Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасида пойтахт ички ишлар органлари ходимлари ҳамда шаҳар ва туман халқ таълими бошқармалари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда болалар ўғирланиши ҳақидаги фейк хабарлар муҳокама қилинди, деб хабар қилди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

ИИББ маълумотларига кўра, йил бошидан бери болаларни ўғирлашга уриниш бўйича 6 та хабар келиб тушган, бироқ уларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.

«Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг сўзларига кўра, сўнгги 5 йил давомида пойтахтда болалар ўғирлиги факти бўйича бирорта ҳам жиноят иши қўзғатилгани йўқ», — дейилади хабарда.

Ички ишлар бош бошқармаси «ота-оналар ташвишланишининг олдини олиш ва болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» Тошкент шаҳридаги барча мактабларга ички ишлар органлари ходимлари бириктирилганини маълум қилди. Мактаблар атрофидаги ҳудудлар, айниқса, қоронғи кўчаларда мунтазам патруль хизмати ташкил этилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эрталаб соат 7:00 дан ва кундузи мактаб ҳудудида бўлиб, таълим муассасаларидаги вазиятни назорат қилади. Патруль хизмати ходимлари кундузи мактаблар атрофидаги кўчаларда патруллик хизматини олиб боради.

Мактабларда ишлайдиган психологик-инспекторлар ҳар бир синфнинг ота-оналари билан боғланиш учун мактабдаги барча Telegram гуруҳларига қўшилади, бунинг натижасида ота-оналар ҳар қандай шубҳали хабарлар бўйича улардан тўғридан-тўғри маълумот олишлари мумкин бўлади.

31 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан бери болаларга нисбатан зўравонлик, уларни ўғирлаш каби ҳолатлар жамоатчилик эътибор марказида турибди.