Нега Тошкентга интиламиз?
Нега Тошкентга интиламиз?
Ўзбекистондаги ички миграциянинг асосий тенденцияси шундай – одамлар асосан Тошкентга кўчади. Пойтахтда прописка режими фавқулодда кучли бўлган баъзи йилларда Фарғона ёки Самарқанд маъқулроқ кўрилган. Аммо бу тренд узоқ давом этмаган.

Сўнгги йилларда Тошкентга кўчиш кўрсаткичи сезиларли ошди. 2016-2017 йилларга қадар пойтахтга ҳар йили 15-20 минг атрофида одам кўчиб келган бўлса, 2019 йили салкам 35 минг, 2020 йили 78 минг, 2021 йилда қарийб 112 минг киши Тошкентда қўним топди (бунда прописка режими айнан шу йилларда енгиллаштирилганинг ҳам ўрни бор). 2022 йилда кўрсаткич бироз пасайди (97 минг), лекин шунда ҳам республиканинг бошқа бирор жойида бунга яқин кела оладиган рақам йўқ.

Нега кўпчилик Тошкентга ошиқади? Ўқиш, иш, турли-туман имкониятдан ташқари яна бошқа сабаблар ҳам борми? «Газета.uz» шу каби савол билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида туғилиб-ўсиб, яшаш ва иш жойи сифатида пойтахтни танлаган бир нечта касб эгаларига мурожаат қилди.
Фируз Аллаев
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ва Франциянинг Сиёсий тадқиқотлар институти Халқаро сиёсий муносабатлар факультетини тамомлаган. Asaxiy.uz интернет дўкони раҳбари, 33 ёш.
Катта шаҳарлар — одамларнинг ҳаёт кечириши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яхши макон. Бизнес нуқтаи назаридан қараганда ҳам бир неча миллион аҳоли йиғилган шаҳарлар қулай: ҳудуд катта, инфраструктура ривожланган, рақобат ва мижоз бор. Бутун дунёда одамлар катта шаҳарларга миграция қилади ва бу табиий жараён.
реклама
реклама
Ўзбекистон нуқтаи назаридан келиб чиқиладиган бўлса, барча жараёнлар марказлашган ҳудуд — Тошкент. Инфратузилмаси яхши, гавжум, мамлакат, аксига олиб, жуда марказлашгани боис, иқтисодий жараёнларнинг асосий қисми ҳам пойтахтда. Таълим, тиббиёт ҳам марказлаштирилган — республикадаги яхши университетларнинг 50 фоиздан ортиғи шу ерда, оғирроқ операцияларни ўтказиш анча осон, ҳатто асосий логистика жараёни ҳам Тошкент орқали — Тошкент орқали дунёнинг бошқа мамлакатларига учиб кетиш Самарқанд ёки Бухородан кўра анча осон. Мамлакатни тенг ривожлантириш жиҳатидан бу - хато, лекин афсуски, Ўзбекистон шароитида шундай бўлиб қолган.

Тошкент — имкониятлар шаҳри. Шунинг учун уни яхши кўраман ва қадрлайман. Бу ерда ростмана ҳаракат қилган, тиришган одам дунёнинг исталган бошқа катта шаҳрида бўлгани каби ўзини, йўлини топиб олади. Аксар ҳолларда вилоятлардан Тошкентга ўқиш учун келадиганларнинг асосий мақсади бир хил — катта одам бўлиш. Мен ҳам шундай хаёлда келганман. Фикримча, бунга эришдим: 100 дан ортиқ ходим ишлайдиган, бутун Ўзбекистонга хизмат кўрсатадиган бизнесга асос солдим, уйли бўлдим, оилам бор, болаларимни катта қилиб турибман, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Албатта, бу режаларни фақат Тошкент билан боғламагандим, лекин айнан шу ерда амалга ошди.
Фото: Фируз Аллаевнинг шахсий архивидан олинди.
Тадбиркор сифатида пойтахтдан ташқарида, дейлик, ўзим туғилиб ўсган Ғиждувонда ҳам бизнес қилиш мумкин. Ғиждувон — тадбиркорлар тумани. Лекин мен у ердан туриб, бутун Ўзбекистонга хизмат кўрсатадиган катта бизнесни ташкил қилолмасдим. Чунки интернет билан боғлиқ бизнесда интернетлашув, аҳолининг интернет орқали хизматларни харид қилиши, умуман, интернет маданияти жуда муҳим аҳамиятга эга, бу борада Тошкент билан Ғиждувон (унинг ўрнида Ўзбекистоннинг исталган бошқа нуқтаси ҳам бўлиши мумкин) кескин фарқ қилади.

