7 март куни Сирдарё туманидаги «Қолгансир» давлат ўрмон ов хўжалигида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати.

Ёнғин юзасидан тузилган вилоят бошқармаси ва тегишли ходимлардан иборат ишчи гуруҳ ўрганиши давомида 10 гектар ер ёнгани маълум бўлган. Шундан 2 гектар майдондаги мавжуд манзарали дарахтлар тегишли тартибда хатловдан ўтказилган.

Хусусан, жами 4 турдаги 294 дона манзарали дарахт ўсишдан тўхташ, 4 турдаги 217 дона манзарали дарахт эса ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастланган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланганда 494 миллион 940 минг сўмни ташкил этди.

Вазирлик хабарига кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига «Шоликор» ва «Синдоробод» сув истеъмолчилари уюшмалари (СИУ) ҳудудида фаолият олиб борувчи 35 нафар фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан шолидан бўшаган ердаги ўсимлик қолдиқларининг ёқиб юборилгани сабаб бўлган ва оқибатда жами 311,7 гектар дала ер майдони ёнган.

Ёнғин оқибатида ернинг унумдор қатламидаги балл бонитети пасайишига сабаб бўлган ҳолатлар бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар қилиниб, 295 миллион 627 минг сўм зарар миқдори белгиланган. Юқоридаги ҳолатлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда.