2 март куни Адлия вазирлигида ҳайдовчилар тайёрловчи таълим ташкилотлари ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни тартибга солувчи [рўйхат рақами 3421] низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.

Низомга кўра, ҳар 3 йилда бир марта автомактаб ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчилари шартнома асосида Ички ишлар вазирлиги Академиясида қайта тайёрланади ва малакасини оширади. Бунда тингловчилар асосий иш жойидан ажралган ҳолда ўқитилади. Ўқув жараёнида бир гуруҳда 25 нафардан ортиқ тингловчи қатнашмайди.

Мазкур курсларда ўқиш учун талабгорлар Академиянинг расмий веб-сайти орқали ариза билан мурожаат қилади. Ариза келиб тушган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилиб, камчиликлар аниқланмаган тақдирда Академия ва талабгор ўртасида шартнома тузилади.

Тўлов миқдорлари:

  • ҳайдовчи-йўриқчиларни қайта тайёрлаш, шунингдек малакасини ошириш курсларининг ҳар бири учун — БҲМнинг 4,5 баравари (1 млн 350 минг сўм);
  • ўқитувчиларни қайта тайёрлаш курси учун — БҲМнинг 4 баравари (1,2 млн сўм), уларнинг малакасини ошириш курси учун — БҲМнинг 7 баравари (2,1 млн сўм).

Тингловчиларга уларнинг ўқув жараёнида иштирокини таъминлаш ҳамда ўқув дастурларини ўзлаштиришда тьютор (ўқитувчи-консультант) ёрдамлашади.

Spot`нинг ёзишича, ўқитувчилар ва ҳайдовчи-инструкторлар учун қайта тайёрлаш курсларининг давомийлиги 72 та ўқув соатини (2 ҳафта) ташкил этади. Инструкторлар 90 соат (2,5 ҳафта), ўқитувчилар 144 соат (4 ҳафта) малака оширишдан ўтади.

Қайта тайёрлаш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчига диплом, малака ошириш курсини тамомлаган тингловчига эса сертификат берилади.