Ўзгидромет хизмати агентлиги ҳафта давомида — 6−10 март кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Душанба куни Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек куннинг биринчи ярмида марказий вилоятларнинг айрим жойларида ва республиканинг энг чека жанубида ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.

Қолган ҳудудлар бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кундузги ҳарорат +17…+22 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +23 даражагача бўлади.

7 мартда мамлакат ҳудудга Туркманистон ҳудудларидан қуруқ ва жуда илиқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, кундузги ҳаво ҳарорати +25…+28 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +30 даражагача кўтарилади.

8 ва 10 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. 9 мартда ёғингарчилик кутилмайди. 8 мартда кундузги ҳарорат +15…+18 даражагача пасаяди, 9−10 мартда ҳарорат яна кўтарила бошлайди ва 10 мартга келиб, +21…+26 даражани ташкил этади.

6−9 мартда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. 7 мартда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида шамол 22−25 м/с гача кучайиши мумкин.

6−10 мартда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда душанба кунининг биринчи ярмида, 8 мартда кун давомида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 7−9 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади.

Кундуз куни ҳаво ҳарорати +19…+21 даражани ташкил этади, эртага ҳаво +25…+27 даражагача исийди, 8−9 март кунлари +17…+19 даража бўлади.