Андижон шаҳрида ноқонуний равишда электр энергиясидан фойдаланиб майнинг фирма ташкил қилган шахсга 900 миллион сўм жарима тайинланди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.

Вилоят ИИБ Киберхавфсизлик бўлими ва ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ходимлари Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 1994 йилда туғилган Қ.Б. ноқонуний равишда яшаш хонадонида 21 та фаол майнинг қурилмадан фойдаланиб ферма ташкил қилгани аниқланган.

Майнинг ферма фаолияти учун ҳеч қандай рухсатнома ва ҳужжатларсиз электр энергиясидан фойдаланиб келгани ҳамда ушбу хонадон эгалари электр тармоғига ўзбошимчалик билан ҳисоблагичларсиз уланиб олгани маълум бўлган.

Фуқаро Қ.Б.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан 900 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент иштирокидаги йиғилишда Ўзбекистонда газ ва электр соҳасида ўғирлик даражаси жуда юқори экани айтилганди. Шавкат Мирзиёев энергетика назорати бўйича икки йил «фавқулодда тартибда» ишлаш вазифасини қўйганди.

Кейинроқ Сенат энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллаганди. Қонун билан улардан тижорат мақсадларида қонунга зид равишда фойдаланиш ўғрилик деб баҳоланмоқда.