Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 74 йиллик тарихга эга марказий кутубхона фаолияти тугатилаётгани, бино кимошди савдосида сотиб юборилгани, у ердаги ходимлар ишсиз қолгани ҳақида мурожаат эълон қилинди.

Анастасия Павленконинг ёзишича, кутубхона 1991 йилда 50 минг жилдли илмий-техникавий, тарихий, бадиий ва бошқа адабиётлардан иборат фондга эга бўлган. Ҳозирга келиб, 17 минг китоб макулатурага, қолгани эса Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университетига юборилган.

кутубхона, самарқанд

кутубхона, самарқанд

«Макулатурага юбориладиган китоблар нафақат ижтимоий-сиёсий характердаги китоблар, балки рус ва ўзбек тилидаги техник мутахассисликлар, математика, физика, география, биология фанларига оид юзлаб қимматли китобларни шунчаки чиқариб ташланмоқда, уларнинг биргина айби 1976 йилгача чоп этилгани! Ўзи бутун дунёда китоб қанча қадимлашса, шунча қадри юқорилашиши, уни янада кўпроқ авайлаб сақланиши сир эмас, бизда эса шунчаки бундай бойликларни йўқ қилиб қўяқоламиз. Энди шунча китоб фондилик Булунғур марказий кутубхонаси йўқотилгач, ундаги 5 ходим ҳам ишсиз қолади, масъуллар эса туманга 13 минг китоб фондилик ахборот ресурс база билан халқи овутишмоқчи, 13 минглик АРМ қаердаю, 74 йиллик марказий кутубхона қаерда?» — деб ёзади Республика таълим маркази директор ўринбосари, блогер Исроил Тиллабоев.

Педагог, шунингдек, кутубхоналарни бузишга, тугатишга, тадбиркорга бериб юборишга мораторий жорий этишни сўради.

Kun.uz хабарига кўра, ушбу кутубхона 2006 йил 20 июндаги президент қарори, Самарқанд вилояти ҳокимининг 2006 йил 26 июндаги ва Булунғур тумани ҳокимининг 2006 йил 21 августдаги қарорларига асосан Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети балансига бепул ўтказиб берилган.

кутубхона, самарқанд

кутубхона, самарқанд

Кутубхона биноси е-auksion.uz сайти орқали 4777030-сонли лот билан савдога қўйилган ва 2023 йилнинг 16 февралида 996 126 400 сўмга сотилган.

Туман ҳокимлиги университетга кутубхонани туман ҳудудида сақлаб қолиш таклифини берганини айтмоқда. Бироқ олийгоҳ маъмурияти мазкур филиални институт ҳудудида қайта ташкил қилиб, кутубхона ходимларининг бандлигини таъминлашни маълум қилган. Туман ҳудудидан ижара асосида бино ажратиш таклифи берилганда институт ижара ҳақини тўлаб бериш имкони йўқлигини билдирган.

Университет муносабати

Қайд этилишича, Булунғур туманида жойлашган АРМ филиали ҳақиқатан ҳам яқингача СамДАҚУ ҳисобида бўлган.

Бир қаватдан иборат филиал биноси асосий деворлари хом ғиштдан қурилгани, бино пойдеворлари чўккани, том ёпмалари яроқсиз ҳолатга келгани, пол ва шифтларнинг, шунингдек, эшик ва ромлар ҳам тўлиқ таъмирталаблиги, фойдаланиш муддати тугагани, бино яроқсиз ҳолатга келгани, иситиш тизими ҳам қониқарсизлиги, мавжуд бинони капитал таъмирлаш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги тегишли ташкилотларнинг хулосаси берилган.

Юқоридаги хулосаларга таяниб, университет раҳбарияти томонидан филиал биносини давлат-хусусий шерикчилик асосида қайта қуриш мақсадида юқори турувчи ташкилотларга расмий хатлар билан мурожаат этилган.

Ушбу бинонинг ҳолати қониқарсиз эканлиги шу кунга қадар ОАВ вакиллари томонидан ҳам бир неча бор ёритилган.

Бугунги кунда филиал биноси университет балансидан чиқарилган. Маъмурият туман ҳокимиятидан китобларни сақлаш ва Булунғур аҳолиси ушбу китоблардан фойдаланишлари учун туман ҳокимиятидан амалий ёрдам сўраган. Филиалдаги бино хоналарининг намлиги ўқув адабиётларни сақлаш ҳолатига жавоб бермаслиги туфайли туманда ахборот-коммуникациялар маркази қурилгунга қадар адабиётлар вақтинча туман тасарруфидаги бошқа бинога кўчирилмоқда.

Филиал фондида жами китоблар сони 30 242 дона бўлиб, шундан янги китоблар сони 1141 донани ташкил этади. Ҳозирда адабиётлар инвентаризация қилинмоқда. Мавжуд китобларнинг ҳеч қайси макулатурага топширилмайди. СамДАҚУ барча адабиётлар сақлаб қолинишини кафолатлайди.

Шунингдек, Булунғур АРМ филиалида шу кунга қадар 5 нафар (штат бўйича) кутубхоначи, 1 нафар фаррош, 1 нафар дурадгор, 3 нафар қоровул фаолият юритиб келган. Барча ходимларнинг штатлари сақланган, ходимлар ўз ишини йўқотмаган.

Эслатиб ўтамиз, Андижоннинг Марҳамат туманидаги «Келажак нури» кутубхонаси электрдан қарздорлиги кўпайиб кетгани учун ёпилгани айтилганди. Ҳокимлик вақтинча ёпилишга ёғингарчилик сабабли бино томи таъмирталаб ҳолга келгани, ҳозирда ишлар олиб борилаётганини маълум қилган.