4 март куни Сурхон давлат қўриқхонасида «Қизил китоб»га киритилган морхўр ноқонуний овланди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, қўриқхонанинг асосий майдонига 3 фуқаро ноқонуний равишда кирган. Ҳолат юзасидан рейд гуруҳи тузилиб, ҳудудда кузатув ишлари олиб борилган.

Ишлар давомида қўриқхонага яқин ҳудудда ҳаракатланиб кетаётган Nexia-2 тўхтатилиб, юкхонаси кўздан кечирилганда бир бош бурама шохли эчки (морхўр)нинг гўшти бўлакланган ҳолда олиб кетилаётгани, машина Шеробод тумани «Вандоб» маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Б.га тегишли экани аниқланди.

Суриштирув ишлари давомида «Вандоб» маҳалласида яшовчи Ш. А. ва Ангор туманида яшовчи фуқаро И.Ў. қонунга хилоф равишда қўриқхонанинг Вандоб бўлими Дарайғулсой массивидан овчилик рухсатномаси бўлмаган IJ-17−32 калибрли бир стволли ов милтиғи ва 1 дона пневматик қурол билан «Қизил китоб»га киритилган 1 бош морхўрни отиб нобуд қилгани маълум бўлди.

сурхондарё, морхўр, «Қизил китоб», жиноий жавобгарлик

Шунингдек, овланган морхўр гўшти ҳамда 8 дона отилмаган ва 4 дона ишлатилган — жами 11 дона ов милтиғи ўқлари ашёвий далил сифатида олинди.

Овчиларнинг ёввойи ҳайвонот дунёсига келтирган зарари 180 миллион сўмни ташкил этди.

Маълумот учун, морхўр (Capra falconeri) — Ўзбекистон ва халқаро «Қизил китоб»ига киритилган, тоғ эчкилари уруғига мансуб ноёб ҳайвон тури ҳисобланади. Мазкур ҳайвон турини нобуд қилиш Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Сурхондарё вилоят прокуратурасига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.