Хитойнинг автобус ишлаб чиқарувчи King Long компанияси Ўзбекистонга 200 та 18 метрли автобус етказиб беради. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Xiamen King Long United Automotive Industry Co., Ltd компанияси ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ўртасида тузилган шартномага асосан 200 дона King Long русумли ўта катта сиғимли автобусни ишлаб чиқариш ишлари давом этмоқда.

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 дона 18 метрли ва 500 дона 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобус ҳамда 300 дона 12 метрли электробус харид қилиш белгиланган.

Компания томонидан 18 метрли табиий газда ишлайдиган автобусларнинг дастлабки партиясини ишлаб чиқариш жараёнлари якунланди. Мазкур автобуслар март-май ойлари давомида Ўзбекистонга етказиб берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига (2022 йил 3 февраль) кўра, 2025 йилгача пойтахтда 1063 та янги автобус ҳаракатланишни бошлаши, улардан 53 таси 2023 йилда ҳаракатга тушириладиган катта сиғимли 18 метрли автобуслар бўлиши ҳақида хабар бергандик. Ушбу «гармошкали автобуслар» пойтахтнинг 11 та магистрал йўналишида ҳаракатланиши режа қилинганди.

Таъкидланишича, транспортнинг қайрилиш даражаси йўлнинг параметрларига тўғри келиши учун автобуснинг ўртаси «гармошкали» тарзда бўлади.