24 февраль тунги соат 03:00 атрофида Тўрткўл туманидаги «Калтаминор-1» хонадонлараро каналининг ўнг қирғоғи (дамбаси)дан сув чиқиб кетиши оқибатида уйлар ва экин майдонларини сув босгани хабар қилинганди. Қорақалпоғистон прокуратураси ҳолат юзасидан қатор мансабдорларга жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Тошқин оқибатида шу ҳудудда яшовчи 7 нафар фуқаронинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик иншоотларига зарар етган. Сув тошқини жараёнида жароҳатланган фуқаролар бўлмаган. ФВВ томонидан шу куни соат 07:00 га қадар сув тошқини бартараф этилиб, тўпланиб қолган сувдан ҳовли ер майдонлари тозаланган.

Ҳодиса жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ҳамда республика прокуратураси масъуллари етиб бориб, вазият жойида ўрганилиб, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳудудий сектор раҳбарлари ҳамда бошқа масъулларга тегишли топшириқлар берилган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тўрткўл туман прокуратураси томонидан «Пахта арна найман» ирригация тармоқлари бошқармаси ва Тўрткўл туман Ирригация бўлими мансабдор шахслари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 203-моддаси (Сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-моддаси (Ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.

жиноят иши, сув тошқини, тўрткўл, қорақалпоғистон

Жиноят иши доирасида фуқароларга етказилган зарарни аниқлаш юзасидан экспертиза тайинланган.

«Ҳозирда ҳодиса юз беришига сабабчи бўлган айбдорларни аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ сув босишига дастлабки тахмин сифатида канал ёқасидаги кемирувчилар уяси орқали ўпқон олиб, чиқиб кетгани сабаб қилиб келтирилганди. Каналда ўтган йилнинг куз фаслидан буён сув сатҳи ҳозиргидек кўтарилмагани, бу кемирувчиларнинг уя қуришига қулай шароит яратган бўлиши мумкинлиги айтилган.