Ҳозирча келажагимни Тошкент билан боғлаганман. Агар ҳаёт қайсидир нуқтада ўзим туғилиб ўсган ҳудудга қайтишга мажбур қилса, бошида мослашиш қийин бўлиши табиий, аммо бунга қандайдир фожиа деб қарамайман.

Лекин ҳеч қачон ортга қайтиб, Бухорода яшаш фикри бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Чунки доим катта шаҳарларга интилганман, уларда қулайлик бор. Тошкент бўлмаган тақдирда, Европанинг бошқа қайсидир шаҳрида яшаётган бўлардим.
Албатта, Тошкентни яшаш учун идеал жой ҳам деб айтолмайман, камчиликлар етарлича. Асосий муаммолардан бири — экология, иккинчиси — нотўғри инфраструктура сабаб шаҳарнинг пиёдалар, аҳоли учун ноқулайлашиб, асосан машиналар учун мослашиб бошлагани. Қолаверса, хавфсизлик нуқтаи назаридан назорат керагидан ортиқ кўп, иқтисодий қийинчиликлар ортидан жамият ёлғонга кўмилиб қолган. Тошкентда ёлғон Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига нисбатан кўпроқ. Катта шаҳарнинг стресси одамларни манфаат устида муносабат қуриш, кўпроқ ёлғон ишлатишга мажбур қилиб қўйган.

30-40 йилдан кейин бугунгидан-да мукаммалроқ инфраструктура, батартиб жамоат транспортига эга, одамлари янада эркин ва янада самимий, муҳими, ҳавоси тоза Тошкентда яшашни истардим.
Фазилат Каромова
Қашқадарё вилояти Касби туманида туғилган. Қарши давлат университети ҳамда Тошкент кимё-технология институтини тамомлаган. ISTAL илмий-ишлаб чиқариш корхонаси муҳандиси, 41 ёш.
Болалигимдан телевизорлардаги кўрсатиладиган манзара: бир эшикдан кирганда ҳамма шароити бор, иссиқ-совуқ сув, газу электри ўчмайдиган, мол-ҳол, дала ишлари йўқ, теварак-атрофи кўзни қувнатадиган уйим бўлишини орзу қилардим. Турмушга чиққач, шу орзуим ушалди.

Қариндош-уруғ, ота-она, дўстлардан узоқда бўлиш хавфидан чўчимаганман. Қаерда бўлсам ҳам туғилажак болаларим яхши шароитда яшаши, тарбияланиши керак дердим. Балки шунинг таъсирида тиш-тирноғим билан пойтахтга интилгандирман.
Тошкент – шиддатли шаҳар. Қашқадарёда одамларнинг ҳаракатларини фильмлардаги секинлаштирилган кадрга ўхшатаман: гапиришу, ўзларини тутишлари жуда бемалол. Буни оддийгина таксидан фойдаланганда ҳам сезиш мумкин. Одамлар манзилига етгач, машинада бамайлихотир чўнтак ё сумкасини кавлаб пул олади, узатади, сўнгра тушади.
реклама
реклама
Албатта, пойтахтда яшаш ҳам осон эмас. Бу ерда ўтказган 16 йилимизнинг тахминан, 12-13 йилини прописка муаммоси билан ўтказдик. Ўзимча, гапга чечанман дейману, лекин прописка тизимидан қанчалар нафратланишимни ифодалаб беролмайман.

