Олий Мажлисда сенаторлар сони 100 тадан 65 тага қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда 9 март куни «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокамаси вақтида Олий мажлиснинг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов маълум қилди.

Қайд этилишича, парламентнинг назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларини лавозимга қўйиш борасидаги функциялари кучайтирилади ҳамда президентнинг айрим ваколатлари парламентга ўтказилади.

Жумладан, янгиланаётан Конституцияда Бош прокурор, Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин президент томонидан тайинланиши, шунингдек, Монополияга қарши орган ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенат билан маслаҳатлашилгандан кейин президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.

Шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизимини киритиш таклифи киритилмоқда.

«Ушбу йўналишдаги яна бир концептуал ўзгаришлардан бири бу маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб Сенат таркибини ихчамлаштириш орқали унинг фаолият самарадорлигини оширишдир. Шу мақсадда сенаторлар сони амалдаги 100 тадан 65 тага ўзгармоқда. Бунда Сенатни шакллантиришнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинмоқда», — дейди Ширинов.

Бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланиши, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилаётгани айтиб ўтилди.

Қонун Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси президентига юборилиши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда.

Сенат аъзоларининг сонини белгиловчи янги нормалар 2024 йилда навбатдаги чақириқдаги Сенат шакллантирилиши пайтидан эътиборан амалга киритилиши назарда тутилмоқда.