Ўзбекистон тарихидаги илк кашшоф аёллар
Ўзбекистон тарихидаги илк кашшоф аёллар
Халқаро хотин-қизлар куни — аёлларнинг профессионал ютуқларини эслаш фурсати. «Газета.uz» Ўзбекистон тарихида ўз касбининг кашшофлари бўлган олти нафар аёл ҳақида ҳикоя қилади.
Халқаро хотин-қизлар куни — аёлларнинг профессионал ютуқларини эслаш фурсати. «Газета.uz» Ўзбекистон тарихида ўз касбининг кашшофлари бўлган олти нафар аёл ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистонда Халқаро хотин-қизлар куни одатда гуллар, совғалар ва концертлар билан нишонланади. Кўпгина мамлакатларда эса бу кунда анъанавий бирдамлик акциялари, аёлларга нисбатан камситишларга қарши ва тенгликни талаб қилувчи юришлар ўтказилади. Одатийликка ўзгача руҳ бағишлаш мақсадида Ўзбекистон тарихида ўз касби, ўз соҳасига биринчилардан бўлиб қадам босган илк кашшоф аёллар ҳақидаги маълумотларни жамлашга қарор қилдик. Айтиш жоизки, уларнинг ҳар бири ўз касбий соҳасининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Келинг, уларнинг тақдири ҳақида сўз юритайлик.
Нозимахоним
(1870–1924)
Биринчи аёл публицист, жадидчилик даври журналисти
«У табиатан адолатсизликка аёвсиз эди». Тадқиқотчи Марҳамат Алимова ўзининг «Ўзбекистон матбуотида аёллар тарихи» асарида Нозимахоним характерини мана шундай очиб берган.

Нозимахоним Бешағочда таваллуд топган ва кейинчалик биринчи аёл публицист бўлиб етишиб чиққан. У илму урфон муҳитида ўсган. Отаси Мулла Саид Аҳмад зиёлилар намояндаси бўлиб, қизини аввал эски услубдаги мактабда (исломий — таҳр.), сўнгра рус миллатига мансуб қизлар мактабида ўқитган. Араб, форс, татар ва рус тилларини ўрганган.

Тарихчи Бегали Қосимовнинг ёзишича, Нозимахон Ўзбекистон аёлларининг жамиятдаги ролини эркинлаштиришга интилгани билан катта из қолдирган. Шоиранинг шеър ва мақолалари юксак савияда, лирик услубда ёзилган. Ўз ижод намуналарида у аёлларнинг билим олиш ва Туркистоннинг жамоат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилди, шунингдек, оилавий муносабатлардаги тенгсизликни шубҳа остига олди.

«Тараққий» газетасида эълон қилинган «Афсус» шеърида «Зулм кечаси ўтгани нақадар яхши», деб умид билдирди.

1915 йилда Нозимахонимнинг юзи очиқ бўлган аёллар фоҳишага тенглаштирилган «Хотин-қизларни пардада сақлаш ҳақида»ги шеърга жавоб тариқасида ёзилган шеъри чоп этилади. Унда, жумладан, қуйидаги сатрлар ўрин олган эди:

«
Етар, баским, биза беҳад бало санги насиб ўлди,
«Заифу нотавон»лар деб, биза қуллик насиб ўлди.
Ки ул зулматни тимсоли чодир-чиммат насиб ўлди,
Асрлар элтгон ул бидъат уйқусиндин уйғонинг!...

Етар бўҳтон, ҳақорат биз «заифу нотавон»ларга,
Жавоби лойиқи берсак, анингдек бадаволарга.
Илмдин бас, қанот айлаб, қилиб парвоз ҳаволарга,
Асрлар элтгон ул ғафлат уйқусидин уйғонинг!

»
реклама
реклама
Нозимахонимнинг ижод намуналари бир қанча жадид нашрларида чоп этилган. Бироқ 20 дан сал кўпроқ мисраси сақланиб қолган, деб ёзади Бегали Қосимов.

