«Газпром» Марказий Осиё орқали Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини йилига 20 миллиард куб метргача ошириши мумкин, деб хабар берди Spot «ТАСС»га таяниб.

«Шу йил охиригача „Газпром“ Ўзбекистон ва Қозоғистонга 10 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича келишиб олишини кутилмоқда, шундан 4−6 миллиард куб метри Хитой учун транзит газ бўлади. Бизнинг фикримизча, „Марказий Осиё — Марказ“ газ қувури инфратузилмасини у орқали йилига 20−25 миллиард куб метр газ етказиб бериш учун янгилаш яна бир йилга чўзилиши мумкин», — дейилади экспертлар ҳисоботида.

Бундан ташқари, «Газпром» Ўзбекистон орқали Хитойга 10 миллиард куб метргача газ экспорт қилиши мумкин. Бу йўналишнинг афзаллиги шундаки, Ўзбекистон газ транспорти тизими Марказий Осиё — Хитой газ қувурига уланган. Бундан ташқари, газ етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари тузилиб, инфратузилма барпо этилган.

Россия давлат корпорациясининг газ экспорти бўйича режаларини амалга оширишдаги асосий тўсиқ 1960 йилларда қурилган «Марказий Осиё — Марказ» газ қувурининг ҳозирги ҳолати бўлиб, бу инфратузилмани модернизация қилиш учун қўшимча сармояларни талаб қилиши мумкин.

Бундан ташқари, таҳлилчиларнинг қайд этишича, Қозоғистон ўзининг газ узатиш қувватига қўшилиш эвазига Россиядан импорт қилинадиган газ учун жуда паст нархларни талаб қилиши мумкин.

Аввалроқ, Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси Россиядан «импорт қилинадиган табиий газ ҳажми ички транспортировка ҳажмларига аралашмаслиги учун» ўз инфратузилмасини тайёрлаётгани хабар қилинганди.