Турмуш ўртоғим билан маҳалла, жамоат ишларида фаоллигимиз, меҳнатдан қочмаганимиз учун атрофдагилар, қўшнилар билан муаммо бўлмаган. Ишхонада ҳам ўрнимизга эга эдик. Лекин биргина прописка қайсидир мақсадларимизга эришишга тўсиқ қўйган, баъзи давлат ташкилотларида шу баҳона билан лавозимдан лавозимга кўтарилмай қолиш ҳоллари учраган.
Фазилат Каромова (чапдан иккинчида) оиласи билан.
Фото: Шахсий архивдан
Бир неча йиллар аввал турмуш ўртоғимни Қарши шаҳридаги ташкилотлардан бирига раҳбарликка таклиф этишганди. Ўшанда: «Агар хоҳласангиз бораверинг, лекин мен болалар билан ҳеч қачон қайтмайман», деганман. Кулгили туюлар, аммо Тошкентдаги барча вилоятликни ортга қайтариш ҳақида қарор чиққан тақдирда ҳам ҳеч қачон ортимга қайтмасдим. Бор имкониятимни ишга солиб чет элга кетардим.
Камола Мардонова
Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган. Савдогар, 38 ёш.
Бу ерга келганимизга бир йил бўлди. Турмуш ўртоғим охирги икки йилда икки марта инсультни бошдан ўтказгач, шифокор ҳаво алмаштириш учун Тошкентга олиб боринг-чи, деди. Келдик, ҳақиқатдан ижобий ўзгаришни сездик. Наманганда қон босими 180/140 дан тушмасди, кунига 6-7 марталаб тез ёрдам чақирардик. Тошкентда 120/100 бўлди. Вилоятдаги ҳовлимизнинг учта зинапоясидан ҳам тушолмасдилар, бу ерда тўртинчи қаватга бемалол тушиб-чиқяптилар. Хасталик сабаб пойтахтни танладик.
Тошкент ишлаш учун ҳам яхши жой. Иш кўп, ҳаракат қилсангиз, пул топасиз, боқиманда бўлмайсиз. Худога шукр, савдо-сотиқ ортидан ижара пули, болалар ўқиши, хўжайинимнинг дори-дармонига етказяпмиз. Майиз, ёнғоқ, туршак, хандон писта, гажак, банану мандарин сотаман. Агар шуни вилоятда сотай десам, биров олмайди, ҳамма ўз боғидагини қуритиб, тайёрлаб олаверади.
Икки ўғил, бир қизим бор. Ўзим ўқимаганман, болаларимнинг Тошкентда ўқишини, яхши жойда ишлашини хоҳлайман. Пойтахтнинг яна бир плюси – фарзандларимни ўқишга қизиқтирди, илмга иштиёқини оширди.

Мактабга биринчи борган кунимиз Тошкентдаги шароит бизнинг қишлоқларгача етиб бормагани билинди. Маълумотлар базаси, назорат воситаларини тушунтиришди, «Бизда бундайлари йўқ эди», десам, «Тошкентга ҳам энди келди, сизларга ҳам етиб боради», дейишди.

8 синф ўғлимнинг ўқиши анча жонланди. Географиядан Билимлар синовида 3-ўринни олди, энди унданам юқорисига ҳаракат қиляпти. Иккинчи ўғлим дангасароқмиди ё ўқигиси келмасмиди, авваллари кўп дарс қолдирарди. Ҳозир эрта туриб чиқиб кетади.
Камола Мардонова иш жараёнида

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Турмушга чиққач, 12 йил уйдан чиқмай ўз қобиғимда яшаб юрган аёл эдим. Тошкентга келиб иш туфайли атрофдагилар билан гаплашяпман, нимадир ўрганяпман. Газ, свет ва иссиқ сув жоннинг ҳузури. Ўзим тезак қилишдан, болаларим эса пахта даласида, ҳовли томорқасида ишлашдан қутулдик. Ҳеч биримиз ортга қайтишни хоҳламаймиз. Жаҳлим чиққанида: «Ҳаммангни қишлоққа жўнатвораман» десам, «Вой, йўқ бормаймиз!» дейишади.
Дилмурод Жабборов
Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Чорсу бозорида аравакашлик қилади, 48 ёш.
Тошкентга 24 ёшимда келганман. Бир муддат қурилишда ишладим, қиш келиб, иш топилмагач, аравакашликка ўтиб кетдим. Оилам Бухорода, бу ерда ижарада тураман. Бир ой ишлайман, 10 кун уйга бориб келаман.

Тирикчилик илинжида умримнинг ярмини шундай дарбадарликда ўтказиб қўйибман. Агар қишлоғимда 3-4 миллион сўмлик иш топганимда аллақачон кетардим.

