7 март куни тунги соат 21:40 атрофида Самарқанд шаҳри Садриддин Айний кўчасида Nexia-3 бино ертўласига тушиб кетди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

2003 йилда туғилган, Самарқанд тумани «Қўлбапоён» МФЙда яшовчи фуқаро Nexia-3 автомашинасида йўловчиларсиз ҳаракатланиб бораётиб, рул бошқарувини йўқотган. Йўлнинг ўнг томонида қурилиш ишлари олиб борилаётган бинонинг очиқ турган ертўласига тушиб кетиб, ҳаракатдан тўхтаган.

Оқибатда ҳайдовчи енгил жароҳат олган. Воқеа жойига тез тиббий ёрдам автомашинаси чақирилиб, ҳайдовчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.

Содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан шаҳар буйича ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.