Ижтимоий тармоқда Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчиларга «Ташаббусли бюджет» учун овоз йиғишга мажбурий топшириқ берилгани айтилган видео эълон қилинди. Мактабгача ва мактаб вазири Ҳилола Умарова бу бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Вазирнинг маълум қилишича, айни вақтда «Вазирга мурожаат» порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

«Агар сизнинг таълим масканингизда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71−202−09−09 га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади. „Ташаббусли бюджет“ лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!», — дея қайд этган вазир.

Шунингдек, Бош прокуратура матбуот хизматининг хабарига кўра, бу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенати томонидан «Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланганди.

Унга кўра, педагогларнинг ишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Уларни такрор маъмурий меҳнатга жалб қилганлар БҲМнинг 150−200 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.