трампга Нью-Йоркдаги судга келишга буйруқ берилиши, у ўша ерда расман ҳибсга олиниши мумкин, деб ёзади BBC.

Собиқ президентнинг ўзи айбига иқрор эмас, у демократ прокурор Алвин Брэггни «бу каби қабиҳ ишларни [амалдаги президент] Жо Байден фойдаси учун қилганликда» айблади.

Сторми Дэниэлс иши Трампга қарши бошқа айбловлар каби унинг яна президентликка номзод бўлиш режаларига таъсир қилиши мумкин экани айтилган.