Тўғри, у ерда ҳам иш бор: бозор, қурилиш, лекин пули кам, нарх-наво эса қиммат. Оила боқиш, солиқлар, фарзандларимнинг контрактига етмайди. Тошкентда меҳнат ҳаққимни ҳар куни, нақд оламан. Кунига 100-150 минг сўм топаман, бир ойда 4 миллион, ундан ортиқроқ сумма бўлади.
Бу ерга келиб топганим фақат пул бўлди. Пойтахтнинг бошқа ҳеч бир имкониятини кўрмадим: фақат иш ва пул бор.
Дилмурод Жабборов иш жараёнида

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фарзандларим Бухоро давлат университетида тилшунослик бўйича ўқишади. Ўғил-қизларимни уйлантириб, узатгач, вилоятимга кетавераман. Асаларичиликка қизиқаман. Беш йиллардан кейин шу ишни бошламоқчиман. Ҳозирдан ортиқча чиқимни йиғиштириб, топганимни шунга жамғаришим керак, аммо бўйнимда олахуржун бор, пул тўплашнинг иложи йўқ.
Муқаддамхон Саидрасулова
Наманган вилояти Норин туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети Иқтисодиёт факультети таянч докторанти (PhD), 29 ёш.
Тошкентга ҳар ким турли мақсад билан келади, лекин барида битта рағбат бор – қулайликка интилиш. Ўзбекистон бўйича инфратузилманинг энг қаймоғи – Тошкентда. Таълимда кенг имконият, меҳнат бозорида энг яхши меҳнат шароитлари, хусусан, ойлик даромад, кундалик турмушда энг кенг танлов – кўпи шу ерда мужассамлашган.
реклама
реклама
Мен учун Тошкентда ўқиш, ишлаш ва яшашнинг биринчи афзаллиги – вақтимни ўзим хоҳлагандек тақсимлай олишим. Мунтазам ўқиб-ўрганиш, касбий ўсиш, севимли машғулотларим билан шуғулланиш, имкониятларим чегарасини доимий равишда кенгайтириш, яна фарзандларимнинг жаҳон андозаларига яқинроқ(!) шароитда таълим олишини хоҳлайман. Бунинг учун ноқулай ҳаёт тарзи ва унинг катта-кичик ташвишларига қарши кураш билан андармон бўлмаслигим муҳим.
Талабалик йилларим бир устозим туғилиб ўсган жойимга кўпроқ кераклигим ҳақида ҳазилнамо танбеҳ берганди. «Домламнинг гапи тўғри», деганманам. Лекин кейинчалик бу фикримдан қайтганман. Назаримда, биз ота-онамиздан фарқли туғилиб ўсган маконга қаттиқ боғланиб қолмаганмиз. Қаерда ўзимизга мос, қулай «комфорт зона» ярата олсак, ўша ерда қолишга мойилроқмиз.

Туғилиб ўсган жойда ниманидир ўзгартириш, бошқалар ҳаётини яхшилаш учун ҳар доим ҳам у ерда яшаш шарт эмас. Баъзан виждон чидамай, ватанпарварлик ошиб ортга қайтсангиз ҳам, бу уларга ҳамдардлик билдириб, бирга яшашдан бошқа ҳеч нима бермаслиги мумкин.
Муқаддамхон Саидрасулова
Фото: Шахсий архивдан
Тошкентнинг менга атаган ютуқларини қадрлайман, лекин кези келса, очиқдан-очиқ бўғиб қўядиган ҳолатлар бўлишини ҳам инкор этмайман.
Тошкент – Ўзбекистон контекстида олиб қаралса, ўқиш, иш, яшаш учун энг қулай шаҳар. Бошқа пойтахт шаҳарлари билан солиштирсак, ўта ифлосланган ҳавоси, нарх-навосининг қимматлиги, тирбанд ва пиёдалар учун хавфли кўчалари, ностандарт жамоат транспорти, маҳаллийчилик каби камчиликлари юзага қалқиб чиқаверади.
Сирожиддин Иброҳим
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида туғилган. «Маҳалла» телерадиоканали бош муҳаррири ўринбосари, 29 ёш.
Тошкент – журъат, озроқ тошбағирлик ва меҳнаткашликни ёқлайдиган шаҳар. Эҳтимол, барча шаҳри азиму бошкентларга хос хусусиятдир бу. Ҳудудлардан марказга яшаш илинжида келувчи бошқа соҳа вакилларини аниқ билмадиму, ижод аҳлининг интилиши боиси – бу ерда маслакдошлар, юзага чиқиш, кенгроқ қулоч ёзиш имкони бор.
Пойтахтдан узоқлашганингиз сари, Усмон Азим таъбири билан айтганда, «осмон пасайиб», бу имконият заифлашиб боради. Тошкентни имкониятлар макони десак, жуда дабдабали баҳо бўладию, бироқ вилоятлардагидан кўра «маънавий кислород» кўпроқ.
Ҳозир мени тушуна оладиганлар даврасидаман. Нисбатан яхши бир жойда ишлаяпман. Аммо ота-она, яқинлар дийдорига зориқаман. Гоҳида қишлоқнинг оғир меҳнатини ҳам қўмсаб қоламан. Шаҳар ҳаётининг ялтироқ жимжималари руҳимни толиқтиради. Жайдари муносабатларни соғинаман.
Сирожиддин Иброҳим ҳамкасблари билан
Фото: Шахсий архивдан
Қишлоғимга қайтишга мажбур бўлиб қолсам, бу осон кечмаслиги аниқ. Эришгач, қайтиш ҳақида режа қилмаганман. Пойтахт билан боғлиқ мақсадларим бир умрлик, деб ўйлайман. Балки ажалга сабр бериб, кексаликка етадиган бўлсам, шу истак уйғониб қолиши мумкиндир.

