Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда 5 йил иш тажрибасига эга бўлган аёллар олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Вазирлик хабарларнинг асоссизлигини билдириб, камида 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларни ОТМга имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилиш бўйича тартиб мавжуд эмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги 322-сон қарорига мувофиқ мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тасдиқланган. Мазкур тартиб 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этилган бўлиб, ушбу тоифадаги хотин-қизларга жами алоҳида 500 та базавий тўлов-контракт асосидаги қўшимча қабул параметрлари олий таълим муассасалари кесимида ажратилди.

«Ушбу тоифадаги хотин-қизлар ажратилган қабул параметрларига танловларда иштирок этишлари учун дастлаб Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тегишли тавсияномасига эга бўлишлари лозим. Сўнг тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун танловлар умумий тартибда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синови, касбий (ижодий) имтиҳон) доирасида ўтказилади», — дейилади ахборотда.

Имтиҳонда энг юқори балнинг камида 30 фоизини тўплаб, аммо талабаликка тавсия этилмаган хотин-қизлар 500 та базавий тўлов-контракт асосидаги қўшимча алоҳида қабул параметрлари доирасида, баллар кетма-кетлиги бўйича танловда қатнашади.

2023/2024-ўқув йилида ҳам камида 5 йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар мазкур тартибга мувофиқ кириш имтиҳонлари натижаларига кўра танлов асосида ўқишга қабул қилинади.