Президентнинг 23 мартдаги қарорига кўра, 2023 йил 1 майдан маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланилган жаримани ихтиёрий тўлаш тизими соддалаштирилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Янги тизимга кўра:

  • ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.
  • Бу тартиб суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2020 йил мартда имзолаган қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутувчи модда билан тўлдирилган.

Унга кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Ўшанда соддалаштирилган тартиб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима солинганда амал қилмаслиги кўрсатиб ўтилганди.