Нозимахоним журналистлик фаолияти билан бир қаторда отин (қизларга дарс берган муаллимлар, Қуръон қориялари деб аталадиганлар — таҳр.) ҳам эди. Шоира ва публицист бор-йўғи 54 йил умр кечирган.
Собира Холдорова
1907 йилда туғилган. Вафот этган йили номаълум.
Журналист маълумотига эга илк аёл
Собира Холдорова Нозимахонимдан фарқли ўлароқ, профессионал журналистик таълим олди. Ўзбек миллий матбуотига асос солган жадидчиларнинг аксарияти публицистика фанидан чуқур билимга эга эмас эдилар, бироқ шогирдлари, жумладан, Холдорова ҳақида бундай деб бўлмайди.

Чустда таваллуд топган Собира 13 ёшида болалар уйига тушиб, олти ойда саводхонлик курсини тамомлайди. Орадан бир йил ўтгач, Собира паранжи кийиб, Қўқон маҳаллаларида дарс бера бошлайди. 1923-1925 йилларда «Хотин-қизлар билим юрти» институтида педагогика курсларида таҳсил олади. Собира Холдорова советларнинг «Янги йўл» газетаси муҳаррирларидан бирига айланганида эндигина 17 ёшда эди.
1924 йил 3 ноябрда эски Тошкентда аёлларнинг тенгсизликка қарши намойиши бўлиб ўтади. Ўша куни Собира Холдорова намойишкорона рўмолини ечади ва Коммунистик партияга аъзо бўлади. Бу кун нафақат оммавий норозилик, балки унинг тўй куни сифатида ҳам эсда қолади. Собира ўз даврининг зиёлиси Саидаҳмад Назаровга турмушга чиқади. Тўй интернационализм руҳида ўтади.

Шу лаҳзалардан Собира Холдорованинг карьераси юқорилашни бошлайди. У кундузи нашрда ишлаган, кечқурунлари дарс берган. Социализм руҳида чиққан «Янги йўл» газетаси учун Холдорова қизлар ва қизларнинг таълим-тарбияси, паранжидан воз кечиш, ишга бориш, консерватив қарашларга қарши кураш ҳақида ёзган.

1926 йилда Собира журналистика бўйича ўқиш ва тажриба орттириш зарурлигини сезади. Ўша вақтларда Ўзбекистон Компартияси ва Марказий Қўмитаси 23 ва ундан катта ёшдаги ёшлардан иборат делегацияни Москвага ўқишга юбориш масаласини кўриб чиқаётган эди. Аксига олиб, Собира эндигина 20 ёшга тўлган эди. Унинг устига қўлида икки ёшли ўғли ҳам бор эди. Коммунистик партия истисно қилиб, Холдоровани Москвага Давлат журналистика институтига ўқишга юборди. У ўғлини қайнонасига қолдирди, турмуш ўртоғи ҳам у билан кетди.

Собира ўз хотираларида Москвага борганини шундай тасвирлаган:

«
«Надежда Крупская (давлат ва маданият арбоби, Владимир Лениннинг рафиқаси — таҳр.) мен билан учрашиб, ўғлимни Ўзбекистонда қолдирганимни билгач, мендан сўради: “Энди бу ердан қочиб кетмайсизми? Русча-ўзбекча аралаштириб, олий маълумотсиз Москвадан кетмайман, деб жавоб бердим».

»

Собира Холдорова Ўзбекистон ССРда журналистика бўйича таълим олган биринчи аёл бўлди.

1920 йилларнинг охири — 30-йилларнинг бошлари Холдорованинг карьера ўсишини белгилаб берди. Ўзбекистонга қайтгач, «Янги йўл» газетасининг бош муҳаррири бўлди ва Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этди. 1930 йилда у Марказий Қўмита раисининг Оммавий ташвиқот бўйича ўринбосари, аёллар ва қизлар билан ишлаш сектори мудири этиб тайинланди.

