Тожикистонда 23 мартга ўтар кечаси содир бўлган зилзилалар оқибатида 3 киши жабрланди, 60 дан ортиқ чорва моллари нобуд бўлди, деб хабар берди Тожикистоннинг Asia Plus нашри Фавқулодда вазиятлар қўмитасига таяниб.

Зилзила эпицентри бўлган Тожикистоннинг Сўғд вилояти Кўҳистони Мастчоҳ туманида яшовчи икки эркак ва бир аёл енгил тан жароҳати олган. 14 та қорамол, 52 та қўй ва 2 та от нобуд бўлган.

Рашт тумани Такоба қишлоқ фуқаролар йиғинининг Порвоғ, Дуоба, Саридашт ва Такоба қишлоқларидаги 27 та турар жой биноси қисман шикастланган — деворларда ёриқлар пайдо бўлган.

Нуробод тумани Меҳробод ҳудуди Тегирми қишлоғида зилзила оқибатида 2 та турар жой биносига жиддий зарар етган, 10 та турар жой, 1 та таълим муассасаси ва туман ижроия ҳокимияти биноси қисман зарарланган.

Сангвор тумани Фаркинг қишлоғида битта турар жой биносига қисман шикаст етган — деворларда ёриқлар ҳосил бўлган.

Турар жой бинолари ва хўжаликларга етган зарар миқдори республика ва вилоят комиссиялари томонидан аниқланади.

Аввалроқ тунда содир бўлган зилзила эпицентрига яқин жойлашган бир қанча қишлоқларда маҳаллий аҳолининг уйлари ва автойўллар қисман зарар кўргани, бироқ асосан пойдеворсиз хўжалик иншоотлари шикастлангани, одамлар ораасида қурбонлар қайд этилмагани ҳақида хабар берган эдик.