Айрим лавозимларни сурункасига 2 мартадан ортиқ эгаллаш тақиқланиши мумкин

Конституциявий қонун лойиҳасига айни бир шахснинг сурункасига 2 муддатдан ортиқ ушбу лавозимга сайланиши (тайинланиши) мумкин эмаслигига оид қоида киритилмоқда. Бу лавозимларга президент, Сенат раиси, ҳокимлар, бош прокурор ва бошқалар киради.

Ўзбекистонда Сенат аъзолари сони 65 тагача қисқартирилади

Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида парламентдаги сенаторлар сони 100 тадан 65 тага қисқартирилиши маълум қилинди. Бунда ҳар бир ҳудуддан 4 тадан сенатор сайланади. Президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони эса 16 тадан 9 тага камайтирилади.

Тошкентдаги баъзи дўкон ва хизмат кўрсатиш шохобчалари кассасида картадан нақд пул ечиб олиш мумкин бўлади

Тажриба тариқасида Тошкентда вақтинчалик тартиб жорий этилади, унга кўра, айрим дўконлар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари кассасида картадан нақд пул ечиб олиш мумкин бўлади. Биринчи босқичда лойиҳа Korzinka супермаркетлар тармоғида ишга туширилади.

Февраль ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 2 млрд долларга камайди

Феврал ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари январь ойига нисбатан 1,98 млрд долларга пасайди. Натижада кўрсаткич февраль ойига келиб $33,9 млрдни ташкил этди.

King Long компанияси Тошкентга 200 та 18 метрли автобусни март-май ойларида етказиб беради

Хитойнинг King Long компанияси Ўзбекистонга 200 та 18 метрли «гармошкали автобус»ни март-май ойларида етказиб бериши кутилмоқда. Дастлабки партияни ишлаб чиқариш жараёнлари якунланди.

Мактабларда баҳорги таътил 20 мартдан бошланади

Ўзбекистон мактабларида 18 март учинчи чоракнинг сўнгги куни бўлади, тўртинчи чорак 27 мартдан бошланади.

Қўйлиқ метро бекати 8 кунга ёпилади

Тошкент метрополитенининг 7-бекати (Қўйлиқ) 11 март, шанба кунидан кейинги шанба кунига қадар вақтинча ёпилади. Йўловчилар учун 6 ва 7-бекат оралиғида қўшимча автобус қўйиб берилади.

Александр Нечаев юрак хасталигидан вафот этган — Бош прокуратура

Бош прокуратура Тошкентда ўлик ҳолда топилган россиялик журналист Александр Нечаев «сурункали юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг сурункали ишемик касаллиги»дан вафот этганини маълум қилди.

Тошкентда фуқарони АҚШга ноқонуний тарзда жўнатмоқчи бўлган талаба ушланди

Тошкент шаҳрида фуқарони 20 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга юборишини ваъда қилган Жаҳон тиллари университети талабаси ва бошқалар қўлга олинди.

Жаҳон банки Ўзбекистондаги янги қуёш электр станцияларидан энергия сотиб олиш учун 12 млн доллар ажратади

Жаҳон банки «Ўзбекистонда қуёш энергетикасини кенгайтириш-2» лойиҳаси учун 12 млн доллар ажратади. Бу иккита янги қуёш электр станциясидан (ҳар бири 6 млн доллардан) электр энергиясини сотиб олиш бўйича мажбуриятларни бажариш бўйича банк кафолатлари ҳисобланади.

Андижонда аёл ўзини ёқиб юбориши оқибатида вафот этди

Жалақудуқ туманида 23 ёшли аёл устидан бензин қўйиб, ўзини ёқиб юборди. У кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этди. Суиқасд сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланди.

Мўғулистон Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Мўғулистон 2023 йилда Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Бахтиёр Саидов ва Батмунх Батсетсег учрашувида ушбу масала муҳокама қилинди.

Фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган хориждаги 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди

Январь-февраль ойларида фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган 10 мингга яқин Ўзбекистон фуқаросига 108 минг доллардан зиёд ёрдам кўрсатилди. Унинг катта қисми Туркиядаги зилзиладан жабр кўрганларга йўналтирилди. Шунингдек, моддий аҳволи оғир 462 нафар фуқарога ҳам кўмаклашилди.

Журналист ва шоир Акмал Тошев 37 ёшида вафот этди

Бош прокуратура унинг ўлими юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди. У шу пайтга қадар «Инсон ва қонун» газетаси ва «Ҳуқуқ ва бурч» журнали бирлашган таҳририятида бош мутахассис вазифасида ишлаб келаётганди.

Жисмоний шахслар энди қатор хизматлар харидида комиссия тўламайди

Жисмоний шахслардан поезд, самолёт чипталари, барча турдаги коммунал хизматлар, давлат божи ва жарималар, болалар боғчалари, мактаблар ва олий ўқув юртлари учун тўловларни амалга оширишда тўлов хизматлари учун комиссия ундирилмайди.

Умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади

11 март куни Ўзбекистонда ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарида 5 мингга яқин оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилади. Бу ишларга 1,3 млрд сўм сарфланади. Шунингдек, 7 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилага 2 млрд сўмдан кўпроқ моддий ёрдам кўрсатилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортаж:

Ўзбекистон тарихидаги илк кашшоф аёллар

Халқаро хотин-қизлар куни — аёлларнинг профессионал ютуқларини эслаш фурсати. «Газета.uz» Ўзбекистон тарихида ўз касбининг кашшофлари бўлган олти нафар аёл ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Баҳор даракчилари

Ўзбекистонда — баҳор ва «ҳар баҳорда шу бўлар такрор»: ўриклар (ва нафақат ўриклар) гуллаган, ям-яшил ўтлоқларда момақаймоқлар сап-сариқ бўлиб бўй чўзган, уларнинг устида эса қишки уйқудан уйғонган табиат рамзи ўлароқ хонқизиларни кўрасиз. «Газета.uz»дан баҳорий фотожамланма.