Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари АҚШга ноқонуний юборишга уринишнинг яна бир ҳолатини аниқлади, дея хабар бермоқда ЎзА.

1996 йилда туғилган Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Й. бошқа бир фуқарони 50 минг доллар эвазига Тошкент-Европа иттифоқи-Мексика-АҚШ йўналиши орқали Қўшма Штатларга жўнатишни ваъда қилган. Зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқаро Н.Т.дан аванс сифатида 10 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фуқаро Ж.Й.га тегишли автомашина кўздан кечирилганида фуқаро Н.Т.га тегишли хорижга чиқиш паспорти, унинг қизининг ID-картаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳоказолар борлиги аниқланган. Ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.