Ўзбек зиёлиларининг бошқа вакиллари қатори Собира Холдоровага бўлган муносабат ҳам 1936 йилда ўзгарди. Орадан бир йил ўтиб, Собира онаси ва икки фарзанди — 12 ёшли ўғли ва 5 ёшли қизи билан икки соат ичида зарур нарсаларни йиғиб, уйларини тарк этишди ва кичик бир квартирага кўчиб ўтишди. Орадан бир неча кун ўтиб, уларнинг хонадонлари эшиги олдида «Черный воронок» («Қора қарға») машинаси пайдо бўлиб, Собирани болалари билан бирга олиб кетди. Журналист «синфий онгни йўқотиш ва интеллектуал инқилобий ҳаракатга алоқадорликда» айбланган, деб ёзади Марҳамат Алимова. Собира кейинги йилларини қамоқда, Сибирда сургунда ўтказди ва у ерда қизини тарбиялади. Ўғлининг тақдири номаълум.

Собира Холдорова 1950 йилларда оқланади. Ватанга қайтгач, унга икки хонали квартира берилади, матбуотга ишга қайтади.
Башорат Мирбобоева
(1916–2010)
биринчи ўзбек машинист аёли, парашютда сакраган илк аёл
Башорат Мирбобоева ҳақида жуда кам нарса маълум. У «Огонёк» («Аланга») журналидаги мақоладан сўнг юлдуз бўлиб порлади. Фотосуратли янгилик 1951 йилда нашр этилган. Расмда профессионал машинист формасини кийган Башорат жилмайиб турибди. Ортида эса иккита темир йўл вагони турибди.

Башорат Мирбобоева Верний (ҳозирги Олмаота — таҳр.) шаҳрида туғилган. Унинг қандай қилиб Ўзбекистонга кўчиб келгани номаълум, бироқ 1937 йилда машинист бўлиб ишлай бошлаган ва Ўзбекистонда бу касбни эгаллаган биринчи аёл бўлган. Унинг устози совет учувчиси Абдусамат Тайметов эди.
Башорат Мирбобоева 25 ёшда
Фото: Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви
1941 йилда Башорат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни фронт ҳудудига етказиб бера бошлади.
1941 йил 29 декабрда Мирбобоева Ўзбекистон ССР ҳукумати раҳбари Йўлдош Охунбобоев билан бирга делегацияни Жануби-ғарбий фронтга етказди. Кейинчалик у СССРда хизмат кўрсатган темир йўл ходимаси, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходимаси унвонларига сазовор бўлди.

Урушдан кейин СССР ва ЎзССР Олий Кенгаши депутати бўлди. Башорат Мирбобоева 94 ёшида вафот этди.
Зулфия Умидова
(1897–1980)
биринчи аёл шифокор, тиббиёт фанлари доктори
Зулфия Умидованинг шогирдлари ва издошлари шифокор 1946-1969 йилларда раҳбарлик қилган Госпиталь терапевтик поликлиникасида намунали тартиб, интизом ва озодалик ҳукм сурганини эслайдилар.

Зулфия Ибрагимовна 1897 йилда Тошкент шаҳрида ҳарбий хизматчи оиласида туғилган. Октябрь инқилоби йилида Петроград аёллар тиббиёт институтида ўқишни бошлади, аммо унинг қандай қилиб Санкт-Петербургга кўчиб ўтгани номаълум. 1918-1920 йилларда Тошкентдаги Қизил армия сафида эвакуация госпиталида ишлаган.
реклама
реклама
Зулфия Умидова бутун умр илм ва амалиётни уйғунлаштирган. 1922 йилда Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг даволаш факультетини тугатиб, Тошкент тиббиёт институтига ишга киради. Ассистентликдан тиббиёт фанлари доктори даражасига кўтарилади.

