Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилда давлат активларини хусусийлаштиришдан 10 триллион сўм даромад олишни кутмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 66,6 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг 2023 йилги бюджетига бағишланган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрида кўрсатиб ўтилган.

2022 йилда давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган даромадлар прогнози 6 триллион сўмни ташкил этган. Ноябрь ойи бошида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов давлат объектларини 5 триллион сўмга (ўша пайтда — 447 миллион доллар) хусусийлаштириш ва йил охиригача бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишни режалаштираётганини эълон қилганди. Ушбу кўрсаткичга олиб чиқилганми ёки йўқ — ҳозирча хабар берилмаган.

2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 310,67 триллион сўм, харажатлари эса 343,21 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Натижада 32,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз камомад шаклланмоқда. Хусусийлаштиришдан тушадиган 10 триллион сўмлик прогноз тушумлари камомаднинг бир қисмини қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган.

Камомаддан ташқари, давлат 19,2 триллион сўмлик асосий қарзни сўндириши керак. Натижада жами 52,1 триллион сўмлик камомад ва қарзларни молиялаштириш манбаларини топиш зарур бўлади.

Бу манбалар икки гуруҳга бўлинади: ташқи ва ички. Хорижий (52 фоиз) халқаро молия институтларининг кредитлари ва евробондлар чиқариш (17,3 триллион сўм) ва давлат дастурларини амалга ошириш учун қарзлар (7,8 триллион сўм) ҳиссасига тўғри келади. Ички (48 фоиз) давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш (17 триллион сўм) ва давлат активларини хусусийлаштиришдан тушган тушумлар (10 триллион сўм)ни ўз ичига олади.

2022 йилда бюджет даромадлари 254,57 триллион сўм, харажатлари 280,12 триллион сўм, тақчиллиги 25,54 триллион сўм (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз) миқдорида прогноз қилинган. Йил охирида ҳукумат харажатлар чегарасига мослаша олмаган. Даромад кўрсаткичлари амалда 286,5 триллион сўмни (прогнозга нисбатан 2,2 фоизга кўп), харажатлар 321,6 триллион сўмни (+14,8 фоиз), тақчиллик — 35,1 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизини (+ 37,4 фоиз) ташкил этган.