6 март куни Қамчиқ довонида тупроқ-лой кўчкиси содир бўлди, деб хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, соат 20:17 да А-373 автомобиль йўлининг водий-Тошкент йўналишида 70 метр куб тупроқ-лой кўчкиси ҳодисаси содир бўлиб, йўлнинг 2- ва 3-тасмасига қисман тушиши кузатилган.

Воқеа жойига «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари етиб бориб, «Қамчиқавтойўл» ИЙФУК ходимлари билан ҳамкорликда йўлни тупроқ-лой массасидан тозалаш ишларини амалга оширди ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракати таъминланди.

«Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 6−10 мартда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлиги хабар қилинган.