Зулфия Ўзбекистон ССРда юрак-қон томир касалликларининг тарқалиш хусусиятларини биринчилардан бўлиб ўрганди. Олим докторлик диссертациясида Тошкентнинг иссиқ иқлимининг инсон юрак-қон томир тизимига таъсири ва миокард инфаркти клиникаси хусусиятларини ўрганган. 1966 йилдаги воқеа уни зилзиланинг гипертоник касалликлар кечишига таъсирини ўрганишга ундади.
Илмий фаолияти давомида доктор 80 та мақола ёзган, 32 та номзодлик ва 3 та докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилган.
Ёдгор Насриддинова
(1920–2006)
Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси
1970 йилларда Ёдгор Насриддинова мамлакатда Шароф Рашидовдан кейинги иккинчи шахс бўлган, бироқ сиёсий интригалар ва «Пахта иши» туфайли сиёсатчининг карьераси қанчалик тез суръатларда ўсган бўлса, шунча тез қулади.

Ёдгор етим бўлиб туғилгани учун шундай исмни олган. Отаси — юк ташувчи — ўпка шамоллаши туфайли оламдан ўтганида қиз ҳали онасининг қорнида эди. Ёдгор (Қўқонда) туғилганда онаси эндигина 13 ёшда эди. Биринчи эри вафотидан кейин у иккинчи марта турмушга чиқади. Эри гиёҳванд бўлиб қолади. 2005 йилда берган интервьюсида Ёдгор бир куни ўгай отаси уни қўлидан ушлаб, ташқарига олиб чиққани ва йўл четида ёлғиз ташлаб кетганини эслайди. Шундай қилиб, у бегона инсонларнинг уйига тушиб қолади. Ўшанда у 6 ёшда эди.

«
11 ёшимгача қўлдан-қўлга ўтиб кетдим: бир оила олиб кетар, кейин бошқаси.

2005 йилдаги интервьюдан.

»
1931 йил Ёдгор учун бурилиш даври бўлди. У Қўқондаги биринчи меҳрибонлик уйига тайинланган ва у ерда қизалоқ ўқиш имкониятига эга бўлади. 1936 йилда Тошкент темир йўл транспорти институтининг ишчи факультетига ўқишга киради. ОТМни тамомлашидан олдин Ёдгор Сталин стипендиясини олади.

Талабалик йилларида Катта Фарғона канали, Каттақўрғон сув омбори, Тошкент-Ангрен темир йўли қурилишида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ёдгор ушбу муассасаларда раҳбарлик лавозимида ишлаган ягона аёл эди. Бу ерда у Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Усмон Юсупов билан учрашди ва уни Тошкентга Ленин Коммунистик Ёшлар Иттифоқи Марказий Қўмитаси котиби лавозимига ўтказди.
Ёдгор Насриддинова ва Шараф Рашидов ҳайкал пойига гул қўйишди, 1970 йил
Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари Миллий архиви.
Кейинги йилларда Ёдгор меҳрибонлик уйлари очди, эвакуация қилинганларни жойлаштирди, овқатлантирди, кийинтирди, ташкилотчилик қобилияти билан эркак ҳамкасбларини лол қолдирди. 1959 йилда Шараф Рашидов ўрнига Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиуми раиси этиб тайинланди. У Ўзбекистонда бундай лавозимни эгаллаган биринчи ва ягона аёл бўлди. Ёдгор Насриддинова ўз ишига шу қадар уста эдики, ҳатто бир марта Рашидов шундай деган: «Биз, эркаклар, бу масалани ҳал қила олмаймиз. Ёдгор Содиқовнага ишониб топширинг».

«Қайта қуриш» Ёдгорни ҳаётий қадриятларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Унга нисбатан порахўрлик иши очилиб, 2,5 йил давомида сўроқ қилинган. 1988 йилда «Известия» газетаси «Пахта иши» фонида Аркадий Сахниннинг Ёдгор Насриддинованинг порахўрлик ва фирибгарлиги ҳақидаги «Коррупция» номли мақоласи мақоласини чоп этди. Мақолада сиёсатчи амнистия тўғрисидаги ишлар бўйича 23 млн рубль эвазига пора олгани айтилган.
Орадан бир йил ўтиб Ёдгорга жиноят таркиби йўқлиги сабабли иш тўхтатилгани ҳақида хат келади. Тергов жараёнида у бир неча бор миокард инфарктини бошдан кечирди, қизи оғир қон томир касаллиги билан реанимацияга ётқизилди, ўғли эса туҳматга чидай олмай 42 ёшида вафот этди.

