Таълим вазири Гани Бейсембаев Қозоғистонда коррупционерлардан мусодара қилинган пулларга 2023 йилда 70 та мактаб қурилишини маълум қилди, деб хабар берди Tengrinews.

«Бу йил 70 дан ортиқ мактаб коррупционерлар пулига қурилади. Бизда бу бўйича ҳужжатлар ва шакллантирилган рўйхат бор. Шун кунларда бу рўйхат тасдиқланиб, мактаблар қурилиши учун маблағ ажратиш бошланади. Жараён деярли барча — 20 та регионни қамраб олади», — деди вазир ҳукумат мажлисида журналистлар саволларига жавоб берар экан.

Вазирнинг таъкидлашича, лойиҳада нафақат янги мактабларни қуриш, балки мавжудларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, коррупция содир этган амалдорлардан мусодара қилинган 120 миллиард тенге Молия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Аввалроқ Қосим-Жомарт Тоқаев халққа мурожаатномасида коррупционерлардан олиб қўйилган пуллар мактаблар қуришга йўналтирилишини айтганди. «Умуман олганда, мактаблар қуриш ҳукумат ва ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак», — деган президент.