Ҳозирча эса туғилиб ўсган еримнинг менга ҳеч эҳтиёжи йўқ деб ўйлайман. Қишлоқ учун қолипдан кўчган ғиштман. Бориб ишлашга келсак, тирикчилик дарди билан юрган ҳамқишлоқларимга юксак санъату адабиётдан маъруза ўқиб ўтиришимни бир тасаввур қилиб кўринг-а?!
Ирода Насимова
Жиззах шаҳрида туғилган. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таянч докторанти, 28 ёш.
Жиззахда туғилиб ўсганман, Самарқандга келин бўлдим, Тошкентда яшайман. Тақдир мени шу уч шаҳар билан ипсиз боғлади. Учаласини ҳам бир-биридан кам яхши кўрмайман. Турмуш ўртоғим билан курсдош эдик. Жаҳон тиллари университетини битирар йилимиз тўйимиз бўлган. Тошкентда атиги 3-4 ойлик қийинчиликларга чидолмай (ижара тўлови, ёш оилаларга хос харажатлар) буткул вилоятга қайтиб кетмоқчи бўлганмиз.
реклама
реклама
Журналистика соҳасидаги талаба ўқишини битирар муддатгача бирор таҳририятда ўрнини топмаса, жуда қийналади. Аммо ишлайди дегани, пули етади дегани ҳам эмас. Магистратурага киришим нафақат мени, балки янги оила аъзоларимни ҳам Тошкентга келишга ундади. Ҳозир ҳаммамиз шу ердамиз, яхши кўрган ишимиз, шахсий бизнесимиз бор.
Пойтахтдаги шиддатли ҳаёт, тезкорлик, янгиланишлар – ҳаммаси имконияти ҳаминқадар муҳитдан келганларни ҳайратлантиради. Шунинг учун хорижга кетиб, юртига қайтиб кела олмаётганлар ёки келишни истамаётганларининг ҳаётини ҳам уларнинг ҳаловати билан боғлайман.
Касбим нуқтаи назаридан қараганда туғилиб ўсган жойимга пойтахтдан туриб кўпроқ ёрдамим тегади. Агар тажрибали шифокор, иқтисодчи ёки адвокат бўлганимда вилоятга қайтиш ҳақида ўйлаб кўрган бўлардим. Аммо журналистикада вилоятдагилар ҳам нажот истаб тўғридан-тўғри Тошкентдаги ОАВга мурожаат қилишни маъқул кўради.
Ирода Насимова оиласи билан
Фото: Шахсий архивдан
Пойтахтда улкан мақсадлар билан яшаётган ёшлар, талабалар, катта аудитория бор. Улар билан локал муаммоларга глобал миқёсда ечим топса, глобал муаммоларга локал масштабда ёндашиб нималардир қилса бўлади. Масалан, Тошкентнинг бир пайтлар яшил шаҳар бўлгани ва ҳозир қуриб бораётгани бу бизнинг локал муаммоимиз. Аммо ижтимоий тармоқлар ёшларларнинг ҳаёти, ўйлари, кечинмаларига кўзгу тутяпти.


Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Портрет суратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz». Материалда суҳбатдошларнинг шахсий архивидаги фотосуратлардан ҳам фойдаланилган. Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг