Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни бўлиб ўтган Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда нутқида мамлакат аёлларини ушбу байрам билан табриклади.

«Қадрли опа-сингиллар! Биз эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ мамлакатни барпо этишда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини албатта юксак қадрлаймиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Президент ҳозирда аёлларнинг улуши тиббиётда — 77 фоизни, таълим соҳасида — 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида эса 46 фоизни ташкил этаётганини қайд этди.

Агар 2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан — 47 фоизга, тадбиркорликда 21 фоиздан — 37 фоизга етди. 2 минг нафарга яқи аёллар давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатларининг 25 фоизи хотин-қизларни ташкил этмоқда.

Шавкат Мирзиёев мамлакатда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилаётганини айтиб ўтди.

Шу мақсадда ўтган йили 872 мингдан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 233 мингдан кўпроқ аёлларга 4 триллион 700 миллиард сўм кредит ажратилди. 252 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.

«Хабарингиз бор, биз халқимиз, айниқса, опа-сингилларимизни кўпдан буён қийнаб келган уй-жой муаммосини ечиш мақсадида катта дастурларни амалга оширмоқдамиз. Агар 2017 йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 8 минг квартирали 191 та кўп қаватли уй-жой қурилган бўлса, ўтган йили — шунга эътибор беришингизни сўрайман — 56 минг квартирали 1433 та уй-жой барпо этилди. Жорий йилда эса яна 90 минг хонадон учун турар-жойлар қурилади», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

Ўтган йили 14 мингга яқин аёлларнинг уй-жой шароити яхшиланди, қарийб 7 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди. «Аёллар дафтари»даги 642 минг нафар хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўтган йили 9 млн нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 3 млн дан зиёди амбулатор, 347 минг нафари эса стационар шароитда даволанди.

«Юртимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мутафаккир жадид бобомиз Абдурауф Фитрат таъбири билан айтганда, „Оналар — бутун башариятнинг тарбиячиларидир“. Дарҳақиқат, оилада бир нафар қиз ўқиб, олий маълумотга, замонавий касб-ҳунарга эга бўлса, хонадондаги муҳит бутунлай ўзгаради. Биз шу мақсадда хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим дастурни қабул қилдик», — деди давлат раҳбари.

Президент қиёслаш учун мисоллар келтирди. Агар бундан 6 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 минг нафарни ташкил этмоқда. Шу тариқа бугунги кунда олий таълим олаётган талабалар орасида қизларнинг улуши 50 фоизга етгани тарихда мисли кўрилмаган натижадир.

Янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизлар учун 68 млрд сўмдан зиёд контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди. 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизларга 727 млрд сўмга яқин фоизсиз таълим кредити ажратилди.

Эҳтиёжманд оилаларда яшаётган қарийб 2 минг нафар қизлар, шунингдек, мутахассислиги бўйича беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган 500 нафардан ортиқ хотин-қизлар олийгоҳларга алоҳида квота асосида ўқишга қабул қилинди.

«Олийгоҳларда таҳсил олаётган хотин-қизларимиз орасидан илм-фан, сиёсат ва жамоат арбоблари, машҳур маданият ва санъат, спорт намояндалари етишиб чиқади, деб ишонаман», — дейилади табрикда.

«Биз Ўзбекистонда қандай қонун ва қарорларни қабул қилмайлик, қандай ислоҳотларни ҳаётга жорий этмайлик, давлат раҳбари сифатида менинг кўз ўнгимда аввало мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимиз сиймоси, уларнинг дарду ташвишлари туради. Сиз, азизларимнинг оила даврасида тинч-омон, соғ-саломат, фаровон ва бахтли турмуш кечиришингиз, жамият ҳаётида фаол иштирок этишингиз учун хизмат қилишни мен ўзим учун нафақат асосий вазифа, балки шарафли бурч, деб биламан. Чунки оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз ҳаётдан рози бўлса, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлади. Халқ рози бўлса, Яратганимиз ҳам биздан рози бўлади», — дея таъкидлади президент ўз нутқида.