Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани суди 248 нафар фуқародан 12 миллиард сўм пулни фирибгарлик йўли билан олган Uz Avto Premium ва Аvto Alo Group МТ (таъсисчиси бир) компанияларининг тўрт нафар вакилига ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилди.

Суд жараёни деярли бир йил давом этган. Жабрланувчиларнинг маълум қилишича, компаниялар уларга қисқа муддатда Cobalt, Nexia-3, Gentra, Malibu ва Isuzu автомобилларини етказиб беришни ваъда қилган. Орадан икки йил ўтса ҳам, машиналар топширилмаган. «Биринчи тўловни олгандан сўнг компания вакиллари алоқани тўхтатди», — деди жабрланувчилардан бири.

Телеканалда намойиш этилган лавҳада суд жараёнида бошқарувчи бўлиб ишлаган айбланувчилардан бири махсус сақланиш хонасининг панжараларига ўзини уриб, бақирганини кўриш мумкин. Кейинроқ у журналистларга берган интервьюсида «агар фирибгарлик ҳақида билганимда, у ерда ишламаган бўлардим», — дея таъкидлади.

автомашина олиб бериш, фирибгарлик

Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а,в» бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а,б» бандлари ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этган Uz Avto Premium компаниясининг 29 ёшли раҳбари 9 йил 6 ойга, шунга ўхшаш моддалар бўйича айбланган 26 ёшли йигит 9 йилга қамалди.

Худди шу моддалар ҳамда 277-модда (Безорилик) 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этган Avto Alo Group компанияси раҳбари — 27 ёшли йигит 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

30 ёшли судланувчи аёл эса Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «в» банди ва 228-моддаси 2-қисми «а,б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, суд айбланувчилардан 232 нафар жабрланувчига етказилган зарарни биргаликда ва қисман ундиришга қарор чиқарди.

Жабрланганларнинг баъзилари суд залида можаро келтириб чиқарди. 5 нафар шахсга нисбатан ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида баённомалар тузилди.

Бу автомобиль етказиб беришни ваъда қилган компаниялар томонидан харидорларнинг биринчи марта алданиш ҳолати эмас. 2020 йилда 60 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш орқали машина сотиб олишни таклиф қилган Avto 60 oy компанияси фаолиятидан деярли 17 минг киши зарар кўргани хабар қилинганди. Зарар 6 миллион долларга баҳоланган.

Ўша йили 40 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш орқали автомобиль сотиб олишни таклиф қилган AvtoRental компанияси фаолиятидан юзлаб одамлар зарар кўргани ҳам маълум қилинганди. Компания раҳбари қидирувга берилган.

Шунингдек, Тошкентда автомашиналарни фоизсиз бўлиб тўлаш билан шуғулланувчи Auto Makon компанияси фаолияти тўхтатилгани маълум қилинган. Унинг устидан 150 дан ортиқ одам шикоят қилган.