Шундан сўнг Ёдгорга хатлар ёғди, уларда одамлар сохта хатларга имзо чекишга мажбур бўлганликларини тан олишди. Шулардан бирига кўра, ИИВ ходимлари профессор Гули Сулаймоновага оила аъзоларининг соғлиғи билан таҳдид қилгани айтилади.

Ёдгор Насриддинова «Известия»да чоп этилган жавоб хатида шундай ёзади: «Карьерамга, бошимдан ёғдиришган мукофот ва шарафларига лаънатлар бўлсин». Ўзбекистонлик сиёсатчи 2006 йилда Москвада вафот этган.
Неля Атауллаева
(1931–1974)
биринчи аёл ҳужжатли фильм режиссёри, актриса
«У ҳар доим янада қизиқроқ кадрларни қидирарди. Бунинг учун у қурилиш кранига чиқар, ўтиб бўлмайдиган жарликларга тушарди. У доим ғайриоддий нарсаларни суратга олишга, кадрга поэтик ечим топишга муваффақ бўларди». Режиссёр Мастура Исхоқова «Тошкент ҳақида мактублар»да чоп этилган деярли ягона таржимаи ҳолида Неля Атауллаеванинг ижодга меҳрини шундай тасвирлаган.

Неля Атауллаева Тошкентда туғилиб ўсган. Унинг онаси мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган, отаси эса таълим соҳасида давлат лавозимларида меҳнат қилган. 1937 йилда, Сталин қатағонлари даврида оила қаттиқ зарбага учради: Нелянинг отаси НКВД томонидан хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган. У Неля билан синглисини охирги марта қучоқлаб, тез орада қайтишга ваъда беради. Бироқ ваъдасини бажара олмади. 1957 йилда оилага унинг отиб ташлангани ҳақида хат келади.

Отаси ҳибсга олинганидан кейин Нели оиласи доимий равишда кўчиб юришди. Совуқ кунларда оталаридан қолган китобларни ўқиб исинишди. Шундай кунларнинг бирида Неля қатъият билан актриса бўлмоқчилигини эълон қилди. 1953 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтига ўқишга кирди. Талабалик йилларида у тўртта фильмда, жумладан, «Янги ҳовли», «Ошиқлар» фильмларида суратга тушган.
Нели Атауллаева иштирокидаги «Амирликнинг қулаши» бадиий фильмидан кадр, 1955 йил
Фото: «Кино-Театр.ру».
1956 йилда у Бутунроссия давлат кинематография университетининг (ВГИК) режиссёрлик бўлимига ўқишга кирди. Университет учун танлов ҳар бир ўринга 100 кишидан иборат эди, деб ёзади Мастура Исхоқова. Шундай қилиб, Неля Атауллаева ўз фаолиятини ҳужжатли фильм режиссёри сифатида бошлади.

Унинг илк фильми аёлларга бағишланган: шоира Зулфия, профессор Ирина Райкова, тиббиёт фанлари доктори Зулфия Умидова ва машинист Башорат Мирбобаева. Фаолияти давомида у 20 га яқин ҳужжатли фильмлар суратга олган.
Нели Атауллаева иштирокидаги «Амирликнинг қулаши» бадиий фильмидан кадр, 1955 йил
Фото: «Кино-Театр.ру».
1974 йилнинг баҳорида Нели Атауллева Ўзбекистон ташкил топганининг 50 йиллигига бағишлаб ҳужжатли фильм суратга олди. Бухорода суратга олиш пайтида у қаттиқ шамоллаб қолди. Синов натижалари ўпка саратонини кўрсатди. Тошкент ва Москвадаги энг яхши шифокорлар аёлга ёрдам бера олмадилар, чунки касаллик жуда кеч аниқланганди.

Ҳужжатли кино ижодкори 1974 йил 27 июлда вафот этди. У сўнгги нафасини отасига бағишлади ва бор кучини тўплаб: «Дада ...», деди.


Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Санжар Саид рус тилидан